ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАР, ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА САВДО ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
ТОВАРЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИНИ СЕРТИФИКАТЛАШНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 10 майдаги 11-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3366, 10.05.2022 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 13 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2131]
Ўзбекистон Республикасининг «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси 1997 й. 9-сон, 228-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 26 июлдаги ПҚ-136 сонли «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 30-31-сон, 225-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 мартдаги 137-сонли «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартибини такомиллаштириш ва амалдаги қонунчилик нормаларини бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси қарор қиладилар:
1. Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан 1999 йил 22 мартда 01/12-1327-сон билан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 19 майда ЭГ/02-6405/1050-сон билан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан 1999 йил 1 мартда 02/8-45-сон билан тасдиқланган Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидалари (рўйхат рақами 787, 1999 йил 30 июль) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 248-модда);
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан 2000 йил 6 январда ВР-01/12-62-сон билан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси томонидан 2000 йил 7 январда 5 сон, 02/8-02-сон билан тасдиқланган «Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 30 июлда 787-сон билан рўйхатга олинган Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш қоидаларига 1-сон қўшимча» (рўйхат рақами 787-1, 2000 йил 17 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 2-сон, 22-модда);
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан 2000 йил 30 июнда ЭГ-01/12-3409-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 945, 2000 йил 13 июль) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 13-сон, 39-модда);
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигининг 2005 йил 25 майдаги НН-01/10-2298-сон «Ўзбекистон Республикасида товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 945-1, 2005 йил 1 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 22-сон, 164-модда).
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э. ҒАНИЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 19 июль,
ЭГ-01/10-4014-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 19 июль,
60-сон
Давлат божхона қўмитаси раиси С. НОСИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 19 июль,
01-02/8-10-сон
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитасининг 2010 йил 19 июлдаги ЭГ-01/10-4014, 60, 01-02/8-10 сон қарорига ИЛОВА
Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси 1997 й. 9-сон, 228-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 26 июлдаги ПҚ-136-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 30-31-сон, 225-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 мартдаги 137-сонли «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартибини белгилайди.
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни олиш учун мурожаат этувчи юридик ёки жисмоний шахс.
ваколатли орган — зиммасига сертификат бериш функцияси юклатилган орган. Ўзбекистон Республикасида ваколатли орган бўлиб «Ўзбекэкспертиза» ОАЖ ва унинг бўлинмалари ҳисобланади.
ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш — эксперт томонидан ариза берувчининг ишлаб чиқаришини мазкур Низомда белгиланган тартибда кўздан кечирилиши.
Товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат (бундан буён сертификат деб юритилади) — товарларнинг келиб чиқиш мамлакати тўғрисида аниқ далолат берувчи ҳужжат, шу жумладан электрон шаклдаги ҳужжат.
Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш (бундан буён сертификатлаш деб юритилади) — кейинчалик товарларнинг Ўзбекистон Республикасидан келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш, гувоҳлантириш ёки товарларнинг бошқа мамлакатлардан келиб чиқишини тасдиқлаш орқали, товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш мақсадида экспертиза ўтказиш процедураси.
2. Сертификат ваколатли орган томонидан товарнинг келиб чиқиш мамлакатини гувоҳлантириш мақсадида расмийлаштирилади ва товар олиб кириладиган мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ имтиёзлар олиш учун қўлланилиши мумкин.
3. Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан товарларни олиб чиқиб кетиш вақтида сертификат, башарти унинг зарурлиги тегишли шартномаларда, товар олиб кириладиган мамлакатнинг миллий қоидаларида қайд этилган ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган бўлса, шунингдек экспортёрнинг талаби бўйича берилади.
4. Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш тамойиллари мавжуд халқаро амалиётга асосланади.
II. Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш қоидалари
5. Товарлар батамом ишлаб чиқарилган ёки етарли даражада қайта ишланган мамлакат товарнинг келиб чиқиш мамлакати ҳисобланади.
Бир гуруҳ мамлакатлар, мамлакатларнинг божхона иттифоқлари, минтақа ёки башарти, товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш мақсади ажратиб кўрсатишни тақозо этса, бирор мамлакатнинг муайян қисми товар ишлаб чиқарилган мамлакат деб ҳисобланиши мумкин.
6. Қуйидаги товарлар мазкур мамлакатда батамом ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади:
а) унинг ҳудудидан ёки ҳудудий сувларидан ёхуд континенталь шельфидан ва денгиз остидан олинган фойдали қазилмалар, агар мамлакат денгиз остини қазиш учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлса;
б) унинг ҳудудида ўстирилган ёки йиғиб олинган ўсимлик маҳсулотлари;
в) мамлакатда туғилган ва парвариш қилинган тирик ҳайвонлар;
г) мамлакатда етиштирилган ўсимлик маҳсулотлари ва ҳайвонлардан олинган маҳсулот;
д) мамлакатда тайёрланган овчилик, балиқчилик ва денгиз ови маҳсулоти;
е) мамлакат кемаларида ёки у ижарага олган (фрахт қилинган) кемаларда жаҳон океанида овланган ва (ёки) тайёрланган денгиз ови маҳсулотлари;
ж) мамлакатдаги ишлаб чиқариш ёки бошқа операцияларнинг натижаси бўлмиш иккиламчи хом ашё ва чиқиндилар;
з) мамлакатга қарашли ёки у ижарага олган космик кемаларда очиқ космосда олинган юқори технология маҳсулотлари;
и) мамлакатда мазкур банднинг «а»—«з» кичик бандларида кўрсатиб ўтилган маҳсулотлардангина ишлаб чиқарилган товарлар.
