1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.03.00.00 Маданият / 13.03.02.00 Маданият соҳасида бошқарув. Маданият соҳасида фаолиятни амалга оширишни лицензиялаш;
2.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.03.00.00 Маданият / 13.03.16.00 Танловлар. Кўриклар. Фестиваллар;
3.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.02.00.00 Жисмоний тарбия ва спорт / 14.02.02.00 Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқарув]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Жисмоний тарбия ва спорт;
2.Ижтимоий-маданий масалалар / Маданият]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартиби тўғрисида
Миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантиришда маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларини ўтказиш, шу асосда республикага келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х. Исроилов ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 22 май,
385-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 майдаги 385-сон қарорига ИЛОВА
Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвими (кейинги ўринларда тақвим деб аталади) — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган халқаро ва республика миқёсидаги ушбу Низомнинг 3-бандида назарда тутилган маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари рўйхати ва уларни ўтказиш муддатлари;
тадбирлар учун медиа контент (кейинги ўринда медиа контент деб аталади) — Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқларда жойлаштириладиган тақвим орқали кўриш ва эшитиш мумкин бўлган фотолавҳалар ва видеороликлар.
3. Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимига қуйидаги халқаро ва республика миқёсида ўтадиган тадбирлар киритилиши мумкин:
халқаро конференциялар, семинарлар ва анжуманлар;
миллий ва халқаро кўргазмалар ҳамда ярмаркалар;
миллий чолғулардан иборат турли концертлар;
спорт мусобақалари ва тадбирлари;
амалий санъат намуналари намойишлари;
миллий ҳунармандчилик йўналишидаги тадбирлар;
оммавий театр-томоша ва миллий ўйинлар намойишлари;
туризм ва маданий мерос объектларидаги тадбирлар;
бошқа маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари.
4. Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларини молиялаштириш ижрочилар ва ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
2-боб. Тақвимни шакллантиришнинг асосий вазифалари
5. Қуйидагилар тақвимни шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари тўғрисида хорижий сайёҳларнинг аввалдан тўлиқ маълумотга эга бўлишини таъминлаш;
туризм соҳасида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига туризм хизматларини шакллантириш ва ушбу хизматларни кўрсатиш учун ахборот базасини яратиш;
республика ҳудудида ўтадиган халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, спорт мусобақалари ва тадбирлар, амалий санъат намуналари намойиши, миллий ҳунармандчилик йўналишлари асосидаги тадбирлар, оммавий театр-томоша ва миллий ўйинлар намойишларида ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларда хорижий меҳмонларнинг иштирокини таъминлаш;
республикага келаётган хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига, ички ҳамда ташқи туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш;
халқаро туризм бозорида «Ўзбекистон» брендининг кенг миқёсда тарғиб қилиниши ҳамда ёритиб борилишини таъминлаш.
3-боб. Тақвимни шакллантириш
6. Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, Савдо-саноат палатаси, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларидан олинадиган ушбу Низомнинг 2 ва 3-иловаларига мувофиқ шакл бўйича маълумотларни ҳар йили 1 ноябргача умумлаштириб, 15 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига фотолавҳалар ва видеороликлар ҳамда тадбирлар бўйича бошқа маълумотлар бўлган медиа контент билан биргаликда тақдим этади.
Тақвимда ҳар бир тадбир бўйича медиа контент мавжуд бўлиши зарурий шарт ҳисобланади.
8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириб, ҳар йили 15 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига тасдиқлаш учун тақдим этади.
9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳар йили 1 январга қадар интерактив шаклдаги тақвим шакллантирилишини ҳамда доимий равишда Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали сайёҳлар учун кенг миқёсда тарқатилишини таъминлайди.
10. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
11. Тақвимга йил мобайнида тегишли вазирликлар ва идораларнинг таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/385/1267-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)