toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Халқаро темир йўл алоқаси соҳасидаги ўзаро муносабатлар тўғрисида
1996 йил 16 январь, Чоржўй
(1996 йил 16 январдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталади, икки мамлакат ўртасидаги темир йўл алоқасини ҳамда уларнинг ҳудудлари бўйича учинчи давлатга транзит қатновни амалга оширишни осонлаштиришга интилиб,
икки давлат темир йўл транспортини мувофиқлаштиришга ва уларнинг биргаликдаги фаолиятига муҳим аҳамият бериб,
ўз муносабатларини ўзаро ёрдам ва ўзаро манфаат руҳида ривожлантиришни истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар давлатлараро ва халқаро алоқаларда Ҳамдўстликка аъзо бўлган давлатлар темир йўл маъмуриятлари бошлиқларининг Кенгашида қабул қилинган мувофиқлаштирилган тариф сиёсатини амалга ошириш зарурлигини тан олдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатлари ўртасидаги темир йўлларда юклар ва йўловчилар ташишни мазкур Битимни имзолаш пайтида амалда бўлган норматив ҳужжатлар асосида амалга оширишга келишдилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар зарур ҳолларда тегишли битим тузган ҳолда ушбу йўналишларда қўшимча транзит юк оқимларини жалб этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасидан Туркманистон ҳудуди бўйлаб ва Туркманистондан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб темир йўл транспорти орқали юк ва йўловчиларни транзит ташишда тариф сиёсатини ишлаб чиқишда ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишдилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ташилган юклар учун тўловни қуйидагича амалга оширишга келишиб олдилар:
Ўзбекистон Республикасидан Туркманистон орқали Ўзбекистонга юбориладиган транзит юклар учун юк жўнатувчи «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК билан тузилган шартномага эга бўлган экспедитор орқали;
Туркманистондан Ўзбекистон Республикаси орқали Туркманистонга юбориладиган юклар учун — юк ўтадиган бутун масофа учун Туркманистон Давлат темир йўллари орқали.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар янги битимлар ва шартномалар тузилгунга қадар йўловчилар ва юкларни темир йўл транспортида халқаро ташиш тўғрисидаги Битимда ва мазкур Битимни имзолаш даврида амалда бўлган бошқа шартномаларда ўз иштирокини сақлаб қоладилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг ички қонунларига мувофиқ берилган ҳаракатдаги состав ва локомотивларни бошқариш тўғрисидаги гувоҳномаларни ва бошқа ҳужжатларни, юк ташиш ва транспорт-экспедиция фаолиятининг бошқа турларини амалга ошириш учун лицензияларни ўз ҳудудларида ўзаро тан оладилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар:
ўз ҳудудларида мавжуд темир йўллар Устави, темир йўл транспорти ишини тартибга солувчи қоидалар, низомлар, йўриқномалар, стандартлар, техникавий шартлар ва бошқа норматив ҳужжатлар амал қилишига;
темир йўл транспорти бошқарувининг тегишли органларига ҳамкорлик қилиш, илмий-техникавий ахборотни ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга ёрдам берувчи бошқа ахборотни айирбошлаш бўйича музокаралар олиб бориш ҳуқуқини беришга;
ўзаро асосда томонлар манфаатига тегишли бўлган ва темир йўл транспорти ишини тартибга солувчи амалдаги норматив ҳужжатларни ўзгартиришга ва янгиларини жорий этишга келишдилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар озиқ-овқат маҳсулотлари, дон, нефть маҳсулотлари ва бошқа юклар узлуксиз келтирилиши ва олиб чиқиб кетилиши мақсадида Ўзбекистон Республикасига ва Туркманистонга тегишли бўлган ўз вагонлари ва ижарага олинган вагонлар ўз вақтида қайтарилишини таъминлайдилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар темир йўл ходимларига иккинчи давлат ҳудудида бўлган пайтларида ўз хизмат вазифаларини бажаришда ёрдам бериш, тўсатдан касал бўлган ёки жароҳат олганлари тақдирда текин тиббий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
8-модда
Мазкур Битимнинг алоҳида моддаларини талқин қилиш ва бажариш билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлиши мумкин бўлган барча низоли масалалар музокаралар олиб бориш ва маслаҳатлашиш йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг мазкур Битим бажарилиши учун жавоб берувчи ваколатли органлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасидан — «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компанияси.
Туркманистондан — Туркманистон давлат темир йўли.
10-модда
Мазкур Битим ноаниқ муддатга тузилган ва имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Аҳдлашувчи Томонларнинг исталган бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ёки уни рад этиш мўлжалланган санадан камида уч ой олдин бу ҳақда иккинчи Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатишга ёки уни рад этишга ҳақлидир.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида, ўзбек, туркман ва рус тилларида икки нусхада тузилди. Матнларда фарқлар келиб чиққан тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)