toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 24.10.2008
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 октябрдаги ПФ-4045-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармони билан ўз кучини йўқотган.
Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, чуқурлаштириш ва кенгайтириш борасида давлат сиёсатини амалга ошириш, уни жонлантириш йўлидаги мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш, шунингдек акциядор инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1—4-бандлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 26 мартдаги ПФ-1414-сонли Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1996 й., 3-сон, 30-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича Давлат комиссияси билан биргаликда:
— инвестиция институтларининг фонд биржасидаги савдоларга баб-баравар киришини;
— ҳақиқий талаб ва таклифни, эмитентларнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичларини, қимматли қоғозларнинг сотилиш даражасини ҳисобга олган холда қимматли қоғозлар очиқ савдога қўйилишини таъминласин.
6 Қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг манфаатдорлигини ошириш, фонд бозорида операцияларни фаоллаштириш мақсадида:
— 1995 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахсларнинг дивидендлар ҳолида қимматли қоғозларнинг айланишидан, қимматли қоғозларнинг сотиб олиш ва сотиш нархлари ўртасидаги тафовутдан олинган даромадлари уч йил муддатгача солиққа тортилишдан озод қилинсин;
— 1995 йил 1 сентябрдан бошлаб қимматли қоғозлар олди-сотди шартномасини тузиш чоғида битим қатнашчиларидан олинадиган қимматли қоғозлар операцияси солиғи бекор қилинсин;
— 1995 йил 1 сентябрдан бошлаб қимматли қоғозлар эмиссияси проспектини рўйхатдан ўтказиш чоғида эмитентдан олинадиган қимматли қоғозлар операцияси солиғининг ставкаси эмиссия ўз қийматининг 0,5 фоизидан 0,1 фоизига камайтирилсин.
7. Қимматли қоғозлар бозорида хорижий инвесторларнинг қатнашишини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси қимматли қоғозлар ва фонд биржалари Давлат комиссияси билан биргаликда:
— хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси эмитентларининг қимматли қоғозларини сотиб олишга, қўйилган маблағларни ва улар бўйича олинган даромадларини конвертациялашга, кейинчалик амалдаги қонунчиликка мувофиқ репатриация қилишга бўлган ҳуқуқларнинг амалга оширилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласинлар;
— хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва Ўзбекистон эмитентлариникини чет мамлакатларга киритиш, рўйхатдан ўтказиш ва жойлаштириш тартибини 10 кун муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат мулки корхоналарини акциялаштириш ва қимматли қоғозлар бозорини такомиллаштиришни жадаллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони 6-бандининг 2-хатбошиси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 10 кун муддатда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартишларни киритиш тўғрисида таклифлар тайёрласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан ташкилий тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилиш.
11. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 7 сентябрь,
ПФ-1270-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 10-11-сон, 225-модда; 1996 й., 3-сон, 30-модда)