1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.03.00.00 Банкротлик ва санация (шунингдек, 03.03.03.00 га қаранг) / 09.03.09.00 Тугатиш жараёни]
[ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Тадбиркорлик фаолияти субъектларини тугатиш. Санация ва банкротлик]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги ПФ-5739-сонли «Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан 2020 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади.
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини йўлга қўйиш ва соддалаштириш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссияларини тузсинлар, уларнинг таркибига ҳокимиятларнинг, молия, солиқ, банк, статистика, ички ишлар органлари, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши, «ягона дарча» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ягона марказлар вакиллари киритилсин.
Тегишли равишда шаҳар, туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари махсус ҳудудий комиссиянинг раиси этиб белгилансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПФ-5055-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 22-сон, 411-модда)
2. Тузилаётган ҳудудий махсус комиссиялар зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар фаолиятини бундан буён давом эттириш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги масалани ҳал қилиш;
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарнинг муассислари (қатнашчилари) ёки таъсис ҳужжатларида вакил қилинган органлар уларни тугатишга рози бўлмаган, шунингдек мазкур шахслар ва органларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни тугатиш жараёнига жалб этишни таъминлаш мумкин бўлмаган ҳолларда иқтисодий судларининг қарорлари бўйича ана шундай корхоналарни тугатиш жараёнини амалга ошириш.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги ПФ-5187-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 980-модда)
3. Белгилаб қўйилсинки, савдо ҳамда савдо-воситачи корхоналар уч ой мобайнида, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар — юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда, тижорат банклари:
хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисобварақлари ёпилган санадан бошлаб уч кун муддатда у ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ хизмати органига мазкур субъект фаолиятини бундан буён давом эттириш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги масалаларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш учун ахборот берадилар.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг ёпиладиган ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиғи тижорат банклари томонидан шу маблағлардан фойдаланиш ҳуқуқини бермайдиган махсус ҳисобварақларга қўшилади, хўжалик юритувчи субъектнинг тўлаш учун банкка тақдим қилинган кредиторлик қарзи эса кутилмаган ҳолатларнинг алоҳида ҳисобварақларига ўтказилади.
Хўжалик юритувчи субъектлар номига келиб тушадиган маблағлар уларнинг банк ҳисобварақлари ёпилгандан кейин фойдаланиш ҳуқуқини бермайдиган махсус ҳисобварақларга қўшилади.
Фойдаланиш ҳуқуқини бермайдиган махсус ҳисобварақларга жамланган маблағлар тижорат банклари томонидан биринчи навбатда хўжалик юритувчи субъектларнинг Давлат бюджети ҳамда мақсадли давлат жамғармалари олдидаги қарзини тўлашга, қолган суммаларни эса тўловларнинг календарь навбатига қараб уларнинг кредиторлик қарзларини тўлашга сарфланади.
(3-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 8 июлдаги ПФ-4631-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 29-сон, 356-модда)
4. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олишни амалга оширувчи органлар солиқ органларининг тақдимномаси ҳамда ҳудудий махсус комиссиянинг тегишли хулосаси бўйича корхоналарни тугатиш жараёнларини, шу жумладан, зарур ҳолларда суд тартибида амалга ошира бошласинлар.
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПФ-5055-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 22-сон, 411-модда)
Белгилаб қўйилсинки, муассислар (қатнашчилар) ёки улар томонидан вакил қилинган органлар турган жойни аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда корхона молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётганлар тоифасига киритилган ва бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида тегишли эълонлар босиб чиқарилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгандан кейин тугатиш жараёни суд тартибида амалга оширилиши мумкин.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.18.00.00 Давлат божи / 07.18.03.00 Давлат божи бўйича имтиёзлар]
5. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тўғрисидаги ишлар бўйича аризачи ва жавобгар суд чиқимлари ҳамда давлат божи тўлашдан озод қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.28.00.00 Инвестициялар ва хориждан маблағ жалб қилиш (шунингдек, 07.05.04.00, 09.12.03.00, 10.01.05.00ларга қаранг) / 07.28.04.00 Чет эл инвестициялари (шунингдек қаралсин 10.01.05.00);
2.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.01.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги умумий қоидалар / 10.01.05.00 Чет эл инвестициялари (шунингдек, 07.28.04.00 га қаранг)]
«Xорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 30 ноябрдаги 1652-сон Фармонининг 6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилаб қўйилсинки, хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарнинг устав жамғармаларини таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган миқдорларда шакллантиришнинг охирги муддати ҳукуматнинг айрим қарорларида бошқа нарса кўзда тутилмаган бўлса, корхона давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак»;
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.18.00 Банк томонидан тартибга солиш ва назорат]
«Янги ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан банк ва солиқ назоратини кучайтириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 29 мартдаги 2276-сон Фармонининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
8. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур Фармонни бажариш юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 28 июнь,
ПФ-2331-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 6-сон, 155-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 29-сон, 356-модда; 2017 й., 22-сон, 411-модда, 37-сон, 980-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.01.2018 й., 06/18/5304/0591-сон)