7. Агар товарни ишлаб чиқаришда икки ёки ундан ортиқ мамлакат иштирок этаётган бўлса, товарнинг келиб чиқиши унинг «етарли даражада қайта ишланганлиги» мезонига мувофиқ аниқланади.
8. Ушбу мамлакатда товарнинг «етарлича даражада қайта ишланганлиги» мезони қуйидагилардан иборат:
товарни қайта ишлаш натижасида товар позициясининг (товарнинг таснифловчи кодининг) ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта код белгисининг исталган бири даражасида ўзгариши;
9. Агар аниқ товар ёки аниқ мамлакатга (мамлакатларга) нисбатан товарнинг келиб чиқиши мезони алоҳида белгиланмаган бўлса, ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта код белгисининг исталган бири даражасида товар позициясининг (товарнинг таснифловчи кодининг) ўзгариши содир бўлса, товар етарли даражада қайта ишланганлиги тўғрисидаги қоида қўлланилади.
10. Етарли даражада қайта ишланганлик мезони адвалор улуш орқали ифодаланган ҳолатларда, қийматли кўрсаткичлар қуйидагича ҳисобланади:
а) импорт қилинаётган материаллар учун — олиб киришда бож олинадиган (СИФ негизида) қиймат бўйича; ёки агар уларнинг келиб чиқиши номаълум бўлган ҳолда, — ишлаб чиқариш амалга ошириладиган мамлакат ҳудудида белгиланган биринчи сотув баҳоси бўйича;
б) тайёр товарлар учун — франко-завод баҳоси ёки экспорт баҳоси бўйича.
11. Қуйидагилар «етарли даражада қайта ишланганлик» мезонига жавоб бермайди деб ҳисобланади:
а) сақлаш ёки транспортда ташиш вақтида товарларнинг сақланишини таъминлаш бўйича операциялар;
б) товарларни сотиш ва транспортда ташишга тайёрлаш бўйича операциялар (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил қилиш, саралаш, қайтадан ўраш);
д) юқорида кўрсатилган операцияларнинг иккитаси ёки ундан ортиғини бир вақтда амалга ошириш;
е) чорва молларини сўйиш.
12. Ишлаб чиқариш ёки транспорт шароитларига кўра, товарларни битта туркум қилиб жўнатишнинг иложи бўлмаганлиги сабабли улар бўлиб-бўлиб ёки йиғилмаган ҳолда етказиб берилса*, унинг келиб чиқишини аниқлаш нуқтаи назаридан импортёрнинг хоҳишига кўра, ягона предмет деб қаралиши керак**.
* Бу қоида, шунингдек бир туркум товар нотўғри тақсимланиши ёки манзили нотўғри кўрсатилганлиги сабабли бир нечта туркумга бўлинган ҳолларда ҳам қўлланилади.
** Ушбу қоиданинг қўлланиш шарти қуйидагилардан иборат:
бўлакларга бўлинган ёки йиғилмаган товарнинг бир неча туркумга тақсимланганлигини, бундай тақсимлаш сабабларини, ҳар бир туркумга кирадиган товарларнинг ТИФ ТН бўйича кодлари, қиймати ва уларни ишлаб чиқарган мамлакатни кўрсатган ҳолда ҳар бир туркумнинг батафсил таснифини Ўзбекистон Республикаси божхона органига олдиндан маълум қилиш;
барча туркумдаги товарларнинг битта мамлакатдан битта экспортёр орқали етказиб берилиши;
товарларнинг барча туркумларини битта божхона постида расмийлаштириш;
барча туркумдаги товарларнинг шартномада кўрсатилган муддатдан кечиктирмай етказиб берилиши.
13. Товарларнинг келиб чиқишини аниқлашда, уларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган иссиқлик ва электр энергияси, машиналар, ускуна ва асбобларнинг келиб чиқиши инобатга олинмайди.
III. Товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат
14. Товарнинг келиб чиқиши, экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакат томонидан белгиланган тартибда ва шаклда ваколатли орган томонидан берилган сертификат билан тасдиқланади.
15. Сертификат кўрсатилган товар муайян мамлакатдан келиб чиққанлигидан аниқ далолат бериши, яъни унда қуйидагилар бўлиши лозим:
а) товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганликнинг тегишли мезонига мослиги ҳақида экспортёрнинг ёзма декларацияси (СТ-1 шаклдаги ва Бош Преференциялар Тизимининг А шаклидаги сертификатлар учун).
б) сертификатда келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги тўғрисида товар олиб чиқиб кетилаётган мамлакатнинг ваколатли органининг ёзма гувоҳномаси.
16. Товарнинг импорт қилиниши чоғида, унинг мазкур мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги тўғрисида гувоҳлик бериш учун, Ўзбекистон Республикасининг божхона органига экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли органи томонидан белгиланган тартиб ва шаклда берилган сертификат тақдим этилиши лозим.
17. Сертификат Ўзбекистон Республикаси божхона органларига рус ёки инглиз тилларида тақдим этилади. Бошқа тилда тўлдирилган сертификат, божхона органига, ўрнатилган тартибда, расман тасдиқланган ўзбