1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.27.00.00 Валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш / 07.27.08.00 Валюта ва валюта бойликларини олиб кириш ва олиб чиқиш]
[ТСЗ:
1.Молия / Пул тизими. Ҳисоб-китоблар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 6 декабрдаги ПФ-5276-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.В. Тохирий зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 30 январь,
66-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 январдаги 66-сон қарорига 1-ИЛОВА
Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш
1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 6 декабрдаги ПФ-5276-сон Фармонига мувофиқ жисмоний шахслар (Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари) томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини белгилайди.
Ушбу Қоидалар дипломатик дахлсизликка эга бўлган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 2000 (икки минг) АҚШ доллари эквивалентидан ортиқча миқдордаги нақд хорижий валюта унга декларация тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.
Бунда йўловчи божхона декларациясида олиб кирилаётган ёки олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади.
3. Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра эквиваленти 2 000 (икки минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валюта декларацияланиши мумкин.
4. Жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда чекланмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб киришга рухсат этилади.
5. Ўзбекистон Республикаси ташқарисига нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетиш жисмоний шахсларга эквиваленти 5 000 (беш минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда рухсат этилади.
Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш:
резидентлар томонидан — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси асосида амалга оширилади, ушбу рухсатномада олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади;
норезидентлар томонидан — Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, ушбу декларацияда нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилган бўлиши лозим.
Норезидентлар — республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетилаётганда нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат улар томонидан ушбу нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос ҳисобланади.
6. Эквиваленти 5 000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос бўлган ҳужжатни бошқа шахсларга беришга йўл қўйилмайди.
7. Резидент томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномасини ва норезидент томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларациясини ишлатиш бир маротаба амалга оширилади ва келгусида эквиваленти 5 000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
8. Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтаётганларида нақд хорижий валютанинг ҳаққоний ва тўғри декларацияланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 январдаги 66-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада нақд хорижий валютанинг муомалада бўлишини тартибга солиш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида» 1996 йил 31 октябрдаги 376-сон қарори.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини тўлиқ ёки қисман ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 1998 йил 16 апрелдаги 161-сон қарорига 2-илованинг 9-банди.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Валюта бозорини янада эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 22 июндаги 263-қарорига илованинг 1-банди тўртинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 6-сон, 30-модда).
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибига ўзгартириш киритиш тўғрисида» 2009 йил 5 октябрдаги 268-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2009 й., 41-сон, 442-модда).
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида» 2016 йил 20 январдаги ЎРҚ-400-сон ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» 2016 йил 20 январдаги ЎРҚ-401-сон қонунлари)« 2016 йил 20 июндаги 211-сон қарорига 1-илованинг 3-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 6-сон, 59-модда).