toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
«ЎЗБЕКИСТОН — ВАТАНИМ МАНИМ» ҚЎШИҚ БАЙРАМИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг беш йиллиги муносабати билан ўтказилган «Ўзбекистон — Ватаним маним» қўшиқлар кўрик-танловининг халқимиз маънавий ҳаётида унутилмас воқеа бўлганлигини, минглаб фуқароларимиз томонидан зўр мамнуният ва кўтаринки руҳ билан қўллаб-қувватланганлигини эътиборга олиб, келажаги буюк давлатимиз ва унинг бунёдкор, бағри кенг, меҳри дарё халқини мадҳ этувчи, инсонлар қалбида муқаддас Ватан тупроғини, мустақилликни кўз қорачуғидай асраб-авайлаш, бунинг учун керак бўлса жон фидо қилишга ундовчи юксак бадиий савиядаги мусиқа асарлари ва қўшиқларнинг яратилишига кенг имконият туғдириш мақсадида:
1. Ҳар йили август ойининг учинчи якшанбаси «Ўзбекистон — Ватаним маним» қўшиқ байрами куни деб эълон қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида қўшиқ байрамини тайёрлаш ва ўтказиш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 27 август,
ПФ-1550-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 8-сон, 109-модда)