1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.05.00.00 Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (шунингдек, 01.16.00.00га қаранг) / 02.05.01.00 Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (йиғин);
2.05.00.00.00 Меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунчилик / 05.05.00.00 Меҳнат интизоми / 05.05.03.00 Меҳнатни рағбатлантириш. Турлари ва қўллаш тартиби]
ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
«Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раҳбарлари ва ходимлари меҳнатини уларнинг ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш бўйича ижтимоий аҳамиятли ишларни амалга оширишга, оила институтини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлашга, жамиятда барқарорлик ва тотувликни таъминлашга қўшган ҳиссасини эътиборга олган ҳолда янада рағбатлантириш мақсадида:
1. 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматчиларининг меҳнатини рағбатлантириш тўғрисида» 1997 йил 13 майдаги ПФ-1778-сон Фармонининг меҳнат ҳақи бўйича Ягона тариф сеткаси разрядларига мувофиқ рағбатлантириш коэффициенти сифатида маошларга 20 фоизли устама ҳақ ўрнатилишини назарда тутувчи 1-бандининг амал қилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари лавозимларига ҳамда «Маҳалла посбони» раҳбарларига нисбатан жорий этилсин.
1.05.00.00.00 Меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунчилик / 05.03.00.00 Меҳнатга ҳақ тўлаш / 05.03.04.00 Устамалар, қўшимча тўловлар ва коэффициентлар]
2. 2012 йилнинг 1 августидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошларига алоҳида меҳнат шароитлари учун 12 фоиз миқдорида ойлик устама ҳақ ўрнатилсин.
3. 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб таркибида маҳаллалар ташкил қилинмаган шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг лавозим маошлари меҳнат ҳақи Ягона тариф сеткаси бўйича бир разряд оширилсин.
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.11.00 Давлат бюджетининг касса ижроси]
4. Ушбу Фармонда кўзда тутилган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 9 июль,
ПФ-4451-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 28-сон, 309-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.05.2018 й., 06/18/5428/1158-сон, 30.05.2019 й., 06/19/5732/3212-сон)