Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
2. Қуйидагилар дастурларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
қурилиш ва реконструкция қилиш қисми бўйича — Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Инвестиция дастури, шунингдек, 2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (кейинги ўринларда «Ўзгидромет» деб аталади) учун назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
капитал таъмирлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш қисми бўйича — «Ўзгидромет»ни сақлаб туриш учун ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағлар, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг қарзлари ва грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. «Ўзгидромет» ушбу қарор билан тасдиқланган дастурлар доирасида бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги биноларни, иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ҳамда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш сифатига риоя этилиши устидан зарур давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзгидромет» буюртмалари бўйича янги гидрометорологик станция ва постлар қуриш учун белгиланган тартибда ер участкалари ажратилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси «Ўзгидромет»га 2019 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кузатув пунктларини жиҳозлаш дастурини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг беғараз техник кўмаги (грантлар) жалб қилинишига кўмаклашсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси «Ўзгидромет» буюртмаларига асосан ушбу қарорга 1-иловада назарда тутилган хорижда ишлаб чиқарилган мол-мулк ўз вақтида сотиб олинишини таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йуллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Т.А. Худайбергенов зиммасига юклансин.