toggle_night_mode
Ҳужжат 18.08.2018 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон Фармонига мувофиқ, профессионал юридик ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш тартиботини соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларининг реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари тегишли ҳудудларда юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрини юритадилар.
Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари, шунингдек ушбу ташкилотларда ишлаётган юридик маслаҳатчилар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
3. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг адвокатлик фаолиятини қуйидаги ихтисосликлар бўйича лицензиялаш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:
фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш;
маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш.
Белгилансинки, ихтисослашув фақат фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишларини юритишда адвокатлар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишда талаб қилинади.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда фаолият юритаётган адвокатларни аттестациядан ўтказмасдан, улар танлаган ҳар икки ихтисослик ёки уларнинг бири бўйича адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларнинг қайта расмийлаштирилишини, шунингдек уларни давлат божлари ва йиғимларини тўлашдан озод этилишини таъминласин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2009 йил 9 мартдаги 60-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 йил, 3-сон, 18-модда) 3-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 17 август,
675-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 675-сон қарорига
1-ИЛОВА
Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилаб беради.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
юридик маслаҳат хизмати — тижорат ташкилотларининг юридик ва жисмоний шахсларга (кейинги ўринларда мижоз деб аталади) шартнома асосида юридик маслаҳат хизматлари кўрсатиш борасидаги фаолияти;
юридик маслаҳатчилар ташкилоти — юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи ва юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрига (кейинги ўринларда реестр деб аталади) киритилган юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилоти;
юридик маслаҳатчи — олий юридик маълумотга ва юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган ва юридик маслаҳатчилар ташкилоти штатида турган жисмоний шахс.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Юридик маслаҳат хизмати қуйидаги принципларга асосланади:
қонун устуворлиги;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;
фаолиятда мустақиллик ва махфийлик;
шартнома мажбуриятларига риоя этиш.
2-боб. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти фаолиятини ташкил этиш ва унинг асосий йўналишлари
4. Юридик маслаҳатчилар ташкилотлари қуйидаги юридик маслаҳат хизматларини кўрсатишлари мумкин:
рўйхатдан ўтиш, қайта ташкил этиш, юридик шахсларни тугатиш, хорижий компаниялар ва ташкилотлар ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказиш, гувоҳномалар ва бошқа рухсатномаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олишда кўмаклашиш;
бизнесга юридик кўмаклашиш (хизмат кўрсатиш), шу жумладан ташкилотнинг жорий масалалари бўйича маслаҳат бериш;
ташкилий масалалар ва корпоратив бошқарув масалалари бўйича ташкилотнинг турли хил ички ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
шартномалар, контрактлар, келишувлар, аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш;
юридик масалаларни муҳокама қилишни ўз ичига олган музокараларда жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллиги;
қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом билан тақиқланмаган бошқа хуқуқий масалалар бўйича мижозларга маслаҳат бериш.
5. Юридик маслаҳатчилар ташкилотлари:
давлат сирини ташкил этувчи ахборот бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар бериш;
фуқаролик, иқтисодий, маъмурий, жиноий ишлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларда кўриладиган материаллар бўйича юридик маслаҳат бериш ва вакиллик қилиш;
ҳимоячининг вазифалари ва дастлабки терговда иштирок этиш;
қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда тақиқланган бошқа фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.
6. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти акциядорлик жамиятидан ташқари, исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сонли қарори билан тасдиқланган Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.
7. Юридик маслаҳатчилар ташкилотларини солиққа тортиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 70-боби.
8. Юридик маслаҳатчилар ташкилотларини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг мажбурий шарти штатда камида битта юридик маслаҳатчи бўлиши ҳисобланади. Агар штатда фақат битта юридик маслаҳатчи бўлса, у ҳолда у Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотида юридик маслаҳатчи штати биттадан ортиқ бўлган тақдирда, ушбу ташкилотнинг юридик маслаҳатчилари умумий сонининг камида 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши шарт.
9. Юридик маслаҳатчи юридик маслаҳатчилар ташкилотини реестрга киритиш вақтида бу тўғрисида хабар қилинган ҳолда хорижий давлат қонунчилиги бўйича маслаҳат бериши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Адвокат мақоми ўз аризасига кўра тўхтатиб турилган шахс юридик маслаҳатчи сифатида ишлаши мумкин.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек қасддан жиноят содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар юридик маслаҳатчи сифатида ишлаши мумкин эмас.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 31-боби.
