toggle_night_mode
Ҳужжат 04.09.2017 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида
Таълим ва тиббиёт муассасаларида бюджет жараёнининг шаффофлигини янада ошириш ва унинг устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, бюджетдан молиялаштириш, ҳисоб ва ҳисобот механизмини такомиллаштириш, вазирлик ва идораларнинг бўйсунувидаги муассасаларда бюджет интизомини мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятини ошириш, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари ва халқаро эътироф этилган молиявий назорат стандартларини жорий қилиш йўли билан бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва профилактикасига қаратилган давлат молиявий назоратининг ролини тубдан қайта кўриб чиқиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги томонидан киритилган таклифлар маъқуллансин ва 2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:
бир вақтда ўзларининг буйсунувидаги қуйи муассасаларда бухгалтерия хизматлари тугатилиб, халқ таълими туман (шаҳар) бўлимларида ва тиббиёт бирлашмаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари (кейинги ўринларда — марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари деб аталади);
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида — сони 3 штат бирлигидан иборат ички аудит ва молиявий назорат хизматлари (кейинги ўринларда — республика даражасидаги ички аудит ва молиявий назорат хизматлари деб аталади);
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикасининг Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасида, вилоятлар халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаларида ҳамда Тошкент шаҳар Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш бош бошқармалари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасида сони 1 — 4 штат бирлигидан иборат ички аудит ва молиявий назорат хизматлари (кейинги ўринларда — ҳудудий ички аудит ва молиявий назорат хизматлари деб аталади) ташкил этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ташкил этилаётган хизматларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
а) марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматларининг — марказлаштирилган тартибда қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилишини, иш ҳақининг ҳисобланиши ва тўланишини, товар, иш ва хизматларнинг харид қилинишини, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг фаолияти профили бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш;
б) республика даражасидаги ҳамда ҳудудий ички аудит ва молиявий назорат хизматларининг — бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилиниши ҳолатларининг қуйидаги йўллар билан профилактикасини таъминлаш ва уларнинг олдини олиш:
Кейинги таҳрирга қаранг.
буйсунувидаги муассасаларда харажатлар сметасини режалаштириш ва унинг ижроси, бюджет ҳисобининг юритилиши, тендер (танлов) савдоларининг ўтказилиши ва шартномалар тузилиши устидан мониторинг қилиш;
буйсунувидаги муассасалар ва марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари раҳбарларига бюджет ҳисоби ва ҳисоботи тизимини такомиллаштириш, асоссиз дебитор ва кредитор қарздорликларга йўл қўймаслик, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан товарлар, иш ва хизматларни харид қилиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматларининг ходимлари таркибини мустаҳкамлаш масалалари бўйича тавсиялар тайёрлаш;
қонунни бузиш ҳолатларини, уларни содир этишга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида қуйи муассасаларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки:
республика даражасидаги ҳамда ҳудудий ички аудит ва молиявий назорат хизматларининг штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармаларида қисқартирилаётган штат бирликлари ҳисобидан жорий этилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
республика даражасидаги ҳамда ҳудудий ички аудит ва молиявий назорат хизматларининг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг биринчи раҳбарлари буйруқлари билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
республика даражасидаги ички аудит ва молиявий назорат хизматларининг раҳбарлари ижтимоий-маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича тегишли вазирлик ва идоралар бошқарма бошлиқларига, ҳудудий ички аудит ва молиявий назорат хизматларининг раҳбарлари эса бўлим бошлиқларига тенглаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси этиб қайта ташкил қилинсин ва унинг қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
бюджет ташкилотларида бюджет маблағларини бошқариш ва бюджет ҳисобини юритиш бўйича махсус автоматлаштирилган дастурий маҳсулотлар воситасида бюджет ташкилотларининг молиявий фаолиятини доимий мониторинг қилиш;
бюджет қонунчилигига риоя этиш бўйича бюджет ташкилотлари билан тизимли асосда профилактика ишларини олиб бориш;
бюджет ташкилотларида аниқланаётган пул маблағлари ва моддий бойликларни талон-торож қилиш, камомадларга йўл қўйиш, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда ижро этиш тартибини бузиш ва бюджет қонунчилигини бошқача тарзда бузиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни содир этиш шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
масофавий назоратни кенг кўламда қўллаш, замонавий ахборот технологиялари ва маълумотлар базаси воситасида текшириш объектлари ва мақсадларини аниқлаш йўли билан кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда бюджет ташкилотларини текшириш самарадорлигини ошириш.
Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А. Хўжаев зиммасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига юклатилган вазифалар сифатли ва тўла ҳажмда бажарилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси тузилмаси ва унинг ҳудудий бошқармалари намунавий тузилмаси 1- ва 2-иловаларга мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ҳудудий бошқармалари ходимларининг чекланган сони 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Давлат молиявий назоратини такомиллаштириш бўйича Идоралараро кенгаш 4-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштиришнинг тизимли ва характерли молиявий ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси ва уларнинг олдини олишни назарда тутадиган истиқболли йўналишларини белгилаш;
давлат молиявий назорати ва ички аудит фаолиятини ташкиллаштириш ва амалга оширишнинг халқаро тан олинган услублари ва воситаларини жорий қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
давлат молиявий назорати ва ички аудит органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.
