toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 21.04.2016
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг
ҚАРОРИ
«БОЖ ОЛИНМАЙДИГАН САВДО ДЎКОНИ» БОЖХОНА РЕЖИМИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 30 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1317-2]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 29 февралдаги 01-02/15-08-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2774, 06.04.2016 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 230-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 47-сон, 488-модда) мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2004 йил 20 январдаги 01-02/12-4-сон қарори (рўйхат рақами 1317, 2004 йил 27 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 8-сон, 102-модда) билан тасдиқланган «Бож олинмайдиган савдо дўкони» божхона режими тўғрисидаги низомнинг 15-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларни сотиш фақат харидорнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этилгандан кейин амалга оширилади. Бунда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналари Давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машинасининг товар сотилганлигини тасдиқлайдиган чекида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
касса чеки рақами;
рейснинг рақами ва харидорнинг самолётдаги жойи рақами;
харид қилинган вақт ва сана;
сотиладиган товарнинг номи, нархи ва миқдори;
сотувчи томонидан олинган хорижий валюта суммаси;
назорат-касса машинасининг завод рақами;
фискал режим белгиси;
бож олинмайдиган савдо дўконининг номи;
солиқ тўловчи – бож олинмайдиган савдо дўкони эгасининг идентификация рақами.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконида товарларни сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида белгиланган тартибда берилган аккредитация карточкаси тақдим этилганидан кейин амалга оширилади. Бунда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналари Давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машинасининг товар сотилганлигини тасдиқлайдиган чекида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
касса чеки рақами;
бож олинмайдиган савдо дўкони эгаси – номи ва почта манзили;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида берилган аккредитация карточкасининг тоифаси, рақами, ходимнинг ёки унинг оила аъзосининг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, карточка ким томонидан берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилиши керак;
харид қилинган вақт ва сана;
товарнинг номи, миқдори, биттасининг қиймати, умумий қиймати;
назорат-касса машинасининг завод рақами;
фискал режим белгиси;
солиқ тўловчи – бож олинмайдиган савдо дўкони эгасининг идентификация рақами.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Раис З. ДУСАНОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 10 январь,
01-05/12-2-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 5-сон, 49-модда)