toggle_night_mode
Ҳужжат 14.08.2017 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш ва Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 1 майдаги ПҚ-2939-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 август,
593-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги 593-сон қарорига
1-ИЛОВА
Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
бир ёзги балиқ — жорий йилнинг куз давригача (бир ёз яшаган) етиштирилган чавоқ балиқ;
балиқни саноат йўли билан овлаш — балиқ овлаш хўжаликларига берилган табиий сув ҳавзалари участкаларидан тижорат мақсадида балиқ овлашда фойдаланиш;
балиқ овлаш хўжалиги — балиқни саноат йўли билан овлашни амалга оширадиган юридик шахс;
талабгор — балиқ овлаш хўжалигини ташкил этиш учун очиқ танловда иштирок этишга ариза берган юридик шахс;
табиий сув ҳавзаси — балиқ ва бошқа сув жониворларини овлаш ёки уларни кўпайтириш учун фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган табиий сув ҳавзалари (денгиз, дарёлар, кўллар), шунингдек сув омборлари.
3. Табиий сув ҳавзаси участкаси балиқни саноат йўли билан овлашни амалга ошириш учун камида 10 йил муддатга очиқ танлов (кейинги ўринларда танлов деб аталади) натижалари бўйича танлов ғолиби бўлган балиқ овлаш хўжалиги ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) билан тузиладиган табиий сув ҳавзасидан фойдаланиш ижара шартномаси (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) асосида берилади.
4. Мазкур Низом талаблари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига белгиланган тартибда доимий равишда танҳо фойдаланиш учун берилган табиий сув ҳавзаларини балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартибига нисбатан татбиқ қилинади.
5. Мазкур Низом талаблари Айдар-Арнасой кўллар тизими участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ажратиш, уларда балиқни саноат йўли билан овлаш, улардан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.
6. Табиий сув ҳавзаларидан спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.
2-боб. Балиқ овлаш хўжалигига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш бўйича танлов ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби
7. Балиқчилик хўжалигига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш бўйича танлов Балиқчилик хўжаликларининг танловга оид таклифларини кўриб чиқиш бўйича танлов комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) қарори асосида ўтказилади.
8. Комиссия таркиби Уюшма томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибига ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари, молия, солиқ ва ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари ҳамда «Ипотекабанк» АТИБ ҳудудий филиаллари вакиллари киритилади.
Комиссияга Уюшманинг ваколатли вакили раҳбарлик қилади. Ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖларнинг директорлари Комиссия раисининг ўринбосарлари ҳисобланади.
9. Ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖлар Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади (кейинги ўринларда Ишчи орган деб аталади).
10. Танловни ўтказиш ва расмийлаштириш «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖлар (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) томонидан амалга оширилади.
11. Танловни ўтказиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
балиқчилик хўжаликларига бериладиган табиий сув ҳавзаси участкаларини аниқлаш ва танлов ўтказиш учун зарур маълумотларни шакллантириш;
танлов бошланишидан бир ой олдин оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали танлов ўтказилиши ҳақида эълон бериш;
талабгорлардан келиб тушган ҳужжатларни ва уларнинг таклифларини ўрганиш ва баҳолаш;
танловни ўтказиш ва танлов ғолибини эълон қилиш;
танлов натижаларини расмийлаштириш.
12. Балиқчилик хўжаликларига бериладиган табиий сув ҳавзаси участкаларини аниқлаш ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖларнинг таклифига кўра Уюшма томонидан амалга оширилади.
Уюшма балиқчилик хўжаликларига ижарага бериладиган табиий сув ҳавзаси участкаларини аниқлагандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда, улар ҳақида қуйидагилардан иборат бўлган маълумотларни шакллантиради:
табиий сув ҳавзаси участкаси рақами;
табиий сув ҳавзаси участкасининг жойлашган координатлари;
