Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисини, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раисларини ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходимларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида» 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисини, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раисларини ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходимларини янада моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 январдаги 30-сонли қарорига асосан 2020 йил 18 апрелдан ўз кучини йўқотади — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2020 й., 09/20/30/0061-сон)
2. «Ўзавтосаноат» АЖ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан тақдим этиладиган Марказий Кенгаш ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг раислари рўйхати асосида улар томонидан «Асака» акциядорлик-тижорат банки кредитлари ҳисобига автотранспорт воситалари сотиб олиш учун автотранспорт воситалари ажратилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши:
Марказий Кенгаш ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларининг сотиб олиш учун зарур бўлган автотранспорт воситалари миқдорини аниқлаш юзасидан рўйхатларини тузсин;
Марказий Кенгаш ходимларининг ва Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисининг, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларининг реал эҳтиёжини уларнинг кредитга автотранспорт воситаси сотиб олишга бўлган хоҳишлари ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда аниқласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси К.К. Куранбаев зиммасига юклансин.