3-боб. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
11. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти:
мижоздан юридик маслаҳат хизматларини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни олиш;
юридик маслаҳат жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича мижоздан оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар олиш;
давлат органларига ҳуқуқий масалалар бўйича (таклифлар, аризалар, шикоятлар ва бошқалар) мурожаат қилиш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб олиш;
юридик маслаҳат беришда мижознинг розилиги билан шартнома асосида адвокатлар ва турдош соҳаларнинг бошқа мутахассисларини (солиққа тортиш, бухгалтерия ҳисоботи, аудит ва бошқалар) иштирок этишга жалб қилиш;
юридик маслаҳат учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар мижоз томонидан тақдим қилинмаган тақдирда хизмат кўрсатишни рад этиш ҳуқуқига эга.
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти юридик хизмат кўрсатиш шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
12. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти:
ҳар икки мижознинг хизмат кўрсатишни давом эттириш ҳақида ёзма розилиги олинган ҳолатлардан ташқари, бошқа мижоз билан манфаатлар тўқнашувини ифодаловчи ҳолатлар аниқланганда мижозга бу ҳақида хабар бериш ва хизмат кўрсатишни рад этиш,
юридик маслаҳатчиларнинг иш сифати ва манфаатлар тўқнашувини текширишнинг ички назорати қоидаларини белгилаш ва уларга риоя қилиш;
юридик ёрдам кўрсатиш вақтида мижоздан ва учинчи шахслардан олинган ҳужжатларнинг лозим даражада сақланишини таъминлашга мажбур.
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти юридик хизматларни кўрсатиш ҳақида шартномага асосан бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
13. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти қуйидаги ҳолларда юридик хизмат кўрсатиш ҳақида топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас:
агар хизматлар кўрсатиш жорий ёки собиқ мижоз манфаатларига зид бўлса;
агар бундай хизматлар кўрсатиш қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлса.
14. Юридик хизматлар мижоз ва юридик хизмат кўрсатиш ташкилоти ўртасида тузилган шартнома асосида кўрсатилади.
15. Қуйидагилар юридик хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг асосий шартлари ҳисобланади:
шартнома предмети, ижрочи — юридик маслаҳатчи ҳақида маълумотлар ва тақдим этиладиган юридик хизматлар рўйхати;
кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов миқдори, муддатлари ва шартлари;
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
юридик хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган маълумотларнинг махфийлиги;
юридик хизматлар кўрсатиш муддати;
томонларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, шунингдек учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлиги учун жавобгарлиги.
Юридик хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.
16. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти юридик хизматлар кўрсатиш жараёнида олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши шарт.
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти ходимларига махфий маълумотларни ошкор қилиш ва бу маълумотларни ўз манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари учун фойдаланиш тақиқланади.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотлари томонидан махфий маълумотни учинчи шахсларга фақат мижоздан ёзма розилик олинганида ёки суд, прокуратура, тергов органларида мижозга ёки унинг мансабдор шахсларига нисбатан ишлар юритилаётганлиги сабабли уларнинг талабига биноан тақдим этилади.
4-боб. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти фаолиятининг кафолатлари
17. Юридик маслаҳатчилар ташкилотининг профессионал фаолияти қонун билан ҳимояланади.
18. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ишлайдиган шахслар юридик маслаҳатчилар ташкилотида меҳнат фаолиятини амалга ошириши ва юридик маслаҳат хизматига жалб қилиниши мумкин эмас.
19. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар юридик маслаҳатчилар ташкилотининг таъсисчиси (иштирокчиси) бўла олмайдилар.
20. Юридик маслаҳатчилар ва (ёки) юридик маслаҳатчилар ташкилотлари касбий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ ассоциациялар (иттифоқ) ва бошқа бирлашмаларга бирлашишлари мумкин.
5-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:
реестр юритилишини таъминлайди;
юридик маслаҳатчилар ташкилотлари томонидан ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қилади.
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 675-сон қарорига
2-ИЛОВА
Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларининг реестрини юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрини (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) юритиш тартиби белгилайди.
2. Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларини (кейинги ўринларда юридик маслаҳатчилар ташкилоти деб юритилади) Реестрга киритиш уларнинг мақомини ва ваколатларининг расмий тасдиғи ҳисобланади ва ушбу ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш ва бу ҳақда тегишли ёзма билдиришнома бериш орқали амалга оширилади.
Реестрга киритишда юридик маслаҳатчилар ташкилотини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги кўриб чиқилмайди ҳамда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
3. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти Реестрга киритилганлиги тўғрисида ёзма билдиришнома олганидан сўнг фаолиятини бошлайди.
4. Реестр тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда адлия органлари деб аталади) томонидан юритилади.
5. Юридик маслаҳатчилар ташкилотини Реестрга киритиш учун тўлов ундирилмайди.
6. Реестр ҳар чоракда камида бир марта янгиланиши керак.