табиий сув ҳавзаси участкасининг майдони;
табиий сув ҳавзаси участкасининг харита-схемаси.
13. Уюшма танлов ўтказиш санасидан камида бир ой олдин оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали танлов ўтказилиши ҳақида эълон беради, унда қуйидагилар кўрсатилади:
а) танлов ўтказиладиган ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖнинг жойлашган жойи (почта манзили), телефон, телефакс рақамлари ва электрон почта манзили;
б) танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ариза ва ҳужжатлар рўйхати, уларни қабул қилиш вақти ва қабул қилишнинг охирги муддати (санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда);
в) ҳудудлар кесимида табиий сув ҳавзаси участкаларининг рўйхати, номи, майдони, жойлашган манзили ва сув ҳавзасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (танловни ўтказиш давридаги), балиқ чавоқлари билан балиқлантириш ҳажми ва шартноманинг амал қилиш муддати;
г) талабгорларнинг танлов таклифлари жойланган конвертларни очиш санаси, вақти ва жойи (танловни ўтказиш санаси);
д) танловни ўтказиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан танловда иштирок этиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар;
е) танловда иштирок этишга берилган аризани кўриб чиқиш учун тўлов миқдори, охирги муддати ва уни тўлаш учун банк реквизитлари.
14. Талабгорлардан келиб тушган ҳужжатларни ва уларнинг таклифларини ўрганиш ва баҳолаш Комиссия томонидан амалга оширилади.
15. Ишчи орган талабгорлардан танловда иштирок этиш бўйича аризаларни тегишли ҳужжатлари билан бирга қабул қилиб, алоҳида китобда рўйхатга олади ва кунлик реестрини юритади. Хато ва камчилиги бор ҳужжатлар бўйича талабгорларни жойида огоҳлантиради.
16. Танловда иштирок этиш учун талабгор ёки унинг вакили шахсан ёхуд почта орқали танловга аризани икки нусхада, кўриб чиқиш учун тўловнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатини асл нусхаси билан бирга қуйидаги ҳужжатларни Ишчи органга тақдим этади:
талабгорнинг тўлиқ номи ва жойлашган ери (почта манзили), телефон рақами кўрсатилган аризаси;
балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режа;
балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режанинг молиялаштириш манбалари (талабгорнинг ўз маблағлари, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредит маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар) билан таъминланганлиги ҳақидаги маълумотлар;
балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун моддий-техника воситаларининг (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналари ва ҳоказо) мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар;
балиқ (турлари ва миқдори бўйича) чавоқлари билан тегишли сув ҳавза участкасини ҳар йили балиқлантиришни амалга ошириш бўйича таклифи.
Талабгорлардан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
17. Барча ҳужжатлар талабгорлар томонидан муҳрланган (имзо билан тасдиқланган) конвертларда тақдим этилади. Тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари номзоднинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.
Ишчи орган талабгорлар тақдим этган ҳужжатлар ва таклифларни сақлаш ва ошкор этилмаслигини таъминлаши шарт.
18. Балиқ овлашни амалга ошириш бўйича Ишчи органга тақдим этиладиган бизнес-режада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
иқтисодий самарадорлик ҳисоб-китоблари, балиқ овлаш хўжалигини юритишдаги самарали техникавий, ташкилий ва иқтисодий ечимлар;
мавсумга кўра ойма-ой балиқ овлаш ҳажмлари, овланган балиқларни ветеринария-санитария ҳолатига мос равишда сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, сотиш, инкубация цехларини ташкил этиш, балиқ чавоқлари етиштириш, боқиш, табиий сув ҳавзаларини балиқлантиришга ва бошқа балиқчилик ишларига тахмин қилинган инвестицияларнинг ҳажми ва тури, муддати, молиялаштириш манбалари ҳамда кредитлар жалб этиладиган тақдирда тахмин қилинган гаров таъминоти;
ташкил этиладиган иш ўринлари сони, бунда ходимлар штатининг тажрибали балиқчилар, ихтиологлар ва бошқа мутахассис ҳамда экспертлар билан тўлдирилганлиги.
19. Танловда иштирок этиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу маблағлар ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖларнинг банк ҳисобварақларига йўналтирилади ва танловга тайёргарлик кўриш ҳамда танловни ўтказиш ишларида фойдаланилади.