Идоралараро кенгашга (Б.А. Хўжаев) уч ой муддатда давлат молиявий назоратини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги Қонунини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда бюджет жараёнининг ҳар бир босқичида ташқи ва ички молиявий назоратининг вазифа ва функцияларини аниқ тақсимлаш, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан зиёд бўлган ташкилотларда давлат молиявий назоратини амалга ошириш масалалари кўзда тутилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ёзма сўровига кўра давлат молиявий назорати соҳасида унга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган банк ва тижорат сирини ташкил этувчи бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчилар ҳақидаги маълумотлар тақдим этиб борилишини таъминласин.
8. «Ўзбекистон Республикаси Товар-хомашё биржаси» АЖ Давлат молиявий назорати бош бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли ва бошқа жамғармалари маблағларининг ишлатилиши устидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш учун давлат ва корпоратив харидлар бўйича махсус ахборот порталининг ёпиқ қисмидан фойдаланишга рухсат берсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказий аппарати таркибида вазирликнинг умумий чекланган ходимлари сони доирасида Бюджетни тузиш ва ғазначилик ижроси, ички аудит ва молиявий назорат методологияси бошқармаси ташкил қилинсин, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
илғор халқаро тажриба асосида бюджет маблағларидан фойдаланиш натижадорлигини, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ўзини ўзи таъминлаши, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органларининг бюджет даромадлари базасини кенгайтириш ва маблағларидан оқилона фойдаланиш бўйича манфаатдорлигини оширишга қаратилган йўналишларда бюджет жараёни методологиясини такомиллаштириш;
замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда бюджет ҳисоби ва ҳисоботи тизимини янада такомиллаштириш, бюджет тизими бюджетлари ғазна ижроси ва давлат молиявий назорати тизимини ривожлантириш;
республика даражасидаги ва ҳудудий ички аудит ва молиявий назорат хизматлари фаолиятини ташкилий-методик жиҳатдан таъминлаш ва мувофиқлаштириш, ички аудит ва молиявий назоратнинг халқаро стандартларини уларнинг фаолиятига жорий этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (У.И. Иноятов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.К. Шадманов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.У. Мажидов) ўзларининг бўйсунувидаги муассасаларнинг харажатлар сметаси ва улар ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни, шунингдек, товарлар (иш ва хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномаларнинг рўйхатларини расмий сайтларида эълон қилинишини таъминласинлар.
11. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (У.И. Иноятов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.К. Шадманов), Молия вазирлиги (Б.А. Хўжаев):
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматининг Низомини, уларнинг намунавий штатлар жадвалини ва ходимларнинг тариф разрядларини ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар;
жорий йилнинг 26 августига қадар муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасаларида марказлашган ҳолда бюджет ҳисобини юритиш ва ҳисоботини тузишни ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъминласинлар.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликларида 3 тадан штат бирлигига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликларида, вилоятлар халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаларида ҳамда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш, халқ таълими бош бошқармаларида 2 — 4 та штат бирликларига эга бўлган бўйсунувидаги ташкилот ва муассасаларда бинолар ва иншоотлардан тўғри фойдаланишни мувофиқлаштириш ва мониторингини амалга ошириш бўлимларини ташкил этиш;
туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда тиббиёт бирлашмаларида улар бўйсунувидаги ташкилот ва муассасаларнинг бино ва иншоотларини тегишлича эксплуатация қилиш, сув, электр энергияси, газдан тежамкорлик билан фойдаланиш, уларни ҳисобга олиш асбоб-ускуналари ҳолатини мониторинг қилиш учун мобил ҳаракатдаги бўлинмалари билан бирга ихтисослашган таъмирлаш-эксплуатация бўлимларини ташкил этиш;
янгидан ташкил этилаётган таъмирлаш-эксплуатация бўлимларига қўшимча штатларни киритиш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш (махсус автотранспортлар, ускуналар, компьютер техникаси, жиҳоз ва мебеллар харид қилиш) бўйича харажатларни молиялаштириш халқ таълими бўлимларининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда тиббиёт бирлашмалари ва уларнинг қуйи умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ҳамда тиббиёт муассасаларида қисқартирилаётган бухгалтерлар ва бошқа хўжалик ходимлари (электриклар, сантехниклар), шунингдек, молия органларининг ишлаб чиқариш ходимлари ҳисобидан амалга оширилиши юзасидан қарор қабул қилсин.
13. Бюджет ташкилотларига фаолият тури бўйича ишлаб чиқарилган товарлар (ишлар ва хизматлар) реализациясидан тушган маблағлар ҳисобига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобини юритувчи бухгалтерлар лавозимини жорий этишга рухсат берилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (А.А. Хайитов) Халқ таълими вазирлиги (У.И. Иноятов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.К. Шадманов), Молия вазирлиги (Б.А. Хўжаев) билан биргаликда ушбу қарорга мувофиқ бўшаётган ходимларни ишга жойлаштиришни таъминлаш чораларини кўрсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А. Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.И. Иноятов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 21 август,
ПҚ-3231-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги ПҚ-3231-сонли қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат молиявий назорати Бош бошқармасининг
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони — 61 нафар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги ПҚ-3231-сонли қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати ҳудудий бошқармаларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг сони — 30 — 73 нафар.
Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони — 633 нафар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги ПҚ-3231-сонли қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати Бош бошқармасининг ҳудудий бошқармалари ходимларининг
ЧЕКЛАНГАН УМУМИЙ СОНИ

