1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.01.00 Давлат дастурлари, концепциялар ва бошқалар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.19.00.00 Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш / 09.19.01.00 Умумий қоидалар]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Маъмурий-ҳудудий тузилиш;
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури тўғрисида» 2012 йил 27 февралдаги ПҚ-1717-сон қарорига мувофиқ, маҳаллий маиший техника ишлаб чиқаришнинг ишлаб турган қувватларини кенгайтиришга, оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни истеъмол кредити сифатида беришга ва жамоа бўлиб фойдаланиладиган кирхоналар ташкил этиш йўли билан хотин-қизлар меҳнатининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
2012 — 2014 йилларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан электр-маиший техника ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрлари 1-иловага мувофиқ;
2012 йилда қурилаётган якка тартибдаги уй-жой қурилиши мавзеларида жамоа бўлиб фойдаланиладиган кирхоналар ташкил этишнинг мақсадли параметрлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ишлаб чиқилган 2012 — 2014 йилларда электр-маиший техника товарлари сотиб олиш учун аҳолига ажратиладиган истеъмол кредитларининг прогноз параметрлари 3-иловага мувофиқ маьқуллансин.
3. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ушбу қарорга 1-иловада кўрсатилган корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2012 — 2014 йилларда электр-маиший техника ишлаб чиқаришнинг тасдиқланган прогноз параметрларини бажаришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласинлар.
4. Белгилансинки, назарда тутилган параметрларга мувофиқ жамоа бўлиб фойдаланиладиган кирхоналар қуриш, уларни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари, шунингдек тижорат банклари ва бошқа молиявий ташкилотларнинг кредитлари ҳисобига амалга оширилади.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда:
аҳоли пунктлари бўйича қурилаётган якка тартибдаги уй-жой қурилиши мавзеларида ташкил этиладиган жамоа бўлиб фойдаланиладиган кирхоналарнинг манзилли рўйхатларини;
кир ювиш хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун зарур бўлган кир ювадиган машина-автоматлар ва бошқа технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш учун ташкилий масалалар ҳал этилишини ва тадбиркорлик субъектларига кредитлар берилишини назарда тутувчи жамоа бўлиб фойдаланиладиган кирхоналар ташкил этишнинг тасдиқланган параметрларини амалга ошириш бўйича тадбирлар комплексини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
6. Тижорат банкларига:
кир ювиш хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун кир ювадиган машина-автоматлар ва бошқа технологик асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш учун махсус кредит линиялари очиш;
ажратиладиган истеъмол кредитларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаларини белгилаш;
фақат паспортнинг нусхаси, иш жойидан иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдордаги кредитни 3 йилгача бўлган муддатга расмийлаштиришни амалиётга жорий этиш йўли билан аҳолига истеъмол кредитлари ажратиш механизмини соддалаштириш ва такомиллаштириш, шунингдек, кредит бўйича таъминлаш, шу жумладан учинчи шахсларнинг кафиллигида таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
паспорт нусхаси, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома ва корпоратив мижознинг ўз ходимлари мажбуриятлари бўйича кафиллиги билан тақдим этилган тақдирда расмийлаштирган ҳолда жисмоний шахслар – банкнинг корпоратив мижозлари ходимларининг сўмдаги микропроцессор пластик карточкалари бўйича овердрафт бериш тартибини регламентлайдиган ички норматив ҳужжатни тасдиқлаш тавсия этилсин.