2-боб. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти реестрини юритиш
7. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти Реестрда ҳисобга олишни амалга ошириш учун ташкилот жойлашган жойдаги адлия органига ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда ариза юборади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
юридик маслаҳатчилар ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
юридик маслаҳатчиларнинг рўйхати, шу жумладан юридик маслаҳатчи маслаҳат берадиган мамлакат ҳуқуқи тўғрисидаги маълумот;
юридик маслаҳатчилар паспортларининг нусхалари;
юридик маслаҳатчиларнинг олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси (агар юридик маслаҳатчи Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи бўйича маслаҳат берадиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси олий юридик таълим муассасаси томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги дипломи нусхаси, ёки хорижий олий ўқув юртида олинган олий юридик маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг эквивалентлигини эътироф этиш бўйича ваколатли давлат органининг гувоҳномаси);
Кейинги таҳрирга қаранг.
меҳнат дафтарчалари нусхалари ёки юридик маслаҳатчиларнинг иш стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.
8. Ҳужжатлар юридик маслаҳатчилар ташкилоти томонидан адлия органига бевосита, почта алоқа бўлими орқали ёки электрон шаклда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган ҳолда тақдим этилади.
9. Ариза берувчи тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва қонун ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавоб беради.
10. Адлия органи уч кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларга асосан юридик маслаҳатчилар рўйхатига киритиладиган номзодларни Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Юридик маслаҳатчилар рўйхатига киритилган шахслар кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда адлия органи юридик маслаҳатчилар ташкилотини Реестрга киритади. Юридик маслаҳатчилар ташкилотини Реестрга киритилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича киритилади.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотини Реестрга киритиш ҳудудий адлия органи раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
11. Реестрлар электрон шаклда юритилади.
12. Реестрда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
юридик маслаҳатчилар ташкилотининг номи;
юридик маслаҳатчилар ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтказилган рақами ва санаси;
юридик маслаҳатчилар ташкилотининг жойлашган жойи (почта манзили);
юридик маслаҳатчиларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
юридик маслаҳатчи маслаҳат берадиган давлат ҳуқуқи;
Реестрдан чиқариш;
Реестрда юридик маслаҳатчилар ташкилоти фаолияти билан боғлиқ қўшимча маълумотлар ҳам бўлиши мумкин.
13. Адлия органи юридик маслаҳатчилар ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар Реестрга киритилган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида ариза берувчига тегишли билдиришнома юборади.
14. Юридик маслаҳатчилар рўйхатига киритилган шахслар белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ёки тегишли равишда расмийлаштирилмаган ёхуд тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тақдим қилинган тақдирда адлия органи ариза келиб тушган кунидан бошлаб уч иш куни мобайнида ариза берувчига аниқланган камчиликлар ҳақида билдиришнома юборади.
15. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти фаолиятин тўхтатган тақдирда ўн иш куни мобайнида адлия органига тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Адлия органи барча зарур ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида Реестрга тегишли ёзувни киритади.
16. Юридик маслаҳатчилар таркиби ўзгарган тақдирда, юридик маслаҳатчилар ташкилоти тегишли ўзгартиришлар бўлган кундан бошлаб ўн иш кун мобайнида адлия органига мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда билдиришнома юборади.
17. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти кўрсатиб ўтилган талабларга мос келган тақдирда адлия органи Реестрга тегишли ўзгартиришларни киритади.
3-боб. Юридик маслаҳатчилар ташкилотини Реестрдан чиқариш тартиби
18. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти қуйидаги ҳолларда Реестрдан чиқарилиши мумкин:
адлия органига ихтиёрий равишда Реестрдан чиқариш тўғрисида ариза берганда;
юридик маслаҳатчилар ташкилоти тугатилганда;
Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги низом талабларига улар фаолияти мувофиқ келмаганда.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотини Реестрдан чиқариш ҳудудий адлия органи раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
19. Агар адлия органи томонидан юридик маслаҳатчилар ташкилоти фаолиятида Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга номувофиқлиги аниқланган тақдирда, адлия органи аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш муддати кўрсатилган ҳолда талабнома юборади.
20. Талабнома бажарилмаган тақдирда, адлия органи белгиланган тартибда юридик маслаҳатчилар ташкилотининг юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини тўхтатиб туриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилади.
4-боб. Якуний қоидалар
21. Юридик маслаҳатчилар ташкилотини ташкил этиш ва тугатиш ҳақидаги ахборот ҳудудий адлия органлари томонидан даврий равишда, аммо ҳар чоракда камида бир марта умумлаштириш ва тизимлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.
Ушбу ахборот Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тизимлаштирилади ва унинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1971-моддаси.
Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

