1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.10.00.00 Божхона назорати. Божхона тартибини бузганлик учун жавобгарлик / 10.10.01.00 Божхона назорати]
[ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Божхонага оид қонун ҳужжатлари]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ТАШИЛАЁТГАН ТОВАРЛАРНИ БОЖХОНА ТОМОНИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШНИ КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 декабрдаги 800-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи савдо юкларини божхона назорати остида ташишни соддалаштириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Импорт товарларни республика ҳудуди бўйлаб ташишни божхона томонидан назорат қилишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2004 йил 1 июндан бошлаб божхона органлари ўртасида ҳаракатланишнинг қуйидаги ҳолларида автотранспорт воситаларини божхона томонидан мажбурий кузатиб бориш жорий этилсин, халқаро йўлларда ташиш дафтарчалари қўлланган ҳолда юкларни халқаро ташишлар тўғрисидаги Божхона конвенциясига мувофиқ қатновлардан ташқари:
товарлар товарларни божхона назорати остида ташиш учун транспорт воситаларини (контейнерларни) жиҳозлашнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларида ташилганда;
товарлар товарларни божхона назорати остида етказиб бериш ва транзит қоидаларини илгари бузган ташувчилар томонидан ташилганда;
қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, рухсатномалар мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ташилиши тақиқланган товарлар ташилганда;
акциз солиғи солинадиган товарлар ташилганда;
импорт қилиниши лицензияланадиган ва мажбурий равишда сертификатланадиган товарлар ташилганда.
Ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошида кўрсатилган транспорт воситаларини божхона томонидан кузатиб бориш божхона органининг депозит ҳисоб рақамига божхона тўловлари уларни тўлашни таъминлаш сифатида тўланган тақдирда ёхуд товарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона ташувчиси томонидан ташилган тақдирда қўлланмайди.
1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.05.00.00 Товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасидан олиб ўтилганда ундириладиган солиқлар ва йиғимлар / 10.05.07.00 Божхона йиғимлари]
2. Белгилансинки, 2004 йил 1 июндан бошлаб божхона томонидан кузатиб борганлик учун божхона йиғими Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валюта «сўм»да қуйидаги миқдорларда ундирилади:
200 км масофагача — битта транспорт воситаси учун 50 евро;
масофа 200 км дан ортиқ бўлганда — битта транспорт воситаси учун 120 евро.
3. Божхона томонидан кузатиб боришни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси штатдаги ходимларининг чекланган умумий сонини 40 нафарга кўпайтиришга рухсат берилсин, уларнинг молиявий таъминоти моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш ва божхона органларини ривожлантириш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган товарларнинг темир йўл транспортида ташилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича бир ой муддатда таклифлар киритсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда ўзларининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 20 май,
239-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 20 майдаги 239-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг айланиши устидан давлат монополиясини кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотишдан бюджетга тушумни кўпайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1998 йил 21 майдаги 221-сон қарори 1-бандининг олтинчи хат боши чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Чегарадош давлатларнинг юк автотранспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали ўтиши учун ягона йиғимлар белгилаш тўғрисида» 1999 йил 31 декабрдаги 552-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 12-сон, 72-модда) 4-банди чиқариб ташлансин.