toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЧОРВАЧИЛИКДА НАСЛЧИЛИК, ЗООТЕХНИКА ВА ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИШЛАРИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Чорвачиликни янада ривожлантириш, чорва молларининг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини такомиллаштиришнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, селекция-наслчилик ишларини яхшилаш, илғор илмий ютуқларни фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятига жорий этиш, саноат асосида гўшт-сут маҳсулотлари етиштириш бўйича замонавий комплекс ташкил этиш, ем-хашак экинлари уруғларининг элита навларини ўстириш, чорвачилик соҳасида кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Қизил шалола шаҳарчасида жойлашган «Шалола-наслли мол тайёрлаш» давлат корхонасининг бино ва иншоотларини давлат улушини кўпайтириш ҳисобига «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси устав жамғармасига белгиланган тартибда бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг «Шалола-наслли мол тайёрлаш» давлат корхонаси негизида «Ўзнаслэлита» масъулияти чекланган жамиятни (кейинги ўринларда «Ўзнаслэлита» МЧЖ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, «Ўзнаслэлита» МЧЖнинг устав фонди ушбу қарорнинг 1-бандига мувофиқ «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси устав жамғармасига берилаётган бино ва иншоотлар ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг интеллектуал мулки ҳисобига баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган қиймати бўйича шакллантирилади.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компаниясига «Ўзнаслэлита» МЧЖ фаолияти соҳаси бўйича инвесторларни ҳаммуассислар сифатида жалб этишга рухсат берилсин.
3. Қуйидагилар «Ўзнаслэлита» МЧЖнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
саноат асосида гўшт-сут маҳсулотлари етиштириш бўйича замонавий технологик комплекс ташкил этиш;
ем-хашак экинлари уруғларининг элита навларини етиштиришни ташкил этиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қорамоллар селекцияси, уларни озиқлантириш ва парвариш қилиш технологияси, ем-хашак экинлари ўстириш агротехникаси, чорва молларининг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини такомиллаштиришнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш учун Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти олимларига зарур шарт-шароитлар яратиш;
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
мустаҳкам ем-хашак базаси, юқори маҳсулдор сигирларнинг «насл ядроси»ни ташкил этиш, улардан пода тўлдирадиган бузоқлар олиш;
илғор илмий ютуқларни ишлаб чиқаришга жорий этиш.
4. «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси томонидан зарур инвестициялар киритишни назарда тутадиган техник-иқтисодий асослаш ишлаб чиқилишини;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази билан биргаликда «Ўзнаслэлита» МЧЖ негизида қорамолларни парвариш қилиш, озиқлантириш, кўпайтириш ва чорвачилик маҳсулотлари олишнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази «Ўзнаслэлита» МЧЖ негизида:
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
селекция-наслчилик ишларини, қорамолларни озиқлантириш ва парвариш қилиш технологияларини такомиллаштиришга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ўтказишни;
асосий ва оралиқ ем-хашак экинларининг серҳосил навларини яратиш бўйича селекция ишларини амалга оширишни;
фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятига чорвачилик ва ем-хашак етиштиришни ривожлантириш соҳасидаги илғор илмий ютуқларни жорий этишни;
чорвачилик масалалари бўйича мунтазам равишда илмий-амалий семинарлар ўтказишни ташкил этсин.
6. Тошкент вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда «Ўзнаслэлита» МЧЖга мустаҳкам ем-хашак базаси ташкил этиш ва ем-хашак экинлари уруғларининг элита навларини етиштириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкаси ажратсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розуқулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 22 ноябрь,
257-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 47-сон, 427-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)