toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 30.04.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
МАҲАЛЛИЙ САНОАТНИ БОШҚАРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Маҳаллий саноатни бошқаришни янада такомиллаштириш, хусусийлаштиришни чуқурлаштириш ва рақобатчилик муҳитини вужудга келтириш, бозорнинг халқ истеъмол моллари билан тўлдирилиши учун маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг, «Маҳаллий саноат» ҳудудий саноат-савдо концернларининг:
«Маҳаллий саноат» Давлат корпорациясини тугатиш;
мавжуд «Маҳаллий саноат» ҳудудий саноат-савдо концернлари негизида республика (Қорақалпоғистон Республикаси), вилоятлар ва Тошкент шаҳар «Маҳаллий саноат» ишлаб чиқариш-савдо акционерлик компанияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Маҳаллий саноат» ҳудудий ишлаб чиқариш-савдо акционерлик компаниялари:
«Маҳаллий саноат» ҳудудий саноат-савдо концернларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади ҳамда очиқ турдаги акционерлик жамиятлари шаклида таъсис этилади;
ўз фаолиятида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисоб берадилар;
ўз фаолиятини қатнашчиларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган ҳудудий компания Уставига мувофиқ амалга оширадилар.
3. «Маҳаллий саноат» ҳудудий ишлаб чиқариш-савдо акционерлик компаниялари зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш юклансин:
компания таркибига кирган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва маркетинг фаолияти, моддий-хом ашё ресурсларини сотиб олиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотни экспорт қилиш, корхоналарни техника билан қайта жиҳозлаш ва реконструкциялаш, шу жумладан хорижий сармояни жалб этиш асосида қайтадан жиҳозлаш ҳамда реконструкциялаш масалаларида уларга ёрдам кўрсатиш;
харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришда маҳаллий хом ашё ва иккиламчи ресурслардан жуда тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитларни таъминлаш;
тегишли минтақалар ҳудудида, биринчи навбатда қишлоқ жойларда аҳолининг иш билан бандлигини кенгайтириш учун кичик ва ўрта корхоналарни барпо қилиш ҳамда ривожлантириш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Маҳаллий саноат» ҳудудий компаниялари зиммасига юкланган вазифаларни ҳал қилишда уларга бутун чоралар билан ёрдам берсинлар.
4. «Маҳаллий саноат» ҳудудий ишлаб чиқариш-савдо акционерлик компанияларига маҳаллий саноат корхоналарини тиклаш ва ривожлантириш Фондларини ташкил қилишга рухсат берилсин ва қуйидагилар уларнинг фаолиятидаги асосий вазифалар сифатида белгилаб қўйилсин:
компания корхоналарини техника билан қайта жиҳозлаш ва реконструкциялашни молиялаш;
иш жойларини вужудга келтириш ҳамда маҳаллий хом ашё ресурсларидан ва ишлаб чиқариш чиқитларидан тўлиқроқ фойдаланиш мақсадида қишлоқ жойларда янги корхоналар барпо этиш ва ривожлантиришни молиялаш;
маҳаллий саноат корхоналарига хизмат кўрсатувчи инфраструктурани ривожлантириш.
Қуйидагилар маҳаллий саноат корхоналарини тиклаш ва ривожлантириш Фондларининг маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
ҳудудий ишлаб чиқариш-савдо акционерлик компанияси таркибига кирувчи акционерлик жамиятларининг давлат акциялари пакетлари бўйича дивидендларнинг 50 фоизи;
давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг ҳокимиятлар томонидан белгиланган тартибда йўналтириладиган қисми;
мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳудудий ишлаб чиқариш — савдо акционерлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг корхона баланс фойдасининг икки фоизига қадар миқдордаги эркин фойдаси қолдиқлари ҳисобидан ажратмалари.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 3 сентябрдаги ПФ-469-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан бир ҳафта муддатда қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 15 август,
ПФ-1828-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 8-сон, 201-модда)