toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 29.04.2026
Ҳужжат 03.05.2018 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги 206-сонли «Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3574-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ер ва сув ресурслари ҳамда электр энергиясидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб фермер хўжаликлари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:
сув истеъмолчилари уюшмалари тасарруфидаги насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини улардан фойдаланувчи тегишли фермер хўжаликларига сув истеъмолчилари уюшмаларининг розилиги билан белгиланган тартибда 2018 йил 1 июнга қадар бепул ўтказиб беришни таъминласинлар;
ҳар йилнинг 1 апрель ҳолатига фермер хўжаликлари насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг техник ҳолатини, уларга бириктирилган суғориладиган ер майдонларини, жумладан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириладиган ерларни хатловдан ўтказсинлар ҳамда тегишли далолатномаларни расмийлаштирсинлар;
ҳар йил 1 майга қадар келгуси йилда пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси прогноз қийматини Давлат бюджетидан қоплаш бўйича асосланган талабномаларни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 10 кун муддатда сув манбаларининг сувлилигига қараб сув олиш лимитларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлаб жойлардаги барча сувдан фойдаланувчиларга етказсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоятлар молия бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини Давлат бюджетидан қоплаш бўйича тақдим қилинган талабномаларга асосан ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 2018 йил учун тегишли миқдорда Давлат бюджети маблағини ажратсин ҳамда келгуси йиллар учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда эътиборга олсин;
пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси харажатларини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг йил якуни бўйича иқтисод қилинган қисми тегишли насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини таъмирлаш ҳамда электр энергиясини тежовчи технологияларни жорий этиш учун фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини шартнома ва олдиндан тўлов асосида ўз вақтида электр энергияси билан таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги 2018 йил тажрибасидан келиб чиқиб зарур ҳолда фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича 2019 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 май,
320-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 320-сон қарорига
ИЛОВА
Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг (кейинги ўринларда истеъмолчилар деб аталади) насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) субсидиялар ажратиш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ушбу Низом электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатмаган, насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари ўрнатилган тартибда туман электр тармоқлари ташкилотидан рўйхатдан ўтмаган ҳамда пахтачилик кластерлари билан қамраб олинган истеъмолчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ, электр энергияси истеъмолчилари ва ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларга асосан амалга оширилади.
Электр энергиясини етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар белгиланган тартибда туманлар электр тармоқлари ташкилотларидан ва ҳудудий Ғазначилик бўлимларидан рўйхатдан ўтказилади.
4. Электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномаларни тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 29 майдаги ПФ-5059-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида шартномавий муносабатларни такомиллаштириш ва мажбуриятлар бажарилиши учун томонларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сон ҳамда «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорларига асосан тартибга солинади.
5. Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган тарифлар асосида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун талабномаларни расмийлаштириш
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қарорлари билан ҳар йили 1 мартга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда ҳудудий ишчи гуруҳ деб аталади) таркиби тасдиқланади.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар таркибига тегишли Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, насос станциялар ва энергетика бошқармалари, молия бош бошқармалари, ер тузиш ва давлат кадастри бошқармалари, ҳудудий электр тармоқлари ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари киради.
Туманлар ҳокимликларининг қарорлари билан туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида туман ишчи гуруҳлари (бундан кейинги ўринларда туман ишчи гуруҳи деб аталади) таркиби тасдиқланади. Туман ишчи гуруҳи таркибига туман қишлоқ хўжалиги бўлими, молия бўлими, ирригация бўлими, ер тузиш ва давлат кадастри бўлими, туман электр тармоқлари ташкилотининг раҳбарлари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари киради.
Ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари туманлар ишчи гуруҳларига жойларда ишни ташкил қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилади.
7. Туман ишчи гуруҳи ҳар йилнинг 1 апрель ҳолатига ҳар бир истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғининг техник ҳолатини, электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг мавжудлигини, уларга бириктирилган суғориладиган ер майдонларини, жумладан пахта ва бошоқли дон экин майдонларини ҳамда ердан фойдаланувчиларни жойларга чиқиб хатловдан ўтказади ва тегишли далолатномаларни расмийлаштиради. Далолатномалар туман ишчи гуруҳи раҳбари томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Далолатномада истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғининг:
техник параметрлари (русми, қуввати, сув сўриш ва босимли қувурлар узунлиги ҳамда диаметри, сувни кўтариш баландлиги ва бошқалар);
тасдиқланган гидромодулли районлаштириш ва суғориш режимидан келиб чиқиб, пахта ва бошоқли дон экинларини суғоришга сарфланадиган сув миқдори ва электр энергия истеъмоли харажатларининг ҳисоб-китоби акс эттирилади.
9. Истеъмолчилар кесимида тасдиқланган далолатномалар туман ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқиш ва умумлаштириш учун ҳудудий ишчи гуруҳга тақдим қилинади.
10. Далолатномани ишлаб чиқишда қуйидаги формулалардан фойдаланилади:

