toggle_night_mode
Ҳужжат 01.08.2018 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 21 июндаги ПҚ-3795-сон қарорига мувофиқ ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасида ўқитиш учун иқтидорли ёшларни танлашнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилишни ташкил этиш учун зарур шароитлар яратиш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва ташқи ишлар вазири А.Х. Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 28 июль,
594-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июлдаги 594-сон қарорига
ИЛОВА
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг (кейинги ўринларда Университет деб аталади) бакалавриат ва магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
2. Университетнинг бакалавриат ва магистратурасига қабул бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги тегишли қарори билан белгиланадиган давлат грантлари ҳамда тўлов-контракт асосидаги қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Университетнинг бакалавриат ва магистратурасига талабаликка қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан амалга оширилади.
4. Бакалавриат ва магистратурага қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун ташкил этиладиган Университет қабул комиссиясига (кейинги ўринларда қабул комиссияси деб аталади) юкланади. Қабул комиссиясининг таркиби Университет ректорининг буйруғи билан тасдиқланади.
5. Университет ректори қабул комиссиясининг раиси ҳисобланади. Қабул комиссиясининг жорий ишларини масъул котиб ташкил қилади.
6. Қабул комиссияси ҳужжатларни қабул қилиш тартиби ва муддатлари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг номлари ҳамда Университет бакалавриати ва магистратурасига қабул квоталари ҳақидаги маълумотни абитуриентлар ҳамда жамоатчиликка олдиндан етказади.
7. Университетга қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг номлари, Университет бакалавриати ва магистратурасига қабул квоталари ҳақидаги маълумот Университетнинг расмий веб-сайти, шунингдек, ахборот стендларида жойлаштирилади.
2-боб. Университет бакалавриатига қабул қилиш тартиби
8. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
9. Абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни қабул комиссиясига тақдим этадилар:
ректор номига бакалавриат таълим йўналиши, ўқув тили ва шакли кўрсатилган ариза;
умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;
паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган шахслар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этади);
3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма (мавжуд бўлса).
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга кириш ҳуқуқига эга шахслар ушбу ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхасини ҳам тақдим этадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 468-сонли қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар рўйхати.
11. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар ушбу Низомнинг 9-бандида қайд этилган ҳужжатлар билан биргаликда ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасининг аслини тақдим этадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. TOEFL IBT, IELTS, CEFR, Tест DaF халқаро имтиҳон тизимларининг амалдаги сертификатлари, GOETНE сертификати, DELF сертификати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 11 августдаги 610-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган фуқаролар қабул комиссиясига ушбу сертификатларнинг асл нусхаларини тақдим этадилар.
13. Ҳужжатлар олий таълим муассасаларига ўқишга кирадиган абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш бошланган кундан 20 кун давомида қабул қилинади.
14. Ҳужжатларни тақдим этишда абитуриент томонидан паспорт (16 ёшга тўлмаган шахслар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани) шахсан кўрсатилади.
15. Ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган талабларга мос ҳужжатлар тақдим этилганда, қабул комиссияси абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
16. Абитуриент тақдим этилган ҳужжатларни шахсан ёки ишончли вакил орқали (абитуриент томонидан берилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома тақдим этилганда ва унда ишончли вакилига берилган ваколатлар кўрсатилганда) чақириб олиш тўғрисида қабул комиссиясига ариза бериш, шунингдек, абитуриентга дастлабки имтиҳон натижаларига кўра кириш тест синовларида иштирок этишга рухсат рад этилган ҳолларда тақдим этилган ҳужжатларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 68-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 10-боби.
17. Қуйидаги ҳолларда тақдим этилган ҳужжатлар абитуриентга ёки унинг ишончли вакилига қайтарилади:
иш куни тугашига икки соатдан кам бўлмаган вақт қолганда қабул комиссиясига мурожаат қилинган тақдирда — жорий иш куни охиригача;
иш куни тугашига икки соатдан кам вақт қолганда мурожаат қилинган тақдирда — кейинги иш кунининг дастлабки икки соати давомида.
18. Университет бакалавриатига ўқишга қабул қилиш барча абитуриентлар учун тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик, ягона қабул қоидалари ва танлов асосида амалга оширилади.
19. Университет бакалавриатига ўқишга қабул қилиш икки босқичда ўтказилади:
дастлабки имтиҳон (ёзма);
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовлари орқали.
