1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.10.00.00 Саноат / 09.10.07.00 Кичик саноат зоналари]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Саноат]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни сотиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 10 августдаги 3199-сон қарори ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни сотиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2017 йилнинг 1 октябридан амалга киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 30 сентябрь,
778-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 сентябрдаги 778-сон қарорига ИЛОВА
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни сотиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 10 августдаги ПП-3199-сон қарорига мувофиқ заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни сотиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Олтин ва кумуш (кейинги ўринларда қимматбаҳо металлар деб аталади) қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик ҳамда бошқа буюмлар (кейинги ўринларда заргарлик буюмлари деб аталади) ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги берадиган (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) лицензияга эга юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (кейинги ўринларда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар деб аталади) томонидан сотиб олинади.
3. Қимматбаҳо металлар пластиналари заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан сотилади.
4. «Фонон» давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси (кейинги ўринларда «Фонон» ДИЧК деб аталади) Агентлик томонидан тақдим этиладиган қимматбаҳо металлардан қайта ишлаш асосида қимматбаҳо металлар пластиналарининг ишлаб чиқарилишини таъминлайди.
2-боб. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларига қимматбаҳо металларни сотиш механизми
5. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар тижорат банкларига ушбу Низомга 1-иловада назарда тутилган муддатларда ҳамда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда қимматбаҳо металларнинг керакли ҳажмларини кўрсатган ҳолда буюртманомалар тақдим этади. Бунда буюртманоманинг энг кам миқдори 100 граммдан кам бўлмаслиги зарур.
Тижорат банки заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи буюртманомани тақдим этишда «Лицензия» (www.license.uz) ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда унинг заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун лицензиясини текширади ва қабул қилинган буюртманомани ундаги маълумотларни қайд этган ҳолда алоҳида рўйхатга олиш дафтарига киритади.
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо металларнинг буюртманомада қайд этилган миқдорини сотиб олиш учун зарур маблағларни тижорат банкида ушбу Низомнинг 14-15 бандларига мувофиқ депозитга қўяди.
6. Бош тижорат банклари заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларнинг буюртманомаларидан келиб чиқиб, ҳар ойнинг биринчи ва/ёки учинчи сешанба кунлари соат 12:00 га қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига (кейинги ўринларда Марказий банк деб аталади) ва Агентликка керакли миқдордаги қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун жамланган буюртманомаларни ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда тақдим этади.
7. Марказий банк бош тижорат банкидан жамланган буюртманомаларни олгандан кейин икки иш куни давомида ва сотиладиган қимматбаҳо металлар пластиналарининг ҳақиқий оғирлиги тўғрисида Агентлик ахбороти асосида бош тижорат банкига тўлов ҳисоб-фактурасини тақдим этади.
8. Бош тижорат банки Марказий банк тўлов ҳисоб-фактурасини тақдим этган санадан икки иш куни давомида қимматбаҳо металлар учун тўловни тўлиқ амалга оширади.
Бош тижорат банки тўловни амалга оширгандан сўнг Марказий банк ва Агентликка тўловни амалга оширган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар бўйича қимматбаҳо металлар миқдори, қимматбаҳо металлар пластиналарини қабул қилиш ваколати берилган эга моддий жавобгар шахс ҳақидаги маълумотлар (фамилияси, отасининг исми, паспорт серияси ва рақами) кўрсатилган ва тижорат банкининг қимматбаҳо бойликларни олиш учун ишончномаси илова қилинган хатни юборади.
11. Тижорат банклари заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга уларнинг буюртманомалари асосида сотиб олинган қимматбаҳо металларни Агентликдан олинган кундан бошлаб беш кун давомида беради.
12. Марказий банк ва бош тижорат банклари, шунингдек тижорат банклари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар ўртасида қимматбаҳо металларни сотиш бўйича операциялар алоҳида шартномалар асосида амалга оширилади.
3-боб. Қимматбаҳо металлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширилиш
13. Марказий банк оғирлиги 100 грамм бўлган пластиналар шаклидаги қимматли металларни олдиндан тўлиқ тўлаш шарти билан миллий валютада сотади.
14. Қимматбаҳо металл баҳоси тижорат банки Марказий банкка буюртманомани тақдим этган кунда амал қилинган Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Марказий банк курси асосида унинг соф оғирлиги ва тижорат банкларида депозитга қўйилган маблағлар миқдори бўйича ҳисобланади.
Қимматбаҳо металл баҳоси ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ ҳисоб-китоблар асосида белгиланади.
15. Тижорат банкининг талабига асосан депозитга қўйиладиган маблағ миқдори заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи томонидан Марказий банк тақдим этган ва қимматбаҳо металлар пластиналарининг аниқ оғирлигидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилган тўлов ҳисоб-фактурасига асосан тўлдирилиши ҳамда қимматбахо металлнинг буюртма берилган миқдорини сотиб олишга етарли бўлиши керак. Депозитга қўйиладиган маблағ миқдорига ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ тижорат банкининг маржаси ва 17-бандига асосан Марказий банкка тўланадиган воситачилик ҳақи ҳам киритилади.
Қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун депозитга қўйилган маблағ миқдори етарли бўлмаса, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчининг буюртманомаси бекор қилинади.
16. Тижорат банклари қимматбаҳо металларни заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга кейинчалик олиб сотиш ҳуқуқисиз сотади, ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Бунда тижорат банклари қимматбаҳо металлар ҳисобини тегишли ҳисобварақларда юритади ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилардан сотиладиган қимматбаҳо металл қийматининг 1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда маржа олади.
17. Бундан ташқари, тижорат банклари заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилардан сотилган қимматбаҳо металлар қийматининг 1 фоизи миқдорида воситачилик ҳақини ушлаб қолади ва кейинчалик ушбу воситачилик ҳақи Марказий банкка қимматбаҳо металлар пластиналарини ишлаб чиқариш (қайта ишлаш, транспортировка қилиш, сақлаш ва бошқалар) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун тўланади.
18. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ўз фаолиятини тўхтатганда, у ушбу Низомга мувофиқ сотиб олинган ва фойдаланилмай қолган қимматбаҳо металларни Агентликни хабардор қилган ҳолда, бошқа заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчисига сотиш ҳуқуқига эга.
19. Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асллик даражасини белгилаш палатаси ва давлат солиқ хизмати органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олинган қимматбаҳо металлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилади.
20. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун сотиб олинган қимматбаҳо металлардан мақсадли фойдаланиш учун шахсан жавоб беради.
21. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни сотиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун қимматбаҳо металларни сотиш
СХЕМАСИ
* Муддат қимматбаҳо металлар пластиналарини бош тижорат банкидан уларнинг ҳудудий филиалларига етказиб бериш учун сарфланадиган вақт эътиборга олинган ҳолда белгиланган.