Танловда иштирок этиш учун талабгор томонидан тақдим этилган ариза қабул қилингандан сўнг, аризани кўриб чиқиш учун тўланган тўловлар қайтарилмайди.
20. Ишчи орган танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилган кундан бошлаб ўттиз кун давомида талабгорларнинг танловда иштирок этиш ҳақидаги аризаларини қабул қилади.
Ишчи органнинг ваколатли ходими танловда иштирок этиш ҳақидаги аризанинг иккинчи нусхасига ушбу аризани ва унга илова қилинган муҳрланган конверт қабул қилинган сана ва вақтини кўрсатиб белги қўяди ва талабгорга ёки унинг вакилига топширади ёхуд почта орқали юборади.
21. Барча ҳужжатлар рўйхатга олиш китобида топширувчи ва қабул қилувчи шахсларнинг имзолари қўйилган, қабул қилиш санаси ва вақти қайд этилган ҳолда қабул қилинади. Рўйхатга олиш китоби тикилган, рақамланган бўлиб, ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖларнинг муҳри билан тасдиқланади.
Талабгорларнинг танлов таклифлари жойланган конвертлар танлов ўтказиладиган кунда очилади ва Ишчи органда сақланади.
22. Танловда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш танловнинг ўтказилиши тўғрисида эълон берилган кундан бошланади ва танловга аризаларни қабул қилишнинг охирги иш куни соат 18:00да якунланади.
Почта орқали юборилган аризаларни келиб тушган санаси уларнинг Ишчи орган томонидан олинган санаси ҳисобланади.
23. Танловда иштирок этиш ҳақидаги аризани қабул қилишнинг белгиланган муддати якунлангандан кейин келиб тушган аризалар рўйхатдан ўтказилмайди ва талабгорга қайтариб берилади. Танловга аризаларни қабул қилишнинг бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.
24. Танлов ўтказишнинг белгиланган санасигача, талабгор Ишчи органни ёзма равишда хабардор этиш йўли билан ўзининг аризасини ва танлов таклифларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Ишчи орган ушбу хабарномани келиб тушган кунида қайд этиши шарт.
25. Танловга аризаларни қабул қилиш якунлангандан кейин Ишчи орган Комиссия мажлисини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишларини ташкил этади. Комиссия раиси танловни ўтказиш куни Комиссия мажлисини чақиради.
26. Комиссия ўз фаолиятини Комиссия аъзолари ва талабгорларнинг шахсан иштирок этиш тартибида ташкил этади. Комиссия унинг аъзоларини камида тўртдан уч қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Танлов ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖларида ўтказилади.
27. Табиий сув ҳавзаси участкаларини бериш (ёки берилишини рад этиш) масаласи белгиланган кун ва соатда Комиссия мажлисида танлов таклифлари конвертларини очиш орқали амалга оширилади. Талабгорлар ёки уларнинг вакиллари танлов таклифлари конвертлари очилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Комиссия томонидан танлов таклифлари конвертлари очилганда танлов таклифларининг расмийлаштирилиши ва мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади.
28. Танлов таклифларини кўриб чиқиш ва танлов ғолибини аниқлаш қуйидагиларни баҳолаш натижаларига кўра амалга оширилади:
балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режа;
талабгорнинг балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун мавжуд моддий-техника воситалари (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналари ва ҳоказо) ва уларнинг ҳолати;
талабгорнинг балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режаси ўз маблағлари ва кредитлар ҳисобига молиялаштириш билан таъминланганлиги;
балиқ (турлари ва миқдори бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш ишларини ҳар йили амалга ошириш бўйича талабгорнинг таклифи.
29. Танлов ғолиби конвертлар очилган куни Комиссиянинг очиқ мажлисида аниқланади.
Энг мақбул танлов таклифларини тақдим этган талабгор танловнинг ғолиби деб эътироф этилади.
Комиссиянинг танлов ғолибига табиий сув ҳавзаси участкаларини бериш тўғрисидаги қарори унинг очиқ мажлисида иштирок этган аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлган ҳолатда Комиссия раиси ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга бўлади.
30. Танлов ўтказилиши ҳақидаги хабарномада кўрсатилган конвертларнинг очилиш санасигача бирорта ҳам ариза келиб тушмаган бўлса, танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади.
