toggle_night_mode
Ҳужжат 15.10.2018 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 19 февралдаги ПФ-5349-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 19 февралдаги ПҚ-3549-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантириш ва молиялаштириш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг кейинчалик ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган ҳудудий манзилли рўйхатларининг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича ҳудудий кенгашларни бир ҳафта муддатда 2-иловага мувофиқ таркибда шакллантирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Электрон ҳукумат, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 12 октябрь,
821-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 октябрдаги 821-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом белгиланган тартибда тасдиқланадиган устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари доирасида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ушбу Низомда қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:
устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхати — ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг ҳар йили ҳудудий кенгашлар томонидан тасдиқланадиган рўйхати;
лойиҳа — вақтинча ҳамда ресурслар чекланган шароитларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш соҳасида маҳсулот (товар, ишлар, хизматлар) яратишга йўналтирилган ўзаро боғланган тадбирлар комплекси ёки алоҳида тадбирлар;
лойиҳа ташаббускори — маҳаллий давлат ҳокимият органлари, вазирликлар ва идораларнинг мансуб ташкилотлари, шунингдек, ҳудудлардаги лойиҳани амалга оширишга инновацион таклифлар тақдим этган тадбиркорлик субъектлари (юридик шахслар);
Кейинги таҳрирга қаранг.
лойиҳани бажарувчи — лойиҳа ташаббускори томонидан, белгиланган тартибда конкурс ва тендер савдоларини ўтказиш йўли билан аниқланадиган юридик шахс;
ишчи орган — устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун лойиҳалар рўйхатини шакллантирадиган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг тегишли ҳудудий бошқармаси.
3. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ Схема бўйича шакллантирилади.
2-боб. Ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш мақсадлари ва тартиби
4. Қуйидагилар ҳудудларда устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш мақсадлари ҳисобланади:
ахборотлаштириш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантиришни молиялаштириш ёки лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган маблағларни самарали тақсимлаш ҳамда улардан фойдаланишни таъминлайдиган амалий механизмни жорий қилиш;
давлат органларининг манфаатлари йўлида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги энг муҳим ва устувор идоралараро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
«Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ва юридик ҳамда жисмоний шахсларга кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари сифатини оширишни таъминлайдиган лойиҳаларни биринчи навбатда молиялаштириш;
лойиҳаларни шакллантиришда ва молиялаштиришда шаффофликни таъминлаш.
5. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига қуйидаги йўналишлардаги лойиҳалар киритилади:
телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли мобил алоқа ҳамда Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни таъминлаш;
соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида замонавий ахборот тизимларини, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий қилиш, шунингдек, «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳарлар ва ҳудудларни ташкил қилиш;
давлат-хусусий шериклик асосида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, экспортга йўналтирилган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;
жойларда, айниқса, олис жойларда электрон давлат хизматларини тақдим этиш тизимини янада кенгайтириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникацияларини қўллаш соҳасида аҳоли саводхонлигини ошириш;
почта алоқаси соҳасини ва почта алоқаси миллий оператори бўлган «Ўзбекистон почтаси» АЖ фаолиятини такомиллаштириш.
6. Лойиҳани устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун юридик шахс-ташаббускорнинг раҳбари томонидан имзоланган ва муҳри билан тасдиқланган лойиҳа паспорти Ишчи органга тақдим этилади. Лойиҳа паспорти:
Кейинги таҳрирга қаранг.
лойиҳанинг мақсади ва вазифалари;
техник хусусиятини;
эришиладиган натижалар;
ташкилий тадбирлар кўлами ва самарадорлигини баҳолашни;
лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағларга бўлган эҳтиёж ва маблағ ҳажмини ўз ичига олади.
7. Ишчи орган лойиҳалар ташаббускорларининг тақдим этилган таклифлари асосида ҳудудий кенгаш мажлисларида кўриб чиқиш учун дастлабки рўйхатни тузади.
8. Қуйидагилар лойиҳанинг устуворлигини белгилашнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
лойиҳанинг ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатига мувофиқлиги;
дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимлари соҳасидаги маҳаллий ишланмалардан фойдаланиш даражаси;
кутиладиган натижаларнинг аҳамиятлилиги ва самарадорлиги;
лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятлилиги;
лойиҳанинг амалга оширишга тайёрлик даражаси (зарур инфратузилма, техник ҳужжатлар, техник ҳужжатлар бўйича ваколатли органлар эксперт хулосасининг мавжудлиги).
9. Аниқ бир лойиҳа, уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги, иқтисодий ва молиявий самарадорлиги, амалга ошириб бўлишлиги ва давлат органларининг манфаатлари йўлидаги вазифаларга мослиги асосида танлаб олинади.
10. Устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатини шакллантиришда йирик ва ўта муҳим лойиҳалар алоҳида киритилади, унча катта бўлмаган бир турдаги лойиҳалар бир бутун сифатида киритилиши мумкин (масалан, ахборот тизимлари комплексини яратиш, интерактив давлат хизматларини жорий қилиш).
11. Устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатлари ҳар йили ҳудудий кенгашлар қарорлари билан тасдиқланади ва тегишли ҳудудда мобил алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловдан тушадиган сумманинг 5 фоизигача бўлган миқдорда Жамғарма маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Ҳудудий кенгашларнинг қарорлари лойиҳаларни Жамғарма томонидан белгиланган тартибда молиялаштириш учун асос ҳисобланади.
13. Марказлаштирилган ҳолда ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматининг тегишли қарорлари доирасида масъул вазирлик ва идоралар ҳисобидан амалга ошириш назарда тутиладиган лойиҳалар устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатлари доирасида қайта молиялаштирилмайди.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг баёнлари топшириқлари, қарорларида белгиланган вазифаларга мувофиқ ишчи орган йил давомида, истисно тариқасида, кўриб чиқиш ва кейинчалик ҳудудий кенгашга тасдиқлашга тақдим этиш мақсадида лойиҳаларни устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатига киритиш учун таклиф этиши мумкин.
15. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли лойиҳа-техник ҳужжатлар ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги ПҚ-332-сонли қарори билан тасдиқланган Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш, комплекс экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом.
16. Жамғарма маблағларини тежаш мақсадида устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш назарда тутиладиган лойиҳалар марказлаштирилган ҳолда ишлаб чиқилиши мумкин.
3-боб. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш муддатлари
17. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш жараёни лойиҳаларнинг янгиланган рўйхатини ҳар йил охирида тайёрлашни таъминлайдиган йиллик жараён бўлиб, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ Схема бўйича амалга оширилади.
18. Ишчи орган ҳар йили 1 августгача маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг мансуб ташкилотларига ахборотлаштиришни ривожлантириш давлат сиёсатидан, «Электрон ҳукумат» тизимини ва интеграциялаштирилган ахборот тизимларини янада жорий қилиш доирасидаги вазифа ва мақсадли йўналишлардан келиб чиққан ҳолда устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатга киритиш учун таклифлар тайёрлаш юзасидан услубий кўрсатмалар юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун таклифлар қуйидаги тартибда тайёрланади:
лойиҳа ташаббускорлари ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари асосида жорий йил 15 сентябргача кўриб чиқиш ва кейинчалик танлаш учун лойиҳаларни ишчи органга тақдим этади;
ишчи орган жорий йил 30 сентябргача лойиҳаларни кўриб чиқиш учун ҳудудий кенгашга тақдим этади;
ҳудудий кенгаш жорий йилнинг 20 октябридан кечиктирмасдан тақдим этилган лойиҳаларни ушбу Низомда белгиланган мезонлар асосида самарали танлаш мақсадида кўриб чиқади ва ўрганади.
20. Ҳудудий кенгашлар лойиҳаларни жамлагандан сўнг устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини жорий йилнинг 1 ноябридан кечиктирмасдан ушбу Низомга 2-иловада назарда тутилган намунавий шаклга мувофиқ тасдиқлайди.
21. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатга бир йилдан ортиқ вақтдан буён амалга оширилаётган ва йиллар ва чораклар бўйича молиялаштириш даври аниқ кўрсатилган лойиҳалар киритилиши мумкин.
4-боб. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби
22. Лойиҳалар ташаббускорлари ҳудудий кенгашлар томонидан ишчи орган белгиланган тартибда жалб қилинган ҳолда устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари тасдиқлангандан сўнг Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари доирасидаги янги лойиҳалар бўйича «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига риоя этилган ҳолда харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширади.
