1. «Буюк хизматлари учун» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари фан ва техникани, иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантиришдаги катта хизматлари, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш ишига сезиларли ҳисса қўшганлиги учун тақдирланадилар.
2. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва орденни топшириш «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
3. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг олтмиш карраси миқдорида бир марта бериладиган пул мукофоти ёки шу суммага тенг эсдалик совғасини оладилар.
(3-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августдаги 535-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 149-модда)
5. «Буюк хизматлари учун» ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир марта бериладиган пул тўлови мукофотланганнинг оиласига топширилади.
«Буюк хизматлари учун» ордени 1 микрон қалинликдаги олтин қопланган 925 даражали (пробали) кумушдан тайёрланади ва саккиз қиррали мусамман кўринишида бўлиб, унинг қирралари ёқутрангда тайёрлангандир. Мусамманнинг бурчаклари орасида мовийранг эмаль қопланган тарам-тарам бўлиб таралаётган нурлар жойлашган. Мусамманнинг қарама-қарши учлари орасидаги масофа — 57 миллиметр. Нурлар жо бўлган айлананинг диаметри — 52 миллиметр.
Орден марказида битта умумий марказга эга бўлган, диаметрлари 36 ва 24 миллиметрли иккита айлана жойлашган. Ички айланада рамзий тарзда тасвирланган мовий рангдаги ер курраси фонида Ўзбекистон Республикаси харитаси тилла рангда тасвирланган. Ташқи ва ички айланалар ўртасида, юқори қисмида оқ эмаль фонида кумуш рангдаги «BUYUK XIZMATLARI UCHUN» ёзуви жойлашган. Ҳарфларнинг баландлиги — 3 миллиметр. Айлананинг пастки қисмида яшил рангдаги иккита бирлаштирилган дафна новдалари жойлаштирилган.