Комиссия танловга ариза тақдим этган талабгорларни ёки уларнинг вакилларини бу ҳақда бир иш кун мобайнида хабардор қилади.
31. Танлов амалга ошмаган деб эътироф этилган тақдирда, беш кун муддатда Комиссия мазкур Низомда белгиланган тартибда танловни қайта ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.
32. Комиссия танлов таклифларининг конвертлари очилган куни танлов натижаларини баённома шаклида расмийлаштиради.
Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:
Комиссия таркиби;
танлов иштирокчилари бўлган талабгорлар ва уларнинг таклифлари ҳақидаги маълумотлар;
табиий сув ҳавзаси участкасининг жойлашуви, майдони ва рақами, сув ҳавзасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (танловни ўтказиш пайтидаги);
танлов ғолиби;
овоз бериш натижалари ва Комиссиянинг қарори.
Баённома Комиссиянинг барча аъзолари, танлов ғолиби ёки унинг вакили томонидан имзоланади ва Комиссиянинг раиси томонидан тасдиқланади.
33. Комиссия танлов натижалари бўйича қарорини қабул қилишда талабларнинг ягона бўлишини ва холисликни таъминлаши лозим.
34. Танлов натижаларига кўра табиий сув ҳавзаси участкасининг берилиши рад этилган талабгорлар, Комиссия қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
35. Комиссия танлов натижаларига кўра қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида танлов иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.
Комиссия танлов ғолиби аниқланган куни унга тегишли хабарнома юбориб шартнома тузишни таклиф қилади.
Шартномада қуйидаги шартлар кўрсатилиши лозим:
табиий сув ҳавзаси участкасининг жойлашуви, майдони ва рақами;
шартномани тузган шахснинг балиқ ресурсларини ва табиий сув ҳавзасини сақлаш бўйича тадбирларни ўтказиши, шунингдек овланадиган балиқнинг мунтазам ҳисобини юритиш, табиий сув ҳавзаси участкаларини ҳар йили балиқ чавоқлари билан балиқлантириб боришни ташкил этиш, маҳсулот сотиш ва етиштириш бўйича шартномаларини тузиш, ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид қонунчиликка қатъий риоя этиш мажбуриятлари.
36. Ажратилган табиий сув ҳавзаси участкасининг харита-схемаси координатлари кўрсатилган ҳолда шартномага илова қилинади.
37. Танлов натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ҳамда Давлат хизматлари ягона интерактив порталига жойлаштирилади.
38. Танлов ғолиби бўлган балиқ овлаш хўжалиги томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилиши мониторинги Уюшма томонидан амалга оширилади.
3-боб. Комиссия ва Уюшманинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
39. Комиссия:
танлов таклифларини тақдим этиш муддатларини узайтириш тўғрисида ёки танловни ўтказиш санасини танловнинг ўтказилиши ҳақидаги эълонда белгиланган муддатдан кўпи билан бир ойга кўчириш тўғрисида қарорни қабул қилади, танловда иштирок этиш учун танловга ариза тақдим этган барча талабгорларни (улар мавжуд бўлганда) ёзма хабардор қилади;
зарур ҳолатларда, комиссия ишига, биологлар, ихтиологлар, зоотехник бошқа мутахассис ва экспертларни жалб қилади;
танловни ўтказиш жараёнини назорат қилади;
мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганда, тил бириктириш ҳолатлари ва танловни ўтказиш тартиботини бузадиган бошқа ҳолатлар аниқланганда танлов ўтказилишини тўхтатади.
Комиссия қуйидагиларга мажбурдир:
берилган аризаларни кўриб чиқиш ва танловни ўтказишни ўз вақтида, қатъий белгиланган муддатларда амалга ошириш;
танлов қатнашчиларини унинг натижаларидан ўз вақтида хабардор қилиш.
40. Уюшма:
балиқчилик хўжаликларига табиий сув ҳавзаси участкаларининг ижарага берилиши бўйича танлов ўтказилишини ташкил этади;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда табиий сув ҳавзаларининг балиқ ресурсларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклашга доир тадбирларни ўтказади;
балиқ захираларини кўпайтириш, ҳар йили табиий сув ҳавза участкаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириб бориш ишларини амалга оширади;
табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштиришнинг замонавий технологияларини ва усулларини жорий қилади;
табиий сув ҳавзаларининг балиқ ресурслари ҳолатини ўрганиш ва табиий сув ҳавзалари ҳудудида ҳаваскорлик ва балиқ овлаш спортини ҳамда экотуризмни ривожлантиришга доир мақсадли тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади;
