Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни муҳофазалаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги
Битим
Москва, 1993 йил 24 сентябрь
(1995 йил 6 майда кучга кирди)
Кейинги ўринда «Иштирокчи-давлатлар» деб аталувчи ушбу Битим иштирокчи-давлатлари,
Инсон ҳуқуқлари декларацияси, 1991 йил 8 декабрдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини тузиш тўғрисидаги Битим, 191 йил 21 декабрдаги Олма-Ота декларацияси, 1992 йил 6 июлдаги Собиқ ССР иттифоқининг ўзаро манфаатларни ифодаловчи шартномаларига нисбатан ҳуқуқий ворислик масаласида англашув Меморандуми тамойиллари ва меъёрларидан келиб чиқиб,
Ҳозирда муаллифлик ҳуқуқининг миллий маданий салоҳиятни шакллантиришда, халқаро маданий алмашинувда, шунингдек тенг ҳуқуқли савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги ролини ҳисобга олиб,
фан, адабиёт ва санъат асарларидан фойдаланиш орқали маданий қадриятлар билан ўзаро айирбошлаш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиб,
муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ўзаро муҳофазалаш шартлари ва тартибини белгилаш заруратини эътироф этиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги умумжаҳон Конвенциясининг собиқ ССР Иттифоқи учун кучга кирган санаси (1973 йил 1973 йил) ҳар бир Иштирокчи-давлат ўзини унинг қоидалари билан боғланган деб ҳисоблайдиган сана эканлигидан келиб чиқиб, Иштирокчи-давлатлар ўз ҳудудларида собиқ ССР Иттифоқининг ушбу Конвенцияда (1952 йил таҳририда) иштирокидан келиб чиқадиган халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайдилар.
Ҳар бир Иштирокчи-давлат бу ҳақдаги зарур аризани Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош Директорига юборади.
2-модда
Иштирокчи-давлатлар ўзаро муносабатларда Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги умумжаҳон Конвенциясини (1952 йил таҳририда) 1973 йил 27 майдан кейин яратилган асарларга, ҳамда ушбу санагача Иштирокчи-давлатлар қонунчилиги бўйича муҳофазалаган асарларга нисбатан миллий қонунчиликда ўз муаллифларига ўрнатилган шартларда қўллайдилар.
Муаллифлик ҳуқуқини муҳофазалаш муддатлари муҳофаза тақдим этаётган Иштирокчи-давлат қонунчилигига мувофиқ ўрнатилади, бироқ у бошқа тегишли Иштирокчи-давлатда ўрнатилган муҳофаза муддатидан узоқроқ муддат мобайнида муҳофазани таъминлашга мажбур эмас.
3-модда
Иштирокчи-давлатлар Адабий ва бадиий асарларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси, Фонограмма ишлаб чиқарувчиларни уларнинг фонограммаларини рухсатсиз кўпайтиришдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Женева конвенцияси, Ижрочилар, фонограммалар ишлаб чиқарувчилари, радиоэшиттириш ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида Рим конвенцияси талаблари даражасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар муҳофазасини таъминловчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш учун зарур чораларни кўрадилар.
4-модда
Иштирокчи-давлатлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари объектларидан ноқонуний фойдаланиш билан курашиш бўйича биргаликда фаолият олиб борадилар ва ўзларининг ваколатли ташкилотлари орқали аниқ дастурлар ва тадбирлар ишлаб чиқишга кўмаклашадилар.
5-модда
Иштирокчи-давлатлар муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий бошқариш соҳасида миллий муаллифлик-ҳуқуқий ташкилотларни яратиш ва фаолият юритишига, ушбу ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар тузишга ёрдам берадилар.
6-модда
Иштирокчи-давлатлар тегишли битимларда муаллифлик ва бошқа мукофотларнинг икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш, ўзаро ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилаш масалаларини ҳал қилишни кўзда тутадилар ва уларни ўз вақтида бажариш чораларини кўрадилар.
7-модда
Ушбу Битим аввал собиқ ССР Иттифоқига кирган бошқа давлатларнинг унга қўшилиши учун очиқдир.
Ушбу Битим уни имзолаган Иштирокчи-давлатларнинг Битим кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини бажарганлиги ҳақидаги учинчи билдиришномани депозитарийга топширган санадан кучга киради.
Бошқа Иштирокчи-давлатлар учун ушбу Битим депозитарий улар ушбу процедураларни бажарганлиги тўғрисидаги билдиришномани олган кундан кучга киради.
Иштирокчи-давлат бундай ният ёзма равишда эълон қилинган кундан 12 ой ўтгач, ушбу Битимни бекор қилиши мумкин.
Москва шаҳрида 1993 йили 24 сентябрда бир асл нусхада рус тилида тузилди. Асл нусха Беларусь Республикаси Ҳукумати Архивида сақланади, у ушбу Битимни имзолаган ҳар бир давлатга унинг тасдиқланган нусхасини юборади.