20. Дастлабки имтиҳон Университет ректорининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия (кейинги ўринларда махсус комиссия деб аталади) томонидан ўтказилади.
Махсус комиссия таркибига Университет ходимлари билан бир қаторда бошқа давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам киритилади. Махсус комиссия ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва беғаразлик тамойиллари асосида амалга оширади.
21. Махсус комиссияга комиссия аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштирадиган раис раҳбарлик қилади. Қабул комиссиясининг масъул котиби ўринбосари махсус комиссия раиси ҳисобланади.
22. Дастлабки имтиҳон ҳар йили Университет қабул комиссияси томонидан белгиланадиган муддатларда ўтказилади.
23. Дастлабки имтиҳонни ўтказиш жадвали Университет қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва дастлабки имтиҳонни ўтказиш бошланишидан камида 10 кун аввал Университетнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
24. Дастлабки имтиҳон Университет негизида зарур техник, тиббий ва бошқа шароитларни яратган ҳолда ўтказилади. Бино ва аудиториялар хавфсизлик талабларига, шу жумладан ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига тўлиқ жавоб бериши шарт.
Ҳужжатларни қабул қилиш, абитуриентлар билан суҳбатлашиш, дастлабки имтиҳонни топшириш жараёни видео ва аудио тизимлар ёрдамида ёзиб олинади.
25. Дастлабки имтиҳон ёзма шаклда ўтказилади ва қуйидагиларни белгиловчи саволларнинг уч блокидан иборат бўлади:
интеллектуал даража (40 балл), мантиқий ва кенг фикрлаш, турли тушунчалар, фактларни таққослаш ҳамда уларнинг ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топиш;
она тилини билиш даражаси (30 балл), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари), шунингдек, умумтаълим мактаблари (11-синф базасида) дастурларига киритилган Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи, географиясига тааллуқли ва бошқа масалалар юзасидан саводли ва асосли тушунтириш қобилияти;
хорижий тилларни (инглиз, француз ва немис тиллари) билиш даражаси (30 балл), Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи, географиясига тааллуқли ва бошқа соҳаларга оид масалалар юзасидан саводли ва асосли тушунтириш қобилияти. Бунда, хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан, IELTS бўйича камида 5,5 балл, TOEFL IBT бўйича камида 61 балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, тест DaF, GOETНE сертификати, DELF сертификати имтиҳонларидан CEFR услуби бўйича В2 минимал даражасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 11 августдаги 610-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган абитуриентларга ушбу саволлар блоки бўйича максимал балл берилади.
26. Дастлабки имтиҳоннинг максимал баллари миқдори 100 баллни ташкил этади. Абитуриент кириш тест синовларига рухсат берилиши учун билетдаги барча саволлар бўйича умумий баллар миқдорининг камида 50 фоизини тўплаши зарур.
27. Абитуриентларнинг тайёргарлигини баҳолаш мезонлари, дастлабки имтиҳонни ўтказиш тартиби махсус комиссия томонидан ишлаб чиқилади, қабул комиссияси томонидан тасдиқланади ва Университет расмий веб-сайтида, шунингдек, ахборот стендларида дастлабки имтиҳонни ўтказиш муддатидан камида ўн кун аввал жойлаштирилади.
Дастлабки имтиҳон саволларини ишлаб чиқиш учун тегишли бакалавриат таълим йўналишлари бўйича малакали мутахассислар жалб этилади.
28. Дастлабки имтиҳон ушбу Низомнинг 25-бандида белгиланган саволларнинг уч блокидан иборат топшириқлар асосида ўтказилади.
29. Барча топшириқлар одатда, ягона имтиҳон талабларини (имтиҳон материалининг мос ҳажми, саволлар, мисоллар ва топшириқларнинг мураккаблик ва меҳнат талаб қилиш даражаси) ўз ичига олиши зарур.
30. Топшириқлар рўйхати қабул комиссияси томонидан дастлабки имтиҳон ўтказилишидан бир кун аввал тасдиқланади.
31. Дастлабки имтиҳон учун ажратилган вақт, шу жумладан ташкилий қисм ва ишларни топшириш вақти 3 соатни ташкил қилади.
32. Дастлабки имтиҳонни ташкил этиш учун абитуриентлар гуруҳларга бўлинади. Бунда, ҳар бир гуруҳда дастлабки имтиҳонни ташкил этиш ва унинг ўтказилишини назорат қилиш махсус комиссиянинг уч нафар вакили томонидан амалга оширилади. Махсус комиссиянинг баён шаклида тасдиқланадиган қарори асосида махсус комиссия аъзолари гуруҳларга ажратилади. Аудиторияда бошқа шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.
33. Абитуриент аудиторияга қабул комиссиясининг масъул шахси томонидан таклиф этилади. Бунда абитуриент ўз паспортини (16 ёшга тўлмаган шахслар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани) тақдим этиши шарт.
34. Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон ўтказиладиган аудиторияга қоғоз ёки электрон манбадаги ўқув адабиёти, луғатлар, маълумотномалар, жадваллар ва бошқа адабиётни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, конспектлар, ёзув дафтарлари, қоғоз ёки электрон шаклдаги шпаргалкалар, алоқа воситалари (жумладан, мобил алоқа воситаси), аудио, фото ва видео ёзиш қурилмаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш қатъиян ман этилади. Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон ўтказилаётган вақтда аудиториядан чиқиши тақиқланади, саломатлиги ёмонлашганда қабул комиссиясининг масъул шахси ҳамроҳлигида чиқиши бундан мустасно. Бунда ёзма имтиҳон материаллари қабул комиссиясига топширилиши шарт.