балиқчилик хўжаликлари томонидан шартнома шартларига риоя қилиниши мониторингини юритади;
табиий сув ҳавза участкаларида балиқ ресурсларини овлаш ва балиқ чавоқлари билан балиқлантириш бўйича ҳар ойнинг якуни билан тезкор маълумотларни умумлаштириб, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига тақдим этади;
табиий сув ҳавзасининг вақтинча берилмаган участкаларида балиқ ресурсларини белгиланган тартибда овлашни ташкил этади.
Уюшма қуйидагиларга мажбурдир:
ижара берилган табиий сув ҳавзасини балиқлантиришни илмий асосланган нормаларини ишлаб чиқади ва танлов ғолибига тақдим этади;
балиқчилик тармоғида замонавий интенсив технологияларни жорий этиш ва унинг моддий-техника базасини ривожлантиришга қаратилган инновацион технологияларни кенг жорий этиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб боради ва танлов ғолибига тақдим этади.
4-боб. Балиқчилик хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
41. Балиқ овлаш хўжалиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:
табиий сув ҳавзасида берилган участкадан тузилган шартномага мувофиқ фойдаланиш;
ўз ихтиёрига кўра белгиланган тартибда овланган балиқларни мустақил тасарруф этиш (реализация қилиш);
ҳар йили табиий сув ҳавзаси участкаларини балиқ чавоқлари билан балиқлантириш;
балиқ озуқаси ва асосий фаолият билан боғлиқ бўлган бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш, шунингдек балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш.
Балиқчилик хўжаликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
42. Балиқчилик хўжаликлари қуйидагиларга мажбур:
балиқ ресурсларидан фойдаланишда табиий сув ҳавзаси участкалари ҳосилдорлигини ҳар йили ошириб бориш;
ҳар йили табиий сув ҳавзаси участкаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш тадбирларида иштирок этиш;
шартнома шартларини, шу жумладан танловда иштирок этиш ҳақидаги аризани беришда тақдим этилган бизнес-режасини бажариш;
шартномага илова қилинган табиий сув ҳавзаси участкасининг паспортида кўрсатилган табиий сув ҳавзаси участкалари доирасида балиқ овлаш;
ижарага берилган табиий сув ҳавзаси участкасидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланишига йўл қўймаслик;
ўзига тегишли бўлган балиқ овлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуна, жиҳоз ва анжомларни тамғалаш;
табиий сув ҳавзасининг қирғоқ участкаларини белгиланган тартибда санитария ҳолатида сақлаш;
ҳар йили балиқларни кўпайтиришни, балиқ овланадиган сувлар мелиорациясини, келгусида овланадиган майда балиқларни, шунингдек балиқ ресурслари сақланишини таъминлаш чораларини амалга ошириш;
ҳар куни овланган балиқларни мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ белгиланган намунадаги балиқларни овлаш дафтарида қайд этиш;
Уюшма ва ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖларнинг ходимларига, иш вақтида уларнинг талабига биноан шартнома ва балиқларни овлаш дафтарини тақдим этиш, балиқ овлаш хўжалиги ходими эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлари, балиқ овлаш анжомлари, жиҳозлари, ускуналари, тўрлари, техникалари ва уларнинг рўйхатдан олинганлиги, овланган балиқлар, қабул қилиш пунктларини ва уларни сақлаш жойлари, ишлаб чиқариш хоналарини, сузиш воситаларини ва белгиланган тартибда кўздан кечиришни амалга оширишга тўсқинлик қилмаслик;
ҳар ойда Уюшмага овланган балиқлар турлари, табиий сув ҳавза участкаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш, балиқ овланадиган сувлар мелиорацияси, овланадиган майда балиқларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги маълумотни ва табиий сув ҳавзаси участкасида балиқларни кўпайтириш натижалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш;
балиқларни сузиш воситасидан қирғоққа фақат махсус жиҳозланган жойда, балиқ овлаш хўжалиги жойлашган манзилда туширишни амалга ошириш;
балиқ овлаш хўжалигидан балиқни олиб чиқишни товар-транспорт юкхатлари бўйича амалга ошириш;
сузиш воситаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва балиқни овлашда хавфсизлик техникасига риоя қилиш;
балиқчиларнинг шахсини ва ушбу хўжаликдаги лавозимини тасдиқлайдиган гувоҳномалар билан таъминлаш;
овланган, қайта ишланган балиқ ва балиқ маҳсулотларини шартномалар асосида белгиланган тартибда реализация қилиш;
