1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.02.00 Вазирликлар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.14.00.00 Қишлоқ хўжалиги / 09.14.02.00 Агросаноат ишлаб чиқаришнинг давлат бошқаруви / 09.14.02.01 Бошқарув ва тартибга солишнинг умумий масалалари]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;
2.Иқтисодиёт / Қишлоқ хўжалиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3671-сон қарори, «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3672-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқ хўжалигида бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, замонавий агротехнологияларни ҳамда ер ва сувдан фойдаланишнинг янги тизимларини жорий этиш, қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят ва туман бошқарув органларининг ролини ва масъулиятини ошириш, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 15 ноябрдаги 443-сон қарорини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмаси ҳамда ходимларнинг 210 нафардан иборат (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) чекланган сони 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан фаолияти мувофиқлаштириладиган ташкилотлар ва корхоналар рўйхати 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят ва туман бошқармаларининг намунавий тузилмалари 3, 4, 5 ва 5а-иловаларга мувофиқ;
Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тузилмаси 6 ва 7-иловаларга мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи давлат корхоналарини мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантириш жадвали 8-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 8-илова берилмайди.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
қишлоқ хўжалигида деҳқончилик, сувдан фойдаланиш ва агротехнологияларнинг илғор тизимларини чуқур ўрганишга ва жорий этишга асосланган ягона техника сиёсатини амалга ошириш;
қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва улар амалга оширилишининг, қишлоқда мулкчилик ва хўжалик юритиш турли шаклларини ривожлантиришнинг, ижара ва хўжалик ички пудрат муносабатларининг мониторингини олиб бориш;
деҳқончилик ва чорвачилик учун деҳқончиликнинг янги тизимлари, юқори самарали агротехнологиялар, қишлоқ хўжалиги техникасининг замонавий турлари жорий этилишини таъминлаш;
жаҳон ва ички бозорлар конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда экин майдонлари таркибини такомиллаштириш, селекция, уруғчилик ва қишлоқ хўжалиги экинларини навлар бўйича жойлаштириш ишларини ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, доимий мониторингни амалга ошириш ва уларга риоя этилишини назорат қилиш;
наслчилик ишларини ташкил этиш, чорвачиликда ветеринария хизматлари ва бошқа сервис хизматлари тизимини ривожлантириш;
сув ресурслари муҳофаза қилинишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, давлат сув кадастрини юритиш, сув хўжалиги объектларидан фойдаланишни ташкил этиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
селекция, уруғчилик, наслчилик ва илғор технологиялар соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганишни ҳисобга олган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини ва экспериментал ишларни мувофиқлаштириш;
қишлоқ хўжалиги учун мутахассисларни ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари зиммасига:
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги ва уларни навлар бўйича жойлаштиришни ташкил этиш, экинларнинг оқилона таркибини ва муайян тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган янги агротехнологияларни жорий этиш;
қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар жорий этилишини ташкил этиш ва уларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг ҳуқуқлари ва мустақиллиги кенгайтирилишига кўмаклашиш;
чорвачилик самарадорлигини ошириш ва озуқа ишлаб чиқаришни ривожлантириш ишларини ташкил этиш;
гидротехника иншоотлари, каналлар, сув омборлари ва насос станцияларидан фойдаланиш, мелиорация ва ирригация ишларини бажариш, сувдан оқилона фойдаланиш ва тупроқ унумдорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
қишлоқда бозор ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш юклансин.
4. Тугатилаётган ёки бошқа идораларга берилаётган ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидан чиқарилаётган ташкилотлар ва корхоналар рўйхатига 9-иловага мувофиқ розилик берилсин.
* 9-илова берилмайди.
5. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг:
Ўзбекистон Ветеринария санитарияси ва акаралогия илмий-тадқиқот институтини Марказ ихтиёрига бериш;
илмий-тадқиқот муассасаларининг ҳудудий бўлинмаларини (филиаллар, тажриба станциялари, таянч пунктлар, тажриба хўжаликлари ва бошқалар) Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимлари ихтиёрига бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган бўлинмалар селекция, технология ва агротехника тадқиқотларини ўтказиш учун тажриба майдони бўлиб хизмат қилади, юридик жиҳатдан мустақил ҳисобланади ҳамда илмий-методик ишлар юзасидан бўлимларга ҳисобот беради.
6. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлари ер ва сувдан фойдаланиш турларидан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш шаклларидан қатъи назар, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва муассасалар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига вазирнинг уч нафар ўринбосари, шу жумладан икки нафар биринчи ўринбосари бўлишига рухсат этилсин, улардан бири Сув хўжалиги департаментининг бошлиғи ҳисобланади.
Белгилансинки, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг бош директори ва Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимига кўра вазир ўринбосарлари ҳисобланадилар, Сув хўжалиги департаменти бошлиғининг ўринбосари эса ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатилиши даражаси бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳайъатининг таркиби 15 кишидан иборат этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирига зарурат бўлганда марказий аппарат тузилмасига ходимларнинг штатдаги сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари вилоятлар ва туманлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари бошлиқлари ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ва Сув хўжалиги департаменти тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 30 мартдаги 160-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси, Сув хўжалиги департаменти, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш бош давлат инспекцияси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори.
қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят ва туман бошқармалари тўғрисидаги намунавий низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, уларни жойларга етказсин ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимликлари билан биргаликда уларнинг тузилмаларини мазкур қарорга мувофиқлаштиришга доир ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10-иловага мувофиқ қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И. Ҳ. Жўрабеков ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т. Холтоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.
2001 йил 17 январь
32-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 17 январдаги 32-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг марказий аппарати тузилмаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 17 январдаги 32-сон қарорига 10-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўз кучини йўқотган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 1996 йил 26 ноябрдаги 419-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1996 й., 11-сон, 33-модда) 2-бандининг учинчи хатбоши, 8 ва 18-бандлари.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини ташкил этиш масалалари» ҳақида 1997 йил 12 мартдаги 136-сон қарори 1-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 1996 йил 26 ноябрдаги 419-сон ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини ташкил этиш масалалари» ҳақида 1997 йил 12 мартдаги 136-сон қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 1997 йил 4 ноябрдаги 502-сон қарори.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳайъати аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида» 1999 йил 4 майдаги 215-сон қарори.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 2000 йил 20 мартдаги 98-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 3-сон, 13-модда) 2-бандининг иккинчи хатбоши, шунингдек мазкур қарорга 3-илова.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 2000 йил 20 мартдаги 98-сон қарорига 1-иловага қўшимчалар киритиш ҳақида» 2000 йил 16 майдаги 191-сон қарори.