1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.01.00.00 Суверенитет. Конституция / 01.01.02.00 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Суверенитет. Конституция]
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма қарори
Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 29 январдаги 402-V/КҚ-56-V-сонли «Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияни тузиш тўғрисида»ги Қўшма қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши кафолатларини кучайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
2. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2011 йил 15 июнь,
300-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 15 июнь,
191-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2011 йил 15 июндаги № 300–II/191–II-сонли Қўшма қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили
22.
Нормуродов Муродулло Тоғаевич
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили
23.
Валиев Жахонгир Мамадалиевич
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Наманган вилоятидаги минтақавий вакили
24.
Артиков Абдурашид Заирович
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили
25.
Шлымбетов Женисбай Курбанбаевич
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили
26.
Хусейнова Абира Амановна
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили
27.
Джураев Шухрат Низамович
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Навоий вилоятидаги минтақавий вакили
28.
Хусанов Диёр Шералиевич
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили
29.
Алимов Шухрат Ашрабович
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили
30.
Камалов Рустам Жамалович
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили
31.
Камилов Алишер Одилович
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили
32.
Оллаёров Одилбек Давлатович
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили
33.
Абдувохидова Гулнорахон Абдуғаниевна
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили
34.
Азимов Саидбек Ибрагимович
—
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Котибияти мудири, комиссия котиби
Эслатма: Комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки тегишли мажбуриятларни бажариш зиммасига юклатилган масъул шахслар комиссия таркибига киритилади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 14 ноябрдаги 2661-IV/КҚ-428-IV-сонли Қўшма қарори таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2011 йил 15 июндаги № 300-II/191-II-сонли Қўшма қарорига 2-ИЛОВА
Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссиянинг
РЕГЛАМЕНТИ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига мувофиқ Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияни (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) ташкил этиш ҳамда унинг фаолият юритиши тартибини белгилаб беради.
2. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) (бундан буён матнда Вакил деб юритилади) давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан парламент назоратини таъминлаш бўйича ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади.
3. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек мазкур Регламентга амал қилади.
4. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Вакилнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш борасидаги фаолиятига кўмаклашиш;
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилаётганлиги тўғрисида Вакилга келиб тушаётган шикоятларни унинг топшириғига биноан ўрганиш ва таҳлил қилиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тайёрлашда иштирок этиш;
инсон ҳуқуқларига риоя этилиши мониторингини ўтказишда қатнашиш ва ўрганиш натижалари бўйича тегишли материаллар тайёрлаш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларини тартибга солишни назарда тутадиган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари юзасидан Вакилнинг таклифларини тайёрлаш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида жамоатчилик назорати механизмларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
Вакилнинг йиллик ҳисоботларини, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий маърузаларини тайёрлашда иштирок этиш;
аҳолининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда иштирок этиш;
Вакилнинг ваколати доирасига тааллуқли бошқа масалаларни муҳокама қилиш.
5. Комиссия ўзига юклатилган вазифаларни ҳал этиш учун:
Вакил томонидан йўлланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларини кўриб чиқиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги ахборотни Вакилнинг топшириғига кўра текшириш;
давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни ўз мажлисларига таклиф этиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши масалаларига доир ахборотни тўплаш, ўрганиш ва таҳлил қилишни амалга ошириш, махсус тадқиқотлар ўтказиш;
Вакилнинг ўз вакиллари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш ҳуқуқига эга.
6. Комиссия ўз ваколатларини амалга ошириш вақтида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилади.
II. Комиссиянинг фаолиятини ташкил этиш
7. Комиссия Комиссия раиси ва аъзоларидан иборат таркибда тузилади. Вакил комиссия раиси ҳисобланади. Комиссия таркибига Вакил ўринбосари лавозими бўйича киради.
Комиссия инсон ҳуқуқлари соҳасида тажриба ва билимларга, ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятида катта тажрибага эга бўлган шахслардан, шу жумладан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, олий таълим муассасалари вакилларидан тузилади.
8. Комиссия аъзолари Вакилнинг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори билан Вакилнинг ваколати муддатига тасдиқланади.