табиий сув ҳавзасида балиқ овлаш фаолиятининг қонунийлигини тасдиқлайдиган барча зарур ҳужжатларга (шартномалар, балиқни овлаш дафтарлари, сузиш воситаларининг ҳужжатлари ва ҳ.к.) эга бўлиш.
Балиқчилик хўжаликлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5-боб. Балиқчилик хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби
43. Балиқчилик хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўлови Уюшма томонидан ҳисобланади ва ундирилади.
Ижара тўловининг миқдори ушбу Низомнинг 2-бандида назарда тутилган ижара шартномасида белгиланади. Бунда ҳар йилнинг 15 февраль санасигача ижара ҳақининг миқдорини аниқлаб шартноманинг ижара ҳақи миқдори назарда тутилган бандига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
44. Ижарага берилган табиий сув ҳавзаси участкалари бўйича ижара ҳақи миқдорини ҳисоблаш учун балиқ овлаш хўжалиги томонидан 15 январга қадар қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:
а) ижарага олинган табиий сув ҳавзаси участкасининг умумий майдони (гектар ҳисобида);
б) ўтган йилда бир гектар табиий сув ҳавзасидан овланган (сотилган) балиқнинг (турлари бўйича) ўртача миқдори.
в) балиқ овлаш хўжалиги томонидан ўтган йилда бир гектар табиий сув ҳавзасини ўртача балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш миқдори.
45. Ижарага берилган табиий сув ҳавзаси участкалари бўйича ижара ҳақи миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:
Иҳ =Ҳ1* Му* Ис, бунда:
Иҳ — ижара ҳақи;
Ҳ1 — бир гектарнинг ўртача маҳсулдорлиги, кг;
Му — сув ҳавзаси участкасининг умумий майдони, га;
Ис — мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг фоизи ставкаси, сўмда.
Кейинги таҳрирга қаранг.
46. Ижара тўловини ҳисоблашда ижарага берилган табиий сув ҳавзаси участкасининг ҳар гектаридан овланадиган балиқ миқдори энг камида 10 кг ҳисобида қўлланади.
47. Балиқ овлаш хўжаликлари томонидан ижара тўлови икки қисмга бўлиб йил давомида қуйидаги кўринишда тўланади:
ижара тўловининг бир қисми (йиллик ижара ҳақининг камида 40 фоизи) 1 апрелгача;
қолган қисми 1 октябргача.
Ижара тўловини тўлаш шартлари ўз муддатида амалга оширилмаган ҳолатларда табиий сув ҳавзаси участкасидан фойдаланиш ижара шартномаси бекор қилинади.
48. Балиқ овлаш хўжаликлари томонидан тўланадиган ижара тўлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 1 майдаги ПҚ-2939-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини банкдаги ҳисобварағига тўлиқ миқдорда ўтказиб берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
49. Балиқ овлаш хўжаликлари томонидан ижара ҳақи тўловининг ўз вақтида тўлаб борилиши Уюшма томонидан назорат қилинади.
6-боб. Табиий сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирларни ўтказиш
50. Табиий сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирлар балиқчилик хўжаликларига бериладиган табиий сув ҳавзаси участкаларида балиқ ресурсларини қайта тиклаш ҳамда унда балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида ўтказилади.
Табиий сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирлар қуйидагилардан иборат:
овланадиган балиқлар захирасини аниқлаш бўйича янги технологияларни ишлаб чиқиш ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш;
табиий сув ҳавзасида балиқларни қафас усулида етиштириш технологияларини татбиқ қилиш ишларини амалга ошириш;
табиий сув ҳавзасида балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида балиқ чавоқлари етиштириш, инкубация цехлари, балиқ парваришхоналари, балиқ озуқаси ишлаб чиқариш заводлар, қайта ишлаш цехларини, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналарини барпо этиш.
51. Табиий сув ҳавзаларини балиқлантириш меъёри бир йилга сув ҳавзасининг бир гектарига камида 50 дона балиқ чавоқлари — бир ёзги ёки бир йиллик балиқлар ҳисобида белгиланади.
Табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш тадбирлари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри ва давлат солиқ хизмати бошқармалари ходимлари, ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖ ва балиқ овлаш хўжаликларининг вакиллари иштирокида ўтказилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.
7-боб. Якунловчи қоида
52. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисида низомга
1-ИЛОВА

