toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан такдим этилган Бюджетномани ҳамда муҳокама қилиш давомида Қонунчилик палатаси депутатларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети ҳамда шу даврга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
иқтисодиётнинг юксак суръатларда барқарор ўсишини ҳамда аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга қаратилган макроиқтисодий барқарорликнинг янада мустаҳкамланишини таъминлаш;
юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар ва ишлаб чиқаришларнинг илдам ривожланишини таъминлаш орқали иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳамда уни диверсификация қилиш, халқаро сифат стандартларига жавоб берувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган ишлаб турган қувватларни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан янгилаш жараёнларини жадаллаштириш;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида келиб тушиши, берилган имтиёзлар ҳамда преференциялар ҳисобига хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида қоладиган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланилишини таъминлаш;
автомобиль йўллари ва темир йўл коммуникациялари, шунингдек телекоммуникация тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилишини жадаллаштириш ҳисобига транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларининг ривожлантирилишини таъминлаш;
фермер хўжаликлари фаолиятини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;
янги турар жой шаҳарчалари барпо этиш йўли билан Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурини бажариш, шунингдек ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари қуриш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, касаначиликнинг турли шаклларини кенгайтириш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳисобига 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури сўзсиз бажарилиши;
иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишни ўз вақтида молиялаштириш;
бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши хамда ушбу маблағларнинг асоссиз сарфланишини бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;
инфляциянинг белгиланган энг юқори даражадан ошиб кетишига йўл қўймаслик, бунда Давлат бюджети тақчиллиги республика бюджетининг бўш қолган қолдиқ маблағлари ва бошқа ноинфляциявий манбалар ҳисобига молиялаштирилишини назарда тутиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Давлат бюджетининг параметрлари сўзсиз бажарилишини, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари сифатли режалаштирилиши ва ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
4. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2012 йил 16 ноябрь,
576-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 11-сон, 309-модда)