35. Дастлабки имтиҳон бошланишидан аввал махсус комиссия вакиллари абитуриентларнинг имтиҳонга келиш давоматини текширади ва шундан сўнг ёзма имтиҳон тўғрисидаги маълумотларни қайд этиш варағига тегишли ёзувлар қайд этилади.
36. Абитуриент дастлабки имтиҳонга жадвал бўйича келмаган ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовларига қўйилмайди.
37. Имконияти чекланган абитуриентларга дастлабки имтиҳон умумий тартибда, уларга аудиторияга тўсиқсиз кириши учун тегишли техник шароитлар яратилган ҳолда ўтказилади.
38. Дастлабки имтиҳон натижалари махсус комиссия томонидан тузиладиган, ушбу комиссиянинг раиси ва тегишли гуруҳларда имтиҳон ўтказган аъзолари имзолайдиган баён билан расмийлаштирилади. Қабул комиссияси дастлабки имтиҳон натижалари бўйича абитуриентга кириш тест синовларида иштирок этишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
39. Дастлабки имтиҳон натижалари тўғрисидаги маълумот Университетнинг ахборот стендларида ва расмий веб-сайтида имтиҳон ўтказилгандан кейинги икки кун ичида жойлаштирилади.
40. Дастлабки имтиҳон натижалари эълон қилинганидан сўнг бир кундан кечикмаган ҳолда уларни қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилиниши мумкин.
Фуқароларнинг ушбу масала бўйича мурожаатлари қабул комиссияси томонидан абитуриент дастлабки имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилган кунидан кейинги икки кун ичида кўриб чиқилади.
41. Университет бакалавриатига дастлабки имтиҳонни қайта ўтказишга йўл қўйилмайди.
42. Дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларга кириш тест синовларини Университет бакалавриатига ўқишга кириш учун белгиланган тартибда топширишга рухсат этилади.
43. Хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан IELTS бўйича камида 5,5 балл, TOEFL IBT бўйича камида 61 балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, тест DaF, GOETНE сертификати, DELF сертификати имтиҳонларидан CEFR услуби бўйича В2 минимал даражасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 11 августдаги 610-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган абитуриентларга максимал балл (100 балл) берилади ва улар ушбу фан бўйича кириш имтиҳонларидан озод этилади.
44. Абитуриентларни Университет бакалавриатига қабул қилиш тўғрисидаги қарор Давлат комиссияси томонидан белгиланган тартибда қабул қилинади.
Давлат комиссиясининг абитуриентлар Университет бакалавриатига қабул қилинганлиги тўғрисидаги қарори уларнинг дастлабки имтиҳонларда тўплаган баллари ҳисобга олинмаган ҳолда қабул қилинади.
45. Давлат комиссиясининг қарори Университет ректори томонидан абитуриентнинг Университетга қабул қилиниши тўғрисидаги буйруқни қабул қилиш учун асос ҳисобланади.
46. Хорижий фуқаролар суҳбат ўтказиш йўли билан қабул квотасидан ташқари тўлов-контракт асосида Университет бакалавриатига ўқишга қабул қилинадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Университет магистратурасига қабул қилиш тартиби
47. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
48. Университет магистратурасига ўқишга қабул қилиш умумий тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
49. Университет магистратураси мутахассисликлари бўйича ўқиш муддати ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олувчилар учун бир йилни, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олувчилар учун икки йилни ташкил этади.
50. Университет магистратурасига ўқишга қабул қилиш бакалавриатнинг тегишли таълим йўналишлари бўйича топшириқларни ўз ичига олган кириш ёзма имтиҳонлар шаклида амалга оширилади.
51. Абитуриент энг кўп (максимал) тўплаши мумкин бўлган балл 300 ни ташкил этади. Ушбу баллар қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади:
бакалавриат дипломи рейтингининг ўртача балли — 55 баллдан 100 баллгача;
мутахассислик фанлари бўйича баллар — 0 баллдан 100 баллгача;
хорижий тил бўйича баллар — 0 баллдан 100 баллгача.
52. Хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан IELTS бўйича камида 6,5 балл, TOEFL IBT бўйича камида 85 балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, тест DaF, GOETНE сертификати, DALF сертификати имтиҳонларидан CEFR услуби бўйича C1 минимал даражасига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 11 августдаги 610-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган абитуриентларга максимал балл (100 балл) берилади ва улар хорижий тиллар бўйича кириш имтиҳонларидан озод этилади.
53. Ёзма имтиҳон натижалари асосида кириш имтиҳонларининг умумий бали аниқланади ва танлов қайдномасига киритилади. Танлов қайдномаси қабул комиссияси томонидан тасдиқланади ва Давлат комиссиясига белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва Университет магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун юборилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
54. Ҳужжатларни қабул қилишни ташкил этиш ва Университет бакалавриати ҳамда магистратурасига дастлабки имтиҳонни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Университетнинг бюджетдан ташқари маблағларидан қопланади.
55. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
56. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги Низомга
1-ИЛОВА
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриатига қабул қилиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Бажариш муддатлари