БАЛИҚ ОВЛАШ ДАФТАРИ

__________________________________________________________________________

(балиқ овлаш хўжалигининг номи)

БАЛИҚ ОВЛАШ ҲУДУДИ ____________________________________________________________

(вилоят, туман, сув ҳавзаси номи, сув ҳавзаси участкаси рақами)

___________________________________________________________________________________________

20___ йил

__________________________________________________ балиқ овлаш ҳудудидаги балиқ овлаш хўжалиги
_____-сон бригадасининг 20___ йил учун дафтари

кг

Кун, ой, йил

Балиқ овлаш учун масъул шахс Ф.И.О.

Овлаш воситаси

Сазан

Судак

Жарих

Лаққа балиқ

Оқ дўнгпешана

Оқ амур

Илонбоши балиқ

Карас

Леш балиғи

Плотва

Шемая

Чўртан балиқ

Чехонь

Бошқа турлари

Ҳаммаси

Юкхати № ва жўнатиш санаси

Қабул қилувчининг Ф.И.О. ва давлат автотранспорти №

Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисида низомга
2-ИЛОВА
Балиқ овлаш хўжаликлари томонидан тўланадиган ижара ҳақи тўловини ҳисоблашда сув ҳавзалари участлари маҳсулдорлигига боғлиқ ҳолда қўлланиладиган
ставкалар миқдори

Маҳсулдорлик, га/кг

Энг кам ойлик иш ҳақи, фоиз

10 гача

0,007

10,1 — 20 гача

0,006

20,1 — 30 гача

0,005

30,1 — 40 гача

0,004

40,1 дан юқори

0,003

Эслатма: (10 кг х 1048 х 1000 га = 10 480 000 минг сўм)
Энг кам иш ҳақи 149 775 сўм х 0,007% = 1048 сўм
1 гектарга 10480 сўм
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги 593-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма алоҳида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасида тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур Низом Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги балиқ овлаш хўжаликларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари
4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
табиий сув ҳавзаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага беришдан тушган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
5. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Жамғарманинг ҳар йили тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаларига мувофиқ амалга оширилади.
6. Жамғарма маблағларидан қуйидагиларни молиялаштириш учун фойдаланилади:
балиқчилик тармоғида илмий-тадқиқот ва селекция-наслчилик ишларини амалга ошириш;
табиий сув ҳавзаларида балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида балиқлантириш ишларини амалга ошириш;
балиқларни озиқлантириш учун озуқаларнинг замонавий рецептураси ва услубий қўлланмаларини ишлаб чиқиш;
балиқчилик тармоғида замонавий интенсив ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва моддий техника базасини ривожлантириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
балиқлар касалликларини олдини олиш ва даволашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари шакллантирилишини молиялаштириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Жамғарма маблағларидан қатъий равишда мақсадли фойдаланилади.
4-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш
8. Уюшма раиси бошчилик қилувчи Жамғарманинг бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда Жамғарма кенгаши деб аталади) Жамғармани бошқариш органи ҳисобланади.
9. Жамғарма кенгашининг шахсий таркиби Уюшма, Балиқчилик илмий тадқиқот институти, ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖ директорлари ва балиқчилик хўжаликлари вакилларидан ташкил топади ҳамда кенгаш таркиби Уюшма таъсисчилари йиғилиши томонидан тасдиқланади.
10. Жамғарма кенгаши ва аъзолари жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.
11. Жамғарма кенгаши:
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;
жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилайди;
зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;
жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.
12. Жамғарма кенгаши мажлиси ҳар чоракда бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари ҳолларда чақирилади.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан ҳисобот, назорат ва жавобгарлик
13. Жамғарма бўйича маблағлар тушуми ва ҳаракати ҳисоби Уюшманинг Молия, бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва Жамғарма маблағларининг бошқариш бўлими томонидан алоҳида юритилади.
14. Уюшма томонидан ҳар чоракдан кейинги ойнинг 5-санасида Жамғарма маблағларини шаклланиши ва харажатлари тўғрисидаги маълумотномаларни мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ Жамғарма кенгашига тақдим этади.
15. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Жамғарма кенгаши томонидан амалга оширилади.
16. Жамғарма маблағларининг сарфланишида Уюшма қуйидагилар учун жавобгардир:
жамғарма маблағлари бухгалтерия ҳисобини тўғри юритилишига;
жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишга;
танлов (тендер) савдолари ўтказиш тартибига риоя қилиниши ва етказиб берувчиларни танлашда мақсадга мувофиқлик ва нарх-наво ечимига.
6-боб. Якунловчи қоидалар
17. Жамғарма маблағларидан фойдаланилишида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

