toggle_night_mode
Ҳужжат 26.02.2019 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида
Республика тиббиёт муассасаларининг ташкилий-инфратузилмавий салоҳиятини такомиллаштириш, хорижий фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги 264-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 6-сон, 53-модда) билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларининг 20-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«20. Хорижий фуқаролар кўрсатилган тиббий хизматлар учун ҳақни белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлардан оширилган миқдорда рақобатбардош бозор нархларидан келиб чиқиб миллий валюта — «сўм»да тўлайдилар.
Хорижий фуқаролар учун тарифларнинг оширилган миқдори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда Марказлар томонидан белгиланади.
Бунда, хорижий фуқароларни даволаш муассасасига жалб қилишда воситачилик хизматларини амалга оширган юридик шахсларни рағбатлантириш шартномага мувофиқ оширилган тарифлар бўйича хорижий мижозларга тиббий хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар ҳисобига амалга оширилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 25 февраль,
168-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2019 й., 09/19/168/2667-сон)