toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 22.07.2022
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2006 йил 1 майдаги ПҚ–338-сон қарорини бажариш, шунингдек футбол клублари, Ўзбекистон Футбол федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Профессионал футбол клублари, Ўзбекистон Футбол федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари 2012 йил 1 июндан бошлаб 2018 йилнинг 1 январигача:
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 50-сон, 590-модда)
республикада ишлаб чиқарилмайдиган, стадионларни реконструкция қилиш ва футбол клубларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган четдан келтириладиган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва материаллар учун божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно);
солиқлар ва йиғимларнинг барча турларини (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) тўлашдан озод қилинсин, бўшаб қоладиган маблағлар футболни ривожлантиришга мақсадли йўналтирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси кўрсатиб ўтилган имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаб қоладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қатъий назоратни амалга оширсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 1 июнь,
158-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 22-сон, 252-модда; 2014 й., 50-сон, 590-модда)