Комиссия таркибига кўрсатилган номзодларнинг муҳокамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма мажлисида мазкур номзодлар иштирокида ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг аъзолари муҳокама қилинаётган номзодлар бўйича ўз фикрларини баён қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашлари Комиссия аъзоларини сайлаш масалалари бўйича қўшма қарор қабул қиладилар.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашлари Вакилнинг тақдимномасига биноан Комиссия аъзоси ваколатларини тугатиш тўғрисидаги масалани қуйидаги асослар бўйича кўриб чиқишлари мумкин:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берганида;
Комиссия аъзосининг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилганида ёки у вафот этганида;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганида;
у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш учун чиқиб кетганида;
у ўз вазифаларини доимий равишда бажармаганида.
10. Комиссия Комиссия аъзолари, олимлар, мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари орасидан ўз фаолияти йўналишлари бўйича секцияларни, шунингдек фаолиятига раҳбарликни Комиссия аъзолари амалга оширадиган доимий ва муваққат ишчи гуруҳларни шакллантириш ҳуқуқига эга.
11. Комиссия раиси:
Комиссия фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
Комиссия мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;
давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни Комиссия мажлисларида иштирок этиш учун таклиф этади;
Комиссиянинг истиқболдаги ва жорий фаолиятини режалаштиришни ташкил этади, Комиссиянинг иш режаси ва қарорлари бажарилишини назорат қилади;
Комиссия мажлисининг кун тартибини ва мажлисга таклиф этилган шахсларнинг рўйхатини шакллантиради;
Комиссиянинг қарорларини ва бошқа ҳужжатларини имзолайди.
12. Комиссия аъзоси:
фуқароларни қабул қилишни амалга оширади ва Вакил томонидан йўлланган шикоятларни кўриб чиқади;
Комиссиянинг мажлислари тўғрисидаги ахборотни олдиндан олишга, Комиссия ва унинг ишчи гуруҳлари мажлисларида иштирок этишга ҳақли;
Комиссия мажлисида сўзга чиқишга, Комиссиянинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифлар киритишга ҳақли;
Комиссия фаолиятига тааллуқли ҳар қандай ҳужжат ва материаллар билан танишишга ҳақли;
Комиссиянинг навбатдан ташқари мажлисини чақириш ташаббуси билан чиқишга ҳақли;
Вакилнинг топшириқларини бажаради;
Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларга қўшилмаган тақдирда ўз фикрини ёзма равишда баён этишга ҳақли бўлиб, унинг бу фикри Комиссия мажлисининг баённомасига албатта киритиб қўйилиши лозим.
Комиссия аъзоси ушбу Регламентда ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида назарда тутилган ваколатларни амалга ошириш вақтида таъқиб қилиниши ёки ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
III. Комиссия мажлисларини ўтказиш тартиби
13. Комиссия ишининг ташкилий шакли унинг мажлисларидир. Комиссия мажлислари календарь иш режасига мувофиқ мунтазам равишда ўтказилади. Зарур бўлган ҳолларда Комиссиянинг навбатдан ташқари мажлислари ўтказилиши мумкин. Комиссия мажлисини Комиссия раиси ёки унинг топшириғига кўра Комиссия аъзоларидан бири олиб боради.
Комиссия ўз ваколатлари доирасида ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ҳақли. Комиссия мажлисида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларнинг кўриб чиқилган шикоятлари тўғрисидаги ахборот, Вакилнинг муайян шикоятлар бўйича хулосалари лойиҳалари кўриб чиқилиши мумкин.
Комиссия мажлисида Комиссия аъзолари умумий сонининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, мажлис ваколатли ҳисобланади. Комиссия аъзоси Комиссия мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган тақдирда, кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақли.
14. Комиссия мажлислари Вакилнинг Котибияти жойлашган ерда ўтказилади. Комиссия сайёр мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
15. Комиссия мажлислари, қоида тариқасида, очиқ ва ошкора ўтказилади. Комиссия мажлисларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар таклиф этилиши мумкин.
Комиссия мажлисларида Вакил Котибиятининг ходимлари, Вакил ҳузуридаги Эксперт кенгаши ва ишчи гуруҳларнинг аъзолари иштирок этадилар.
