toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 26.07.2002
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН ТОВАРЛАР ИМПОРТИНИ ТАРИФЛАР БИЛАН БОШҚАРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 июлдаги 267-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва айримларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Импортни тарифлар билан бошқаришни такомиллаштириш, жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарлари олиб келинишини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, 2001 йил 1 июлдан бошлаб:
жисмоний шахслар (ўзлари қатнаб олиб келадиганлар) томонидан республикага тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб киришда йиғим божсиз олиб киришнинг чекланган нормаси қўлланилмасдан товарлар божхона қийматининг 50 фоизи ставкаси бўйича ундирилади;
жисмоний шахслар (ўзлари қатнаб олиб келадиганлар) томонидан олиб кириладиган тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарлардан қўшилган қиймат солиғи ва божхона божлари божсиз олиб киришнинг чекланган нормаси қўлланилмасдан ундирилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Импортни тарифлар билан бошқариш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 24 февралдаги 80-сон қарори билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган товарлардан йиғим ундиришнинг ставкалари ва амалдаги тартиби сақлаб қолинсин.
3. Тижорат фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслардан божхона тўловлари ва солиқлар тўлиқ ҳисоблаб чиқилиши ва йиғилиши учун назоратни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:
жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик мақсадларида товарлар олиб кирилишида улар давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома мавжуд бўлган тақдирдагина юкни божхонадан ўтказсин;
ҳар ойда, ойнинг 10-кунидан кечикмай давлат солиқ хизматининг тегишли органларига жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотларни, товарлар номи ва қийматини кўрсатган ҳолда жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик мақсадида олиб кирилаётган товарлар тўғрисидаги ахборотни юборсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини мазкур қарорга мувофиқлаштириш тўғрисида таклиф киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 29 июнь,
284-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 12-сон, 84-модда)