Wээ= Qэд× tна/ ηна

(1)

бунда:

Wээ — истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғи истеъмол қиладиган электр энергияси миқдори, кВТ;

Qэд — насос агрегати ёки суғориш қудуғи электр двигателининг қуввати,кВт /соат;

tна — насос агрегати ёки суғориш қудуғининг ишлаш давомийлиги, соат;

ηна — насос агрегати ёки суғориш қудуғининг фойдали иш коэффициенти.

Насос агрегати ёки суғориш қудуғининг ишлаш давомийлиги қуйидаги формула билан ҳисобланади:

tна = Wсув бр / Qна

(2)

бунда:

Qна — насос агрегати ёки суғориш қудуғининг сув сарфи, куб м/соат.

Wсув бр — истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғига бириктирилган пахта ва бошоқли дон экинларини суғоришга сарфланган жами сув ҳажми(сувни суғориш тармоғида йўқолишларини ҳисобга олинган ҳолда), куб м.

Wсув бр = Wсув / ηст

(3)

бунда:

ηст — истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғи чиқарган сувни экин майдонигача етказувчи суғориш тармоғининг фойдали иш коэффициенти;

Wсув — истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғига бириктирилган пахта ва бошоқли дон экинларини суғоришга сарфланган сув ҳажми.

Wсув = ωпахта×qпахта+ ωдон×qдон

(4)

бунда:

ωпахта — пахта майдони, га;

ωдон — бошоқли дон экин майдони, га;

q пахта — ғўзани суғориш меъёри, куб м/га;

qдон — бошоқли дон экинларини суғориш меъёри, куб м/га.