16. Комиссия мажлисида Вакил ёки унинг топшириғига кўра раислик қилувчи:
Комиссия мажлисини олиб боради;
Комиссия мажлиси кун тартибидаги масалаларнинг муҳокамасини ташкил этади ва уларни овозга қўяди;
Комиссия аъзоларининг барча таклифларини уларнинг келиб тушиш тартибида овозга қўяди;
Комиссия аъзолари ва таклиф этилганлар томонидан мазкур Регламент нормаларига риоя этилишини таъминлайди.
17. Комиссия мажлиси давлат тилида олиб борилади. Зарур ҳолларда Комиссия мажлиси иштирокчиларининг чиқишлари бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин.
Комиссия мажлиси баённома билан расмийлаштирилиб, раислик қилувчи ва мажлис котиби томонидан имзоланади. Комиссия баённомасида кун тартиби, Комиссия аъзолари ва мажлисда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, кўриб чиқилган ҳар бир масала бўйича овоз бериш натижалари, қабул қилинган қарорлар қайд этилади. Баённомага кун тартиби материаллари илова қилинади.
18. Комиссия мажлиси якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар Комиссия қарорлари билан расмийлаштирилади, уларни Комиссия раиси имзолайди. Комиссия қарорлари мажлисда иштирок этаётган Комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Комиссия қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлади. Зарур бўлган ҳолларда Комиссия қарори Комиссия аъзосининг таклифига биноан Вакилнинг фармойиши билан расмийлаштирилиши мумкин.
Комиссия ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар Вакилнинг имзоси билан масалани ҳал қилиш ваколати доирасига кирадиган тегишли давлат органларига ва бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларга юборилади. Комиссия қарорини олган давлат органлари ва бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар уни белгиланган муддатларда кўриб чиқишлари ва қабул қилинган қарор тўғрисида Вакилни хабардор қилишлари шарт.
19. Масалаларга ва муҳокаманинг боришига қўшилмаган Комиссия аъзоси ўз фикрини ёзма равишда тақдим этиш ҳуқуқига эга, бу фикр Комиссиянинг барча аъзоларига етказилади ва тегишли мажлис баённомасига илова қилинади.
20. Комиссия томонидан муҳокама қилинаётган ижтимоий муҳим масалалар ва Комиссия мажлисида қабул қилинган қарорлар Вакилнинг фармойиши билан оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчилик эътиборига етказилади.
IV. Вакилнинг ўз вакили
21. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддаси учинчи қисмига мувофиқ Вакил Комиссия аъзосини ўз вакили сифатида тайинлаши мумкин, шу жумладан мамлакатнинг тегишли минтақаларида ҳам.
Вакилнинг ўз вакили фаолиятини Вакил томонидан берилган ваколатлар доирасида ва ушбу Регламентда назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг тегишли минтақасида Вакил номидан ҳамда унинг бевосита раҳбарлиги остида амалга оширади.
22. Вакилнинг ўз вакили фаолиятини Вакил уни тайинлаган вақтдан эътиборан бошлайди. Вакилнинг ўз вакили фаолиятида бевосита Вакилга ҳисобдор бўлади.
23. Вакилнинг ўз вакили фаолиятини қуйидаги йўналишларда амалга оширади:
Вакилнинг Котибияти томонидан амалга оширилаётган инсон ҳуқуқлари мониторингини ўтказишда иштирок этиш, тегишли минтақада режалаштирилган инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш;
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғрисидаги таҳлилий материалларни ҳамда уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлаш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш, фуқароларга инсон ҳуқуқлари тўғрисида ахборот олишда кўмаклашиш;
тегишли минтақада маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш.
24. Вакилнинг ўз вакили шикоятни олгач:
уни моҳиятан кўриб чиқишга;
шикоятни ҳал этиш Вакилнинг ўз вакили ваколатлари доирасидан четга чиққан тақдирда, шикоятни хулоса лойиҳаси билан бирга Вакилга йўллашга;
ариза берувчи ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатишга;
шикоятни уни моҳиятан ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга беришга;
ариза берувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништиришга;
рад этиш сабаблари кўрсатилиши шарти билан шикоятни кўриб чиқишни рад этишга;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа чора-тадбирларни кўришга ҳақли.
