1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.27.00.00 Валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш / 07.27.08.00 Валюта ва валюта бойликларини олиб кириш ва олиб чиқиш;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.27.00.00 Валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш / 07.27.09.00 Валюта назорати]
ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ НАҚД ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАНИ ОЛИБ КЕЛИШИ ВА ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 декабрдаги ПФ-5276-сонли «Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикада нақд хорижий валюта муомаласининг амалдаги тартибини такомиллаштириш ва ташқи алоқаларни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш мақсадида:
1. 1998 йил 1 апрелдан бошлаб республикадан ташқарига нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетишнинг қуйидаги тартиби белгилансин:
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 28 июлдаги ПФ-3284-сонли Фармони таҳририда— Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 6-7-сон, 97-модда)
Кўрсатилган миқдордан ортиқча нақд хорижий валютани олиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади.
2. Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларига 1998 йил 1 апрелдан бошлаб белгиланган тартибда божхона декларацияларини тўлдириш шарти билан нақд хорижий валютани республикага эркин олиб келишига рухсат этилсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 19 июндаги ПФ-2887-сонли Фармони таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 6-сон, 123-модда)
3. Ўзбекистон Республикасининг хорижий валюта билан операция ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банкларига жисмоний шахсларга ҳисоб рақамлари ва омонатга қўйилган нақд хорижий валютасини олган тақдирда, шунингдек, хизмат сафари харажатлари учун республикадан хорижий валютани олиб кетиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни беришга рухсат этилсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 27 июндаги ПФ-3099-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 6-7-сон, 115-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси билан биргаликда авиация транспортида республика ҳудуди орқали ўтадиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари учун божхона декларациясига мувофиқ, қўшимча ҳужжат ва маълумотномалар талаб қилмай, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда нақд хорижий валютани олиб келиш ва олиб кетиш устидан назоратнинг соддалаштирилган тартибини ўрнатсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 24 октябрдаги «Республикада нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш чоралари тўғрисида»ги Фармонининг 3-банди бекор қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Марказий банки, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги амалдаги идоравий меъёрий ҳужжат ва йўриқномаларни уч кун муддатда ушбу Фармон талабларига мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф. Муллажонов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Ў. Комилов зиммасига юклансин.