1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.17.00 Ҳисоб-китоблар (шунингдек, 07.21.03.00га қаранг) / 03.11.17.06 Пластик карточкалар бўйича ва электрон тўлов тизимлари орқали ҳисоб-китоб;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.07.00 Банк карталарининг эмиссияси ва улардан фойдаланган ҳолда операциялар]
[ТСЗ:
1.Молия / Пул тизими. Ҳисоб-китоблар;
2.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ПЛАСТИК КАРТОЧКАЛАР АСОСИДА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 октябрдаги ПФ-6325-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантиришни рағбатлантириш, улардан чакана савдода, коммунал хизматларга ва хизматларнинг бошқа турларига ҳақ тўлашда фойдаланиш, шунингдек пул маблағларининг банкдан ташқари айланишини қисқартириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Ўзбекистон Банклар уюшмаси ва республика тижорат банклари билан биргаликда ишлаб чиқилган 1-иловага* мувофиқ 2006 йил охиригача тижорат банклари томонидан пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш тармоғини кенгайтиришнинг прогноз жадвали маъқуллансин.
* 1-илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Банклар уюшмаси уч ой муддатда Банклараро процессинг маркази негизида савдо ва хизматлар соҳаси ташкилоти ёхуд пластик карточка эгасига қайси банкда хизмат кўрсатилишидан қатъи назар, барча савдо шохобчаларида банк операцияларини ягона режимда амалга ошириш имконини берувчи Ўзбекистон Банклар уюшмаси ҳузуридаги Ягона умумреспублика процессинг марказини ташкил этсинлар.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар ва тижорат банклари билан биргаликда 2-иловага мувофиқ чакана савдо ва хизматлар соҳаси объектларини, автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчаларини ва аҳолидан нақд пул қабул қилиш бошқа пунктларини тўловларни пластик карточкалар билан қабул қилиш бўйича терминаллар билан:
Тошкент шаҳрида — 2005 йил 1 январгача;
вилоят марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда — 2005 йил 1 июлгача таъминлаш чора-тадбирларини кўрсинлар.
Кўрилган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида 2004 йил ва 2005 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.
6. Пластик карточкаларнинг эмитентлари бўлган тижорат банклари:
2005 йил 1 январгача барча филиаллар, минибанклар ва жамғарма кассаларида тўловларни пластик карточкалар билан қабул қилиш бўйича терминаллар ўрнатсинлар;
айланма маблағлар тақчиллигига дуч келаётган чакана савдо ва хизматлар соҳаси ташкилотларининг тўловларни пластик карточкалар билан қабул қилиш бўйича терминаллар сотиб олиши учун ўз мижозларининг сўровлари бўйича имтиёзли кредитлар берсинлар (Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи ставкаси бўйича);
терминал тармоғининг узлуксиз ишлаши ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ўз мижозларига кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш чора-тадбирларини кўрсинлар.
7. Тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази:
банкоматлар, терминаллар, коммутация ускуналари ва пластик карточкалар бўйича тўловларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган бошқа асбоб-ускуналардан, шунингдек дастурий таъминот сифатидаги мол-мулкдан 2005 йил 1 январдан бошлаб 3 йил муддатга мулк солиғи тўлашдан;
пластик карточкалар, сарфланадиган материаллар, график ва электрон шахслаштириш қурилмалари, терминаллар, банкоматлар ва пластик карточкалар бўйича тўловларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган бошқа асбоб-ускуналарни импорт қилишда 2007 йил 1 январгача божхона тўловлари тўлашдан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
Тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулкдан солиқ тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон Банклар уюшмаси Маҳаллийлаштириш дастури доирасида республикада ўз материаллари негизида микрочиплари бўлган пластик карточкалар ва тўлов терминаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш юзасидан 2004 йил охиригача Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Тошкент шаҳрида, вилоят марказларида ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда жойлашган, савдо майдони 150 квадрат метрдан ортиқ бўлган турғун савдо шохобчаларига чакана савдони амалга ошириш учун рухсат берувчи гувоҳномалар беришда уларда тўловларни пластик карточкалар бўйича қабул қилиш имконини берувчи терминаллар мавжуд бўлишини назарда тутсинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:
амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳужжатлари мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 24 сентябрь,
445-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги 445-сон қарорига 2-ИЛОВА
Тўловларни пластик карточкалар билан қабул қилиш терминаллари билан жиҳозланадиган объектлар рўйхати
1. Авиация ва темир йўллар патталарини сотиш кассалари.
