toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ХАЛҚАРО «КУРАШ» АССОЦИАЦИЯСИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА
Миллий қадриятларни, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган ўзбек кураши дунё спорт оламида янги спорт тури сифатида тан олинганлиги муносабати билан Халқаро «Кураш» Ассоциациясининг жаҳон миқёсидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида:
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4881-сон қарори.
1. Жаҳоннинг 28 мамлакати вакилларининг ташаббуси ва бевосита иштирокида Халқаро «Кураш» Ассоциацияси ташкил этилганлиги эътироф этилсин.
Кураш бўйича миллий ва қитъа федерациялари фаолиятини мувофиқлаштириш, ваколатхоналар ишини йўлга қўйиш, қитъа ва жаҳон биринчиликларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, ўзбек курашини Олимпия ўйинлари қаторига киритиш Ассоциациянинг асосий вазифаси этиб белгиланганлиги эътиборга олинсин.
2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ой муддатда Халқаро «Қураш» Ассоциацияси Бош қароргоҳини жойлаштириш учун алоҳида бино ажратиб уни Ассоциация балансига ўтказсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Халқаро «Кураш» Ассоциациясини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан унинг ҳисоб рақамига 10 (ўн) миллион сўм миқдорида маблағ ўтказсин.
4. Халқаро «Кураш» Ассоциацияси ва унинг Ўзбекистон ҳудудидаги бўлимлари ва корхоналари давлат бюджетига тўланадиган ҳамма турдаги солиқлардан, божхона тўловларидан 5 йил муддатга озод этилсин.
Имтиёзли солиқ олиниши муносабати билан бўшайдиган маблағлардан кураш спорт турини ривожлантириш хамда Ассоциациянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга фойдаланиш белгилаб қўйилсин.
Курашни ривожлантириш ҳомийларининг фойдадан тўлайдиган солиқ базаси уларнинг Ассоциация ҳисобига ўтказадиган маблағлари миқдорига мувофиқ равишда қисқартирилсин.
5. Ўзбек курашини, унинг халқаро анъаналарини, ютуқларини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Кураш» ойлик адабий-бадиий, ижтимоий-публицистик, ахборот-реклама журнали таъсис этилсин.
6. Оммавий ахборот воситаларига Ассоциация фаолияти билан боғлиқ барча тадбирларни кенг жамоатчиликка етказиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 1 февраль,
ПФ-2211-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 2-сон, 49-модда)