toggle_night_mode
Ҳужжат 27.06.2018 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Бадиий экспертлар кенгаши ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 25 июнь,
474-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги 474- сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши
ТАРКИБИ

1.

К. Акилова

маданият вазирининг ўринбосари, Бадиий экспертлар кенгашининг раиси

2.

Ф. Ташмухаммедов

Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг ўринбосари, Бадиий экспертлар кенгаши раисининг ўринбосари

3.

Ф. Рузикулов

Маданият вазирлигининг Бадиий экспертиза бошқармаси бошлиғи

4.

В. Файзиева

Ўзбекистон давлат санъат музейининг директори

5.

С. Рахметов

Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, ранг тасвирчи рассом

6.

А. Хакимов

Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор

7.

А. Мамажонов

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, график рассом

8.

А. Рахимов

Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, кулол

9.

М. Бородина

Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг кафедра профессори, ҳайкалтарош

10.

Н. Ахмедова

Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, санъатшунос

11.

З. Рахимова

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик
ва дизайн институтининг профессори

12.

Э. Жалилов

Маданият вазирлигининг Музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, Бадиий экспертлар кенгашининг масъул котиби

Изоҳ.
Бадиий экспертлар кенгашининг раиси, Бадиий экспертлар кенгаши раисининг ўринбосари бошқа ишга ўтган тақдирда, Кенгаш таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Бадиий экспертлар кенгашига қўшимча мутахассислар жалб этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги 474- сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисида
Кейинги таҳрирга қаранг.
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Кенгаш идоравий мансублигидан қатъи назар давлат музейларининг фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ишларини амалга оширувчи ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиловчи коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади.
3. Кенгаш аъзоларининг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади. Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тавсияси билан асосий иш жойидан белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Маданият вазирлигининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари
5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тақдим этилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек, бошқа маданий бойликларни экспертизадан ўтказиш ва уларнинг қийматини баҳолаш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
давлат буюртмалари бўйича бажариладиган бадиий асарларнинг эскизларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, уларнинг бадиий қиймати ва шартнома тузиш имкониятлари тўғрисида тавсиялар бериш;
юксак бадиий қийматга эга бўлган ранг тасвир, миниатюра, ҳайкалтарошлик, графика, декоратив-амалий санъат, инсталляция асарларини кўздан кечириш, ғоявий-бадиий қиймати, бажарилган ишларни қабул қилиш ва муаллифлик ҳақининг миқдори бўйича хулосалар бериш.
3-боб. Кенгашнинг ҳуқуқлари
6. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича хулосалар, тавсиялар, таклифлар бериш ва қарорлар қабул қилиш;
давлат бошқаруви органларидан ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Кенгаш ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш.
7. Ушбу Низомда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида Кенгашга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради.
4-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш
8. Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишган ҳолда, қоида тариқасида, камида 7 нафар ва кўпи билан 17 нафар (Кенгаш раиси, ўринбосари, масъул котиби ва кенгаш аъзолари)дан иборат таркибда шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Кенгаш таркибига етакчи санъатшунослар ва рассомлар, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, декоратив-амалий санъат усталари, археолог, нумизмат, манбашунос олимлар, мутасадди раҳбарлар, музей муҳофизлари ва кўргазма бўлимларининг мутахассислари, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги таълим ва фан муассасаларининг ходимлари киритилиши мумкин.
10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш бошқармаси Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Кенгашнинг ишчи органи:
Ўзбекистон Республикаси Миллий музей фондини тўлдириб бориш мақсадида тасвирий, анъанавий ва ноанъанавий декоратив-амалий санъат, театр-безак санъати, археологик, нумизматик, ёзма манбалар ҳамда бошқа тарихий ва замонавий маданий бойликларни харид қилиш бўйича эълонлар беради;
харид қилишга ва бошқа тегишли мақсадларда тақдим этилган маданий бойликлар рўйхатини шакллантиради, уларнинг фотосуратларини рўйхатга илова қилади ҳамда асарларни экспертизадан ўтказиш ва қийматини баҳолаш учун Кенгашга киритади;
Кенгашда иш юритилишини ташкил этади, ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланишни белгиланган тартибда таъминлайди.
12. Кенгаш мажлисининг кун тартиби Кенгаш котиби томонидан тайёрланади.
Кенгаш мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
Кенгаш котиби экспертизадан ўтказиладиган ва қиймати баҳоланадиган ашёларнинг зарур ҳужжатлари тўпламини тайёрлаб, кўриб чиқиш учун Кенгаш мажлисига киритади.
13. Кенгаш кўргазмалар ва рассомларнинг устахоналарида бадиий асарларни кўздан кечириши, музей ва кўргазма фондлари учун харидлар ҳақида тавсиялар бериши мумкин.
14. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий ижро этиш учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажарганлик учун, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратганлик, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкаларига мувофиқ, шунингдек, ушбу ҳақ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўланганда унинг энг юқори ставкаларига мос равишда асарларнинг баҳосини белгилайди.
Кенгашга маълум бир асар ёки ашёга хулоса бериш эҳтиёжи туғилганда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан қўшимча соҳа мутахассислари жалб этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Кенгаш мажлиси Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади ҳамда Кенгаш қарори аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда, очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда қатнашаётган мутахассисларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.
Кенгашнинг ҳар бир аъзоси умумий қарордан норози бўлган тақдирда, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва бу баённомада қайд этилади. Баённомада ҳар бир асар бўйича овоз бериш натижалари кўрсатилади. Қўшимча таклиф этилган маслаҳатчилар ва экспертлар овоз беришда иштирок этмайдилар.
Кенгаш аъзоси томонидан яратилган асар экспертизадан ўтказиш ва қийматини баҳолаш учун Кенгашга киритилган тақдирда ушбу Кенгаш аъзоси овоз беришда иштирок этмайди.
16. Кенгашнинг мажлислари баённомаларида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:
а) Кенгаш мажлисида иштирок этган аъзолар ва таклиф этилганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;
б) ҳомийлик хайриялари кўринишидаги ёки харид қилишга тақдим этилган маданий бойликларни музей фондига киритишнинг мақсадга мувофиқлиги;
в) харид қилишга тақдим этилган маданий бойликлар ҳақида қисқа маълумотлар (номланиши, муаллифи, яратилган жойи, қисқа визуал таърифи, материалнинг номи, техникаси, ўлчами, имзонинг мавжудлиги ҳамда сақланганлик ҳолати кўрсатилган ҳолда);
г) маданий бойликларни ҳомийлик хайрияси сифатида ёки харид қилиш учун тақдим этган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, почта манзили ва паспорт маълумотлари;
д) Кенгаш томонидан кўриб чиқиш учун вақтинчалик сақлашга олинган ашёларни қабул қилиш далолатномаси, ҳадя этиш ёки олди-сотди шартномасининг лойиҳасини илова қилган ҳолда (зарур ҳолатларда коллекция рўйхати билан).
17. Кенгаш баённомасининг қарор қисмида сотиб олинган асар ёки ашёнинг йўналиши бўйича қайси давлат музейининг асосий ёки ёрдамчи фондига киритиш тўғрисидаги тавсия ёзилади.
Баённома Кенгаш раиси, котиби ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.
18. Кенгаш мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Кенгашда иш юритиш, ҳужжатларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиши учун масъулият, шунингдек, қабул қилинган қарорларнинг ижросини назорат қилиш Кенгаш раисига юкланади.
20. Музей ашёлари ва коллекцияларини харид қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилганидан сўнг, Кенгаш мажлиси баённомаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буйруғи нусхаси муаллиф ва мулкни тасарруф этувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шунингдек, Кенгаш мажлиси баённомаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буйруғи нусхаси тегишли давлат музейларининг фондларига келиб тушаётган асарларни қабул қилиш далолатномасини расмийлаштириш учун топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Кенгаш муаллиф ва мулкни тасарруф этувчининг илтимосига кўра асарни унинг иштирокида кўриб чиқиши мумкин, асарнинг баҳоси тўғрисидаги қарор Кенгашнинг ёпиқ мажлисда қабул қилинади.
22. Кенгаш аъзолари узрсиз сабабларга кўра уч маротаба мажлисларда иштирок этмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги уларни Кенгаш таркибидан чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Молиялаштириш ва ҳисоб-китоб тартиби
23. Сотиб олиш учун Кенгаш томонидан баҳоланадиган ашёлар учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек, бошқа маданий бойликлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари сметасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида Кенгашнинг қарорига асосан сотиб олинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгашнинг тасдиқланган мажлис баённомасини ва Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда рассомларга муаллифлик гонорари тўлаш ва ашёларни тасарруф этувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ шартнома баҳосининг 15 фоизи миқдорида олдиндан тўловни амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Тегишли давлат музейининг бош муҳофизи имзоси ва муҳри билан тасдиқланган, асарларни музей ва кўргазма фондларига қабул қилиш далолатномаси тақдим этилгандан сўнг, рассомлар ва асарларни тасарруф этувчилар билан тўловнинг қолган 85 фоизи ҳисоб-китоб қилинади.
25. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда давлат музейлари фондини шакллантириш ва тўлдириш учун тасвирий, декоратив-амалий, театр-безак санъати асарлари, тарихий ёдгорликлар, архивлар, ноёб китоблар ва бошқа маданий бойликлар, бадиий асарлар, коллекциялар ёки алоҳида буюмларни харид қилиш учун буюртма бериш ҳуқуқига эга.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Якунловчи қоидалар
26. Кенгаш фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади. Кенгаш ишчи органи Кенгаш фаолияти юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига маълумот тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1985-моддаси.