toggle_night_mode
Ҳужжат 08.01.2001 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИ ТЎҒРИСИДА
I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларига дахлдор қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг асосий принциплари
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
ихтиёрийлик;
тенглик;
ошкоралик;
ҳамма учун очиқлик;
эркин фикр билдириш.
4-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси иштирокчилари
Фуқаролар, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси иштирокчилари бўлишлари мумкин.
Чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотларнинг экспертлари Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига ушбу Қонунга мувофиқ жалб этилишлари мумкин.
5-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқароларнинг ҳуқуқлари
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида эркин иштирок этиш;
қонун лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларига, оммавий ахборот воситаларига таклифлар ва мулоҳазалар киритиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси учун депутатлар билан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг вакиллари билан ташкил этилган учрашувларда ва бошқа тадбирларда қатнашиш.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этувчи фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида оммавий ахборот воситаларининг иштирок этиши
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Оммавий ахборот воситалари қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг боришини ёритадилар, қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазаларини эълон қилиб борадилар.
II БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ИШТИРОК ЭТИШ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ
7-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқаролар иштирок этишининг ихтиёрийлиги
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрийдир.
Фуқароларни қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишга мажбурлаш тақиқланади.
8-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишда фуқаролар тенг ҳуқуққа эгадирлар.
Фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказишда ошкоралик
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси ошкора ўтади ва оммавий тусга эга бўлади.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
10-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг ҳамма учун очиқлиги
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси унинг ҳамма иштирокчилари учун очиқ бўлиши керак.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишга ҳеч ким монелик қилишга ҳақли эмас.
11-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида фуқароларнинг эркин фикр билдириш ҳуқуқи
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида фуқаролар қонун лойиҳалари бўйича ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида ҳеч ким қонун лойиҳалари юзасидан ўз фикрини билдиришга мажбур қилиниши мумкин эмас.
III БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
12-модда. Қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ташаббуси
Қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ташаббуси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган органлар ва шахсларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўмиталари ва комиссияларига тегишлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини тайинлаш
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ёки унинг Кенгаши қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида тушадиган таклиф ва мулоҳазаларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш муддати ва тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилиш
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси учун «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида, уларни умумхалқ муҳокамасига қўйиш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин ўн кундан кечиктирмай эълон этилади. Улар махсус нашрларда, бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам чоп қилиниши мумкин.
15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссияларининг қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш бўйича ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўмиталари ва комиссиялари:
қонун лойиҳалари юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб борадилар;
тушаётган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштирадилар, ўрганиб чиқадилар ва таҳлил этадилар;
таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқиш ва таҳлил этишга экспертлар, мутахассислар ва олимларни жалб қиладилар;
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси бўйича семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари уюштирадилар;
таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳаларини маромига етказадилар;
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига доир тадбирларни ташкил этиш
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар блоклари, шунингдек Олий Мажлис депутатлари сайлов округларида қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига доир тадбирларни ташкил этадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш учун шарт-шароитларни таъминлаш
Давлат органлари қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш учун:
қонун лойиҳаларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;
қонун лойиҳаларининг муҳокамасига доир тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш;
қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг бориши ва якунлари тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида тарқатиш йўллари билан зарур шарт-шароитларни таъминлайдилар.
18-модда. Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари давлат органларининг мажлисларида, фуқаролар йиғинларида, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларида, ҳарбий хизматчиларнинг йиғилишларида, оммавий ахборот воситалари орқали муҳокама қилиниши мумкин.
19-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари якка тартибда ёки жамоа тарзида, оғзаки ёки ёзма шаклда киритилади.
Қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазаларда фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг турар жойи, тегишли органнинг, ташкилотнинг номи ва почта манзили кўрсатилади. Қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар имзоланган бўлиши керак.
Қонун лойиҳаси юзасидан белгиланган тартибда киритилган таклиф ва мулоҳазалар кўриб чиқилиши шарт. Таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиб олишни рад этиш тақиқланади.
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари тавсия ва маслаҳат хусусиятига эга бўлади.
20-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси бўлиб ўтадиган тил
Фуқаролар қонун лойиҳасига доир таклиф ва мулоҳазаларини давлат тилида ёки ўзлари билган исталган бошқа тилда киритишга ҳақлидирлар.
IV БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИ ДАВОМИДА ТУШГАН ТАКЛИФ ВА МУЛОҲАЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
21-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазаларини кўриб чиқиш
Фуқаролар, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан умумхалқ муҳокамаси давомида қонун лойиҳаси юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссиялари томонидан кўриб чиқилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазаларини умумлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўмиталари ва комиссиялари умумхалқ муҳокамаси давомида тушган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштирадилар ҳамда қонун лойиҳаларини маромига етказадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23-модда. Шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳисобга олиш
Қонун лойиҳаларини маромига етказиш пайтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўмиталари, комиссиялари, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар блоклари аҳоли турли қатламларининг, жамият сиёсий кучларининг ҳамда давлатнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга оладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24-модда. Таклиф ва мулоҳазаларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ахборот
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўмиталари ва комиссиялари қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисида умумлаштирилган ахборот тайёрлайдилар ҳамда уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари эътиборига етказадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
V БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
25-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунларини кўриб чиқиш
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси кўриб чиқади.
Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунни қабул қилади ёки қонун лойиҳасини қўшимча равишда ишлашга юборади ёхуд уни рад этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунларини эълон қилиш
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.
27-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 14 декабрь,
166-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 14-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/563/3685-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 21.09.2024 й., 03/24/963/0735-сон)