toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 14.12.2011
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН ГЎШТ ВА СУТ САНОАТИ ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК УЮШМАСИ («ЎЗГЎШТСУТСАНОАТ») ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 декабрдаги ПФ-4391-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Бозор муносабатларига ўтиш шароитида чорвачилик хўжаликларининг, гўшт ва сут саноати корхоналари ҳамда ташкилотларининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур ташкилий-иқтисодий шарт-шароитларни вужудга келтириш, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини кўпайтиришдан уларнинг манфаатдорлигини ошириш ҳамда республика аҳолисини шундай маҳсулот билан таъминлашни яхшилаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги ҳузуридаги «Ўзгўштсутсаноат» республика ишлаб чиқариш бирлашмасининг уни тугатиш ҳамда ўз қарамоғидаги корхоналар ва ташкилотларни Ўзбекистон гўшт ва сут саноати давлат-акционерлик уюшмаси («Ўзгўштсутсаноат»)га ихтиёрий равишда бирлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзгўштсутсаноат» давлат-акционерлик уюшмаси:
юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган хўжалик уюшмаси ҳисобланади ва у чорва молларни харид қилиш, бўрдоқига боқиш ва тайёрлашни, гўшт ва сутни қайта ишлашни ҳамда гўшт-сут маҳсулотини сотишни таъминлайдиган давлат, акционерлик, ижара ва жамоа корхоналарини ихтиёрийлик асосида бирлаштиради;
ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ҳамда уюшманинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Устави асосида амалга оширади;
тармоққа тезкор раҳбарлик қилиш масалалари бўйича ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ хўжалик вазирлиги билан мувофиқлаштиради.
3. «Ўзгўштсутсаноат» республика ишлаб чиқариш бирлашмасининг вилоят ишлаб чиқариш бирлашмалари негизида гўшт ва сут етиштирувчи ҳамда уларни қайта ишловчи ҳудудий давлат-акционерлик бирлашмаларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ деб топилсин.
4. «Ўзгўштсутсаноат» уюшмаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат қилиб белгилансин:
чорва молларни харид қилиш, бўрдоқига боқиш ва тайёрлаш, гўшт ва сутни қайта ишлаш ҳамда гўшт-сут маҳсулотини сотиш билан боғлиқ жамики ишлар мажмуини ташкил қилиш ва амалга ошириш;
уюшмага кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа органларда умумий манфаатларни ифода этиш;
тармоқда бозор муносабатларини ривожлантириш, давлат корхоналари ва ташкилотларини акционерлик, ижара, жамоа ҳамда бошқа мулкчилик турларига айлантириш борасидаги ишларни ўтказишда кўмаклашиш, тадбиркорлик ривожлантирилишини, қўшма корхоналар барпо этилишини бутун чоралар билан қўллаб-қувватлаш;
тармоқда ягона фан-техника сиёсатини ўтказиш, корхоналарни кенгайтиришда, уларни қайта қуриш ва техника билан қайта қуроллантиришда, илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва ўзлаштиришда кўмаклашиш.
5. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддат ичида «Ўзгўштсутсаноат» уюшмаси ташкил қилиш ва унинг фаолиятига оид қарорни қабул қилиб, тузилмаси ва Уставини тасдиқласин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 6 апрелдаги 172-сонли «Ўзбекистон гўшт ва сут саноати («Ўзгўштсутсаноат») давлат-акционерлик уюшмасини ташкил қилиш ва унинг фаолияти масалалари тўғрисида»ги қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 3 майдаги 199-сонли «Ўзбекистон гўшт ва сут саноати («Ўзгўштсутсаноат») давлат-акционерлик уюшмасининг уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 3 апрель,
ПФ-588-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 4-сон, 170-модда; 2011 й., 50-сон, 512-модда)