I босқич

Абитуриентлар, Университетнинг қабул комиссияси

Университетнинг қабул комиссиясига ҳужжатларни тақдим этиш

ҳар йили
15 июндан 5 июлгача


II босқич

Университетнинг махсус комиссияси

Дастлабки имтиҳонни ўтказиш

ҳар йили
Университетнинг қабул комиссияси белгилайдиган муддатларда


III босқич

Университетнинг қабул комиссияси

Дастлабки имтиҳон натижаларини эълон қилиш

дастлабки имтиҳон ўтгандан кейин икки кун давомида


IV босқич

Давлат тест маркази, Университетнинг қабул комиссияси

Кириш тест синовларини ўтказиш

ҳар йили
1 августдан 15 августга қадар (тасдиқланган жадвалга мувофиқ)


V босқич

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, Давлат тест маркази

Кириш тест синовлари натижаларини эълон қилиш

ҳар йили 2 августдан
16 августга қадар
(тест ўтказилган кундан кейинги кунда)

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги Низомга
2-ИЛОВА
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг магистратурасига қабул қилиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Бажариш муддатлари

I босқич

Абитуриентлар,
Университетнинг қабул комиссияси

Университетнинг қабул комиссиясига ҳужжатларни тақдим этиш

ҳар йили1 июлдан
30 июлга қадар

II босқич

Университетнинг қабул комиссияси

Ёзма кириш имтиҳонларини ўтказиш

ҳар йили 3 августдан
15 августга қадар

III босқич

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, Университетнинг қабул комиссияси

Ёзма кириш имтиҳонлари натижаларини эълон қилиш

ҳар йили
25 августгача

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.08.2018 й., 09/18/594/1597-сон; 28.06.2019 й., 09/19/529/3346-сон, 07.12.2019 й., 09/19/973/4123-сон; 10.08.2020 й., 09/20/470/1149-сон; 05.07.2022 й., 09/22/359/0594-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.10.2023 й., 09/23/560/0796-сон; 06.01.2026 й., 09/26/840/0012-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)