1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.01.00 Олди-сотди / 03.11.01.09 Автомототранспорт воситаларининг олди-сотдиси;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.17.00.00 Савдо / 09.17.10.00 Алоҳида турдаги маҳсулотлар бўйича савдо]
[ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Мажбурият ҳуқуқи. Мажбуриятларнинг алоҳида турлари;
2.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ СОТИБ ОЛИШ, УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИ БОШҚА ШАХСЛАРГА БЕРИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсларга беришни ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш, шунингдек жиноятчиликнинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш ва республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказилиши керак бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш фақат нотариуслар томонидан, улар биржалар ва савдо-сотиқ қилиш ҳуқуқига тегишли рухсатномаси бўлган ихтисослаштирилган савдо корхоналари орқали сотилган тақдирса эса – ушбу ташкилотлар томонидан амалга оширади:
олди-сотди шартномаси расмийлаштирилгунга қадар агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказилган рақамларга мувофиқлигини аниқлаш учун автомототранспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида кўрикдан ўтказилиши шарт;
республика ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсларга бериш улар божхона органларида рўйхатдан ўтказилгач ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида ҳисобга олингандан кейин амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари томонидан ҳисобга олинмаган автомобилларни бозорларда сотиш тақиқлансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва тижорат банкларининг тегишли бўлинмалари билан биргаликда автомототранспорт воситаларини бошқа шахсларга бериш битимларини ўз вақтида ва сифатли расмийлаштириш мақсадида бир ой муддатда:
автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш хизматлари, нотариал идоралар, банклар бўлимлари ва автомототранспорт бозорлари ҳудудларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш хизматларини жойлаштириш ва улар ишини ташкил этиш учун автомототранспорт бозорлари ҳудудида зарур жойлар ажратиш чораларини кўрсинлар;
автомототранспорт бозорлари ҳудудида иш кўраётган ўзларига қарашли бўлинмаларнинг иши ва ўзаро ҳамкорлигининг ягона тартибини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда амалдаги автомототранспорт воситаларига нисбатан битимлар ва ишончномаларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги фуқаролик қонунчилигига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлмаган шахсларга автомототранспорт воситалари ижара шартномаларини, шунингдек автомототранспорт воситаларига нисбатан ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни нотариал расмийлаштиришни вақтинча тақиқласин.