25. Вакилнинг ўз вакили фаолиятини амалга ошириш чоғида:
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларга аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар текширувини ўтказишда кўмак сўраб мурожаат қилиш;
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг вакилларини ҳамда мансабдор шахсларни аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар текширувини ўтказиш учун таклиф этиш. Текшириш ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги юзасидан шикоят қилинган ташкилот ёки мансабдор шахсга топширилиши мумкин эмас;
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ҳамда мансабдор шахслар ҳузурига тўсқинликсиз кириш;
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслардан ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
ташкилотлар ва мутахассисларга, Вакилнинг ўз вакили ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоларига аниқланиши лозим бўлган масалалар бўйича эксперт баҳоси ва хулосаларини тайёрлашни топшириш;
ушлаб турилган ёки ҳибсга олинган шахс билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиш;
Вакилнинг топшириғига биноан суд мажлисларида кузатувчи сифатида иштирок этиш;
инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ўтказиш;
тегишли минтақада инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши тўғрисидаги ҳамда ўз фаолияти ҳақидаги материалларни Вакил билан келишилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида доимий равишда ёритиш ҳуқуқига эга.
26. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мансабдор шахслари Вакилнинг тегишли минтақадаги ўз вакили томонидан сўралган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги билан боғлиқ ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт. Вакилнинг ўз вакили фаолияти масалалари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниши ҳуқуқидан фойдаланади.
27. Вакилнинг ўз вакили фаолиятини амалга ошириш чоғида:
Вакилга шикоятларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги ахборотни мунтазам равишда тақдим этиши;
ариза берувчининг ва бошқа шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек шикоятларни текширишга доир ахборотни Вакилни хабардор қилмай ва унинг розилигини олмай туриб ошкор қилмаслиги;
ариза берувчини унинг шикояти кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида хабардор қилиши;
ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланган маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, корхона, муассаса, ташкилотга ёки мансабдор шахсга бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича ўз тавсияларини йўллаши шарт. Бунда Вакилнинг тегишли минтақадаги ўз вакили томонидан берилган тавсияларни олган ташкилот ёки мансабдор шахс уларни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асосланган жавобни йўллаши шарт.
28. Вакилнинг ўз вакили ишини ташкил этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари унга хона, мебель, зарур алоқа турлари ва техника воситалари ажратилишида кўмаклашадилар.
Маслаҳат ёрдамини кўрсатиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори билан Вакилнинг ўз вакили ҳузурида инсон ҳуқуқлари соҳасида тажриба ва билимга эга бўлган шахслар орасидан эксперт гуруҳи тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси ва бошқа давлат ҳамда жамоат тузилмалари билан Вакилнинг ҳамкорлиги тўғрисидаги келишувларни амалга ошириш мақсадида Вакилнинг ўз вакили жойларда бирлашган ишчи гуруҳларни тузиши мумкин.
29. Вакилнинг ўз вакили тегишли ҳокимият вакиллик органи сессияларида минтақада инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши тўғрисидаги ахборотни белгиланган тартибда тақдим этади.
V. Якунловчи қоидалар
30. Вакил томонидан Комиссия аъзосига хизмат гувоҳномаси берилади. Хизмат гувоҳномасининг намунаси Вакил томонидан тасдиқланади.
31. Комиссия фаолиятини ахборот-таҳлил ва бошқа жиҳатлардан таъминлашни Вакилнинг Котибияти амалга оширади.
Комиссия аъзоларининг малакасини ошириш, стажировкаси ва хизмат сафарлари масалалари Вакил томонидан ҳал этилади.
32. Мазкур Регламентга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар Комиссия мажлисида кўриб чиқилади ҳамда кейин кўриб чиқиш учун Вакил томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларига киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2011 йил 15 июндаги № 300-II/191-II-сонли Қўшма қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг ўз кучини йўқотган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 1995 йил 29 августдаги «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги № 985-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 216-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 1999 йил 12 августдаги «Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги № 798-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 8, 193-модда).
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 2000 йил 13 декабрдаги «Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги № 152-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 11-12, 305-модда).
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 2002 йил 11 декабрдаги «Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги № 428-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 12, 235-модда).
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 2003 йил 28 августдаги «Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги № 514-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 8, 128-модда).
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 6-сон, 159-модда)