toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 04.05.2018
Ҳужжат 08.01.2002 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЮК АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ВА АВТОБУСЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОЖХОНА ҲУДУДИ ОРҚАЛИ ЎТГАНЛИГИ УЧУН ЙИҒИМЛАРНИ БИРХИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 майдаги ПФ-5428-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Давлатлар бошлиқларининг 2001 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувга мувофиқ, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, Тожикистон Республикаси юк автотранспорт воситалари ва автобусларининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириб келиши ва транзити учун йиғимлар ставкаларини бирхиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2002 йил 10 январдан бошлаб Тожикистон Республикаси ҳар бир юк автотранспорт воситаси ва автобуснинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириб келганлиги ва транзити учун:
битта юк автотранспорт воситаси ва автобусдан — 130 АҚШ долларига;
юк автотранспорт воситаси ва автобуснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 8 суткадан ортиқ ҳар бир куни учун — 50 АҚШ долларига;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юк автотранспорт воситаси ва автобуснинг учинчи мамлакатларга (МДҲ мамлакатларидан ташқари) транзити учун — 90 АҚШ долларига тенг миқдордаги суммада эркин муомаладаги валютада йиғимлар белгилансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки, йиғимлар бевосита божхона постларида ундирилади, олинган маблағлар божхона органларининг депозит ҳисоб-рақамлари орқали Республика йўл жамғармасининг валюта ҳисоб-рақамига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 сентябрдаги 429-сон қарорининг 2-банди;
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 20 сентябрдаги 431-ф-сон фармойиши 2-бандининг Тожикистон Республикаси юк автотранспорт воситаларидан ундириладиган йиғимлар ставкаларига оид қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р. Р. Юнусов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 8 январь,
11-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 1-сон, 9-модда; 2003 й., 24-сон, 241-модда; 2008 й., 51-сон, 502-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.03.2018 й., 09/18/202/0904-сон)