Белгиланган тартибда амалга оширилган харид қилиш тартиб-таомиллари натижалари бўйича ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳалар ташаббускорлари, тизим интеграторлари ва/ёки товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилари ҳамда Жамғарма ўртасида устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун уч томонлама шартномалар тузилади.
23. Жамғарма томонидан устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини амалга оширишни молиялаштириш учун лойиҳа ташаббускорининг буюртманомалари бўйича лойиҳа ташаббускори, лойиҳа ижрочиси ва Жамғарма ўртасида имзоланган уч томонлама шартнома асосида маблағлар ажратилади.
24. Лойиҳалар Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириш юзасидан белгиланган тартибда тасдиқланган жадваллар ҳамда бажарилган ишлар далолатномалари асосида босқичма-босқич молиялаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг бажарилган ишларнинг якуний далолатномасини имзолаш учун лойиҳа ташаббускори ва ишчи орган мутахассислардан таркиб топадиган қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.
26. Қабул қилиш комиссияси бажарилган лойиҳанинг техник топшириқ, лойиҳа-техник ҳужжатлар ва белгиланган вазифаларга мувофиқлиги бўйича хулосани, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган, харид қилинган ва жорий этилган аппарат-дастурий комплекслар ҳамда дастурий маҳсулотларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузади.
Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритилган ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан лойиҳалар доирасида ишлаб чиқилган, харид қилинган ва жорий этилган аппарат-дастурий комплекслар ва дастурий маҳсулотлар агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача белгиланган бўлмаса, лойиҳалар ташаббускорларига берилади.
Лойиҳалар ташаббускорлари агар қонун ҳужжатларида бошқача белгиланмаган бўлса, устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари доирасида реализация қилинган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинчалик кузатиб бориш ва янада қўллаб-қувватлашни таъминлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Якунловчи қоидалар
27. Ишчи орган бажарилган лойиҳалар доирасида жорий этилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинчалик кузатиб бориш ҳамда қўллаб-қувватлаш ҳолати мониторингини юритади.
28. Мониторинг натижаларидан ҳудудий кенгашга лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва лойиҳадан кейинги мониторинг тўғрисида ҳар чоракда ҳисоботлар тайёрлашда фойдаланилади.
29. Лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли шакллантирилиши ҳамда ҳудудий кенгашга киритилиши учун ишчи орган жавоб беради.
30. Лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида яратилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинчалик кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлаш, тайёрланадиган лойиҳалар (лойиҳалар гуруҳи) бўйича ахборотнинг ишончлилиги учун лойиҳа ташаббускорлари масъулдир.
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларни шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш
СХЕМАСИ
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларни шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг
________ йил__________________________ учун намунавий манзилли рўйхати


Т/р

Лойиҳа номи

Амалга ошириш шакли

Амалга ошириш муддатлари

Лойиҳа суммаси (млн.сўм)

Молиялаштириш манбаи

Бажарувчилар*

I. Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш

II. «Электрон ҳукумат» тизимини янада жорий этиш ва замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини яратиш

III. «Хавфсиз шаҳар» комплексини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тадбирлари

IV. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш

Изоҳ: * улар белгилаб берилган ҳолларда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 октябрдаги 821-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш юзасидан тасдиқланадиган устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича ҳудудий кенгашларнинг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

1.

Лавозим бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, ҳудудий кенгаш раиси

2.

Лавозим бўйича

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари, ҳудудий кенгаш раиси ўринбосари

3.

Лавозим бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари

4.

Лавозим бўйича

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи

5.

Лавозим бўйича

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари

6.

Лавозим бўйича

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияси бошлиғи

7.

Лавозим бўйича

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи, ҳудудий кенгаш котиби.

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.10.2018 й., 09/18/821/2045-сон; 11.08.2019 й., 09/19/661/3571-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 29.12.2023 й., 09/23/688/0996-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)