‎‎Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши тўғрисида 20___ йил __________ ҳолатига
‎МАЪЛУМОТНОМА

Т/р‎

Кўрсаткич номи‎

Сумма (минг сўм)

1.‎

01.01.20____га қолдиқ

2.‎

Ҳисобот даврида тушган маблағлар (жами)‎

шу жумладан:‎

3.‎

Ҳисобот давридаги харажатлар (жами)‎

шу жумладан:‎

4.‎

Ҳисобот даврига қолдиқ‎

‎‎«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси

____________

_________________________

‎(имзо)

‎(Ф.И.Ш.)‎

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги 593-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган
ЎЗГАРТИРИШЛАР
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 30 мартдаги 160-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 3-сон, 20-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тўғрисида низомнинг 7-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«чорвачилик, балиқчилик ва наслчилик ишларининг илмий муаммоларини назарий асосларини ишлаб чиқиш;».
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 4-сон, 14-модда):
13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

13.

Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар турлари учун — ёввойи ҳайвонларни тутишга ва Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетишга ҳамда ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларни йиғишга ва олиб чиқиб кетишга рухсатнома берилганлиги учун тўлов

12

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар турлари учун — ёввойи ҳайвонларни тутишга ва Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетишга ҳамда ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларни йиғишга ва олиб чиқиб кетишга рухсатнома берилганлиги учун тўлов

40

Мусодара қилинган овчилик ва балиқ овлаш қуроллари, шунингдек овчиликнинг ноқонуний маҳсулотлари сотилишидан тушган маблағлар

40

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳамда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун жарималар ундиришдан олинган маблағлар

40

»;

25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

25.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси

Республиканинг табиий балиқчилик хўжаликлари сув ҳавзалари ижарага берилганлигидан тушган маблағлар (Айдар-Арнасой кўллар тизими бундан мустасно)

100

»;

б) 2-илованинг 13-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 10-сон, 108-модда) билан тасдиқланган Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланганлик учун тўлов сифатида тушган маблағларни, жарима суммалари ва табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлардан етказилган зарар учун ундирилган суммаларни тақсимлаш тартиби тўғрисида низомнинг 1-банди олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«республиканинг балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаларида саноат мақсадида балиқ овлаш учун 100 фоизи — «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;».
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги 593-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. 2018 йил 1 январдан бошлаб «Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги 350-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 8-сон, 70-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига ажратмаларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 25 октябрдаги 499-сон қарори 3-иловасининг 23-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 10-сон, 100-модда).
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ–360-сон ҳамда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ–398-сон қонунлари)» 2016 йил 26 апрелдаги 122-сон қарори 1-иловасининг 58-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 4-сон, 28-модда).
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 7 мартдаги 124-сон қарорининг 9-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 10-сон, 148-модда).
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 32-сон, 814-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон; 15.05.2019 й., 09/19/403/3134-сон, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 01.01.2020 й., 07/20/4555/4257-сон, 29.08.2020 й., 07/20/4816/1239-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.03.2022 й., 09/137/22/0244-сон; 04.09.2023 й., 09/23/441/0674-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)