2. Уй-жой коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар ҳузурида очилган аҳолидан тўловларни қабул қилиш шохобчалари.
3. Телефон, шу жумладан уяли алоқа телефонлари хизматлари учун тўловларни қабул қилиш шохобчалари.
4. Аҳолидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қабул қилиш шохобчалари.
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги 445-сон қарорига 3-ИЛОВА
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.11.00.00 (Кучини йукотган) Маҳаллий солиқлар ва йиғимлар / 07.11.01.00 (Кучини йукотган) Мол-мулк солиғи / 07.11.01.03 (Кучини йукотган) Мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.11.00.00 (Кучини йукотган) Маҳаллий солиқлар ва йиғимлар / 07.11.01.00 (Кучини йукотган) Мол-мулк солиғи / 07.11.01.04 (Кучини йукотган) Мол-мулк солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби]
Тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулкдан солиқ тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан банкоматлар, терминаллар, коммутация ускуналаридан ва тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган бошқа ускуналардан мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш, шунингдек уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартибини белгилаб беради.
2. Тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази банкоматлар, терминаллар, коммутация ускуналаридан ва тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган бошқа ускуналардан, шунингдек дастурий таъминлашдан мулк солиғи тўлашдан 2005 йил 1 январдан бошлаб 3 йил муддатга озод этилган.
II. Мол-мулк қийматини ва солиқ суммасини ҳисоблаб чиқиш тартиби
3. Банкоматлар, терминаллар, коммутация ускуналари ва тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган бошқа ускуналар, шунингдек дастурий таъминлаш бўйича имтиёзларни қўллаш ва бўшаб қоладиган маблағларни ҳисобга олиш мақсадида тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан йилнинг ҳар чорагида мазкур Низомга иловага мувофиқ тегишли мол-мулкнинг қиймати ҳисоб-китоби тузилади.
5. Тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулк қийматини ҳисоблаб чиқиш тижорат банклари томонидан банкларнинг барча филиалларини ҳисобга олган ҳолда жамлаштириш асосида амалга оширилади.
6. Тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулк қиймати тўғрисидаги маълумотлар тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича республика солиқ хизмати органларига берилади.
7. Мулк солиғини ҳисоблаб чиқиш тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 25-сон ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2002-13-сон қарори билан тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2002 йил 11 мартда 1107 рақами билан рўйхатдан ўтказилган) Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқиш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ амалга оширилади.
III. Бўшаб қоладиган маблағларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби
8. Бўшаб қоладиган маблағларнинг бухгалтерия ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 52-сон, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2002-21-сон ва Давлат божхона қўмитасининг 02/8-6-сон қарори билан тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2002 йил 25 июнда 1155 рақами билан рўйхатдан ўтказилган) Юридик шахсларга солиқлар, божхона тўловлари ва бюджетга мажбурий тўловлар бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
9. Тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулкнинг қиймати ва қўлланилаётган имтиёзлар суммаси тўғри аниқланиши учун жавоб берадилар.
Тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан тўловларни пластик карточкалар билан амалга ошириш учун фойдаланувчи мол-мулкдан солиқ тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Тижорат банклари ва Ягона умумреспублика процессинг марказининг тўловларни пластик карточкалар билан амалга ошириш учун фойдаланадиган мол-мулки рўйхати
№
Мол-мулк номи
Мол-мулкнинг қолдиқ қиймати
1.
Банкоматлар
2.
Тўловларни пластик карточкалар билан амалга ошириш учун терминаллар
3.
Тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш ҳамда маълумотлар массивларини қайта ишлаш учун фойдаланиладиган компьютер ускуналари ва серверлар
4.
Тўловларни пластик карточкалар бўйича амалга ошириш учун фойдаланиладиган дастурий маҳсулотлар
5.
Коммутация ускуналари
6.
Карт-ридерлар (пластик карточкаларни ўқиш ва ёзиш учун қурилма)