Бунда, кейинги йилда суғориш ишлари учун истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғи чиқариб берадиган сувнинг ойма-ой миқдори истеъмолчига хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилар уюшмаси томонидан туман ирригация бўлими билан келишилган ҳолда тегишли гидромодулли районлаштириш ва суғориш режими бўйича ҳисоб-китоб қилинган сув истеъмоли режасида белгиланган ҳажмда олинади.
11. Ҳудудий ишчи гуруҳ туман ишчи гуруҳлари томонидан тасдиқланган истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг кейинги йилда суғориш ишлари учун сув ва электр энергияси истеъмолининг миқдори, электр энергияси қиймати акс эттирилган далолатномаларини таҳлил қилади, умумлаштиради ва улар асосида вилоят бўйича талабномани шакллантириб, белгиланган тартибда тасдиқлайди.
Тасдиқланган талабномалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳар йили 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг кейинги йилда суғориш ишлари учун сув ва электр энергияси истеъмоли ҳамда электр энергияси қийматининг мувофиқлашган талабномаларини таҳлил қилади, умумлаштиради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва «Ўзбекэнерго» АЖ билан келишиб ҳар йилнинг 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги томонидан истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари келгуси йилда суғориш ишлари учун сув ва электр энергияси истеъмоли миқдори ҳамда электр энергияси қийматининг мувофиқлашган талабномалари асосида тегишли маблағлар ажратишни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ҳисобга олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматини қоплаш
14. Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари томонидан сув олиш лимитидан ортиқча сувни чиқариш харажатлари, истеъмолчиларнинг пахта ва бошоқли дон экинларидан бошқа экинларни, шунингдек бошоқли дон экинларидан бўшаган ерларга такрорий экинларни суғориш учун истеъмол қилинган электр энергияси қиймати тегишли фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа манфаатдор истеъмолчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
15. Ҳар йил тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта ва бошоқли дон экин майдонларини суғориш учун сарфланадиган электр энергияси харажатларини қоплаш учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари, бюджет параметрлари тасдиқлангандан кейин 10 кун ичида белгиланган тартибда молия органлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига етказилади.
Етказилган бюджет параметрлари туман молия бўлимлари томонидан бир қатор билан харажатлар сметаси рўйхатга олинади ва тақдим қилинган талабнома асосидан ҳар бир истеъмолчи кесимида — Ғазна ҳисоб рақамлари бўйича режа кўрсаткичлари киритилади.
16. Ҳисобот ойининг 25-санасигача туман ирригация бўлими сув истеъмолчилари уюшмаси, Насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳамда туман электр тармоқлари ташкилоти мутахассислари билан биргаликда истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта ва бошоқли дон экин майдонларини суғориш учун сарфланган сув миқдори ва унга кетган электр энергияси қийматини қоплаш бўйича ҳисоб-китобларни туман ишчи гуруҳига тақдим қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Истеъмолчиларнинг сув олиш жойлари сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари (гидропост) билан жиҳозланиши керак. Истеъмолчиларнинг суғориш ишларига олган сув миқдорини ҳисобга олиш уларнинг тегишли сув олиш жойлари сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлангунигача, ҳажмий, ҳисобий ва бошқа усулларда, ҳақиқий суғориладиган майдонларни, суғоришлар сонини, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш режимини, сув олиш давомийлиги қанча ва шу кабиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
17. Туман ишчи гуруҳи тақдим қилинган ушбу ҳисоб-китобларни жойига чиқиб ўрганади.
Туман ишчи гуруҳи истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари ҳисобот ойида пахта ва бошоқли дон майдонларига берилган сув миқдорини ҳамда истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисоб-китоб қилади ва тўрт нусхада далолатнома расмийлаштиради. Далолатнома туман ишчи гуруҳи раҳбари томонидан тасдиқланади ҳамда туман электр тармоқлари ташкилотига тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари ҳисобот ойида пахта ва бошоқли дон майдонларини суғориш учун истеъмол қилган электр энергиясини ҳисоб-китоб қилишда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг кўрсаткичлари (ой бошига ва охирги санасига), насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари билан суғориладиган майдонларга сарфланган сув ресурслари ҳамда уларни етказиб бериш учун истеъмол қилинган электр энергияси харажатлари ҳисобга олинади.
Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси бўйича аниқланган хато ва камчиликлар учун туман ишчи гуруҳлари, истеъмолчилар ва туман электр тармоқлари ташкилотлари раҳбарлари жавобгар ҳисобланади.
18. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими, туман молия бўлими ва ғазначилик бўлимининг ходимлари ҳар ойда истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларини қайд этиб, белгиланган тартибда маълумотлар базасига киритиб боради.
19. Туман электр тармоқлари ташкилоти истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари томонидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳамда ортиқча олинган сув миқдори ва унга сарфланган электр энергияси миқдори ҳамда қиймати бўйича барча далолатномаларни умумлаштиради ва ойлик ҳисоб-китобни амалга ошириш учун туман ғазначилик бўлимларига тақдим этади.
Бунда, истеъмолчилар томонидан пахта ва бошоқли донни суғоришга сарфланган электр энергияси қиймати учун алоҳида счёт-фактурани туман ғазначилик бўлимга тақдим этади. Истеъмолчиларнинг бошқа экинларини суғориш учун ҳамда пахта ва бошоқли донни суғориш учун ортиқча сарфланган электр энергияси қиймати учун алоҳида счёт-фактураларни истеъмолчиларга тақдим этади.
20. Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қиймати туман электр тармоқлари ташкилоти билан истеъмолчи ўртасида белгиланган тартибда тузилган ва рўйхатдан ўтказилган шартнома асосида ойма-ой ҳисоб-китоб қилиб борилади.
21. Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматини қоплашга Давлат бюджети маблағларини ўтказиш учун ҳар бир истеъмолчига туман ғазначилик бўлимида шахсий ғазна ҳисобварақлар очилади.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматини қоплашга Давлат бюджети маблағларини ўтказиш учун ҳар бир истеъмолчига хизмат кўрсатувчи тижорат банкида.махсус ҳисобварақлар (23410) очилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Туман электр тармоқлари ташкилоти томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланган далолатномаларда ва счёт-фактураларда кўрсатилган маблағлар туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмалари томонидан фермер хўжаликларининг шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасидаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида очилган. махсус ҳисоб рақамларига (23410) ўтказиб берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бунда, истеъмолчиларнинг насос агрегатлар ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қиймати бўйича ҳисобот ойидаги якуний ҳисоб-китоблар ва келгуси ҳисоб-китоб даври бошланишидан олдин, шартномада белгиланган энергия истеъмоли қиймати 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида тўловлар ҳисобот ойининг якунига қадар амалга оширилади.
Истеъмолчиларнинг бошқа экинларини суғориш учун ҳамда пахта ва бошоқли донни суғориш учун ортиқча сарфланган электр энергияси қиймати учун тақдим этилган счёт-фактуралар истеъмолчининг ўз маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
23. Истеъмолчилар томонидан шартномада кўрсатилган ҳажмларга нисбатан электр энергияси кам истеъмол қилинганда тўланган аванс маблағлари қайтарилмайди, келгуси ойда истеъмол қилинадиган электр энергия қийматини қоплаш учун ҳисоб-китобларда акс эттирилади.
24. Истеъмолчи туман электр тармоқлари ташкилоти билан ҳисоб-китобларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган тақдирда, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юборилади ва истеъмолчи электр энергияси тармоғидан узиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирилади.
25. Қарздорлик белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан истеъмолчи электр тармоғидан ажратилади ва қарздорликни белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилади.
Истеъмолчилар томонидан мавжуд қарздорликлар тўлиқ қоплангандан кейин уни электр тармоғига қайта улаш харажатлари истеъмолчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
26. Истеъмолчининг насос агрегатлари ва суғориш қудуғидан ўзаро келишувга кўра бошқа фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тегишли қишлоқ хўжалик экинлари майдонларини суғориш учун фойдаланилиши мумкин.
4-боб. Якуний қоидалар
27. Электр таъминоти шартномаси мажбуриятларини бажариш жараёнида юзага келадиган барча келишмовчилик ва низолар музокара ўтказиш орқали ҳал қилинади. Келишмовчиликларни музокара ўтказиш орқали ҳал қилишнинг иложи бўлмаганда, улар суд тартибида ҳал қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.05.2018 й., 09/18/320/1144-сон, 22.09.2018 й., 09/18/744/1949-сон; 14.12.2020 й., 09/20/777/1620-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 23.12.2022 й., 09/22/717/1112-сон; 04.08.2023 й., 09/23/331/0560-сон; 14.08.2023 й., 09/23/364/0594-сон; 08.01.2024 й., 07/24/5/0010-сон; 20.01.2025 й., 06/25/7/0051-сон; 28.07.2025 й., 09/25/466/0655-сон; 01.11.2025 й., 07/25/322/1002-сон; 13.11.2025 й., 09/25/719/1044-сон)