(бирлик)

Ҳудудлар номи

Ходимларнинг чекланган умумий сони

Жумладан:

молия инспекторлари

Қорақалпоғистон Республикаси

40

8

Андижон вилояти

51

9

Бухоро вилояти

40

7

Жиззах вилояти

34

6

Қашқадарё вилояти

53

9

Навоий вилояти

32

6

Наманган вилояти

46

7

Самарқанд вилояти

55

9

Сурхондарё вилояти

49

9

Сирдарё вилояти

30

6

Тошкент вилояти

65

24

Фарғона вилояти

55

9

Хоразм вилояти

35

6

Тошкент шаҳри

48

9

Жами

633

124

Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги ПҚ-3231-сонли қарорига
4-ИЛОВА
Давлат молиявий назоратини такомиллаштириш бўйича Идоралараро кенгаш
ТАРКИБИ

1.

Б.А. Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси молия вазири, Кенгаш ҳамраиси

2.

М.М. Икрамов

Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси раиси, Кенгаш ҳамраиси

3.

А.А. Хаитов

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

4.

Б.Р. Парпиев

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси

5.

А.К. Шадманов

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

6.

У.И. Иноятов

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири

7.

И.У. Мажидов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

8.

У.Ж. Суннатов

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари

9.

А.А. Каримов

Молия вазири ўринбосари

10.

М.Ш. Истамов

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари

11.

М.И. Агзамов

Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати Бош бошқармаси бошлиғи, Кенгаш котиби.

Изоҳ: Идоралараро кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганида, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган шахслар ёки тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 35-сон, 920-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 06/21/6300/0834-сон; 15.02.2022 й., 07/22/128/0131-сон)