‎‎________________________________________________________________________________________________
‎(Реестрга киритишни амалга оширувчи адлия орган номи) ________________________________________________________________________________________________

‎юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрига киритиш ҳақида
‎АРИЗА

‎‎________________________________________________________________________________________________
‎(юридик шахснинг тўлиқ номи,

‎‎________________________________________________________________________________________________
‎давлат тилида)

‎‎юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрига киритишни сўрайман.

‎‎Почта манзили:____________________________________________________________________________________
‎Почта индекси:_____________________________ Боғланиш телефони: ______________________________________

______________________________________
‎(тўлдирилган санаси ва вақти) ‎‎

______________________________________
‎ (ваколатли шахс — аризачи имзоси) ‎‎

______________________________________
‎(қабул қилинган санаси ва вақти)

______________________________________
‎ (адлия органи масъул ходимининг имзоси)‎‎

Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари
РЕЕСТРИ

Т/р

Тижорат ташкилот номи

Тижорат ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтган тартиб рақами ва санаси

Тижорат ташкилотнинг жойлашган жойи (почта манзили)

Юридик маслаҳатчининг фамилияси, исми, отасининг исми

Юридик маслаҳатчиси маслаҳат берадиган давлат ҳуқуқи

Реестрдан чиқариш

Қўшимча маълумотлар

1

2

3

4

5

6

7

8

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 675-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2009 йил 9 мартдаги 60-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
иккинчи хатбошидаги «4» рақами «2» рақами билан алмаштирилсин;
учинчи ва бешинчи хатбошиларидаги «2» рақами «1» рақами билан алмаштирилсин;
2. Қуйидаги мазмундаги 31-банд қўшилсин:
«31. Фақат танланган битта ихтисослик бўйича адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахслар адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган лицензия учун давлат божи ва уларнинг лицензия бериш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилганлиги учун йиғимни мазкур қарорнинг тегишли равишда 2-банди бешинчи хатбошиси ва 3-бандида кўрсатилган сумманинг 50 фоизи миқдорида тўлайдилар».
а) 2-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш:
фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш;
маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга оширилади.
Ихтисослик фақат фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишларини юритишда адвокатлар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишда талаб қилинади.
Адвокат танланган ихтисослик йўналишларидан қатъи назар, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, давлат органларида (суд органларидан ташқари), жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳуқуқий эга.
Ҳар бир адвокат тегишли ихтисосликни мустақил танлаш ва у бўйича белгиланган тартибда малака имтиҳони топшириш ҳуқуқига эга»;
б) 4-бандга «Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган» сўзларидан олдин «Танланган ҳар бир ихтисослик бўйича» сўзлари қўшилсин;
в) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Лицензия олиш учун малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор адлия органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
лицензия бериш тўғрисида фамилияси, исми, отасининг исми ва паспорт маълумотлари кўрсатиладиган ариза;
талабгор томонидан унинг аризасини адлия органи кўриб чиқиши учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат»;
г) қуйидаги мазмундаги 81-банд қўшилсин:
81. «Адлия органи талабгорнинг қуйидаги ҳужжатларини Адвокатлар палаталари ҳузуридаги малака комиссияларидан мустақил равишда олади:
паспорт нусхаси;
олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси;
меҳнат дафтарчаси нусхаси;
талабгор тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган шахсий варақа;
малака комиссиясининг малака имтиҳонини топширганлиги тўғрисидаги қарори»;
д) 10 ва 11-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар адлия органига бевосита, почта алоқа бўлими орқали ёки электрон шаклда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган ҳолда тақдим этилади.
11. Лицензия олиш учун адлия органига тақдим этилган ҳужжатлар масъул шахс томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда талабгорга юборилади (топширилади) ва адлия органи томонидан ёки ахборот тизими орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон шаклда улар олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган ҳолда рўйхатдан ўтказилади»;
е) 30-бандда «шахсни» деган сўздан кейин «шунингдек, Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасини» сўзлари қўшилсин;
ж) Низомга 1-иловада «Тадбирлар» устунининг биринчи позициясидаги «1-босқич» сатрининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Ҳужжатлар адлия органига бевосита, почта алоқа бўлими орқали ёки электрон шаклда улар олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган ҳолда тақдим этилади»;
з) Низомга 2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«(Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири)

‎ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ

‎Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи
‎ЛИЦЕНЗИЯ

‎‎Ушбу лицензия ___________________________________________________________________________________
‎(фамилияси, исми, отасининг исми)

‎‎_______________________________________________________________________________________ га берилди.

‎‎«Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ ушбу лицензия Ўзбекистон Республикаси фуқаросига адвокат мақомини олиш ҳуқуқини беради.

‎‎Рухсат берилган ихтисослик турлари:___________________________________________________________________

‎‎____________________________________________________________________________________;
‎____________________________________________________________________________________.

‎‎Ушбу лицензия Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амал қилади ва унинг амал қилиш муддати чекланмаган.

Лицензияни берган адлия органи _____________________________________________________________________‎‎

________________________________________________________________________________________________

‎‎Лицензия берилган сана 20___ йил «______» __________________

‎‎‎‎Лицензиялар реестри бўйича тартиб рақами ‎‎

М.Ў. ____________________________________
‎(имзо)‎‎‎

_________________________________________
‎(Лицензияни берган адлия органи раҳбари Ф.И.О.) ‎‎

Серия ___________ №___________»

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«таъсис ҳужжатлари давлат тилида иккита нусхада»;
бешинчи ва олтинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
еттинчи — тўққизинчи хатбошилар бешинчи — еттинчи хатабошилар деб ҳисоблансин;
б) қуйидаги мазмундаги 51-банд қўшилсин:
«51. Адлия органи қуйидаги ҳужжатларни мустақил тарзда олади:
муассислар лицензияларининг нусхалари;
малака комиссияларининг адвокатнинг қасамёдини муассислар қабул қилганлигини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори, агар улар адвокат мақомига эга бўлмасалар»;
в) 7-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«юридик маслаҳатхона тўғрисидаги низом давлат тилида иккита нусхада»;
г) қуйидаги мазмундаги 81-банд қўшилсин:
«81. Рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга олиш) учун зарур бўлган ҳужжатлар адлия органига бевосита, почта алоқа бўлими орқали ёки электрон шаклда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган ҳолда тақдим этилади»;
биринчи хатбошидаги «йигирма» сўзи «ўн» сўзи билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидаги «ўн» сўзи «беш» сўзи билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи — еттинчи хатбошилар иккинчи — олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
ж) 16-бандда «тўртинчи» сўзи «учинчи» сўзи билан алмаштирилсин;
з) 17-банднинг иккинчи хатбошисидаги «ўн» ва «беш» сўзлари тегишли равишда «беш» ва «уч» сўзлари билан алмаштирилсин;
и) Низомга 1-иловада:
«Бажариш муддатлари» устунида «2-босқич» сатридаги «20» ва «10» рақамлари тегишли равишда «10» ва «5» рақамлари билан алмаштирилсин;
«Бажариш муддатлари» устунида «3-босқич» сатридаги «10» ва «5» рақамлари тегишли равишда «5» ва «3» рақамлари билан алмаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.08.2018 й., 09/18/675/1885-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон; 06.08.2022 й., 09/22/432/0717-сон; 22.08.2023 й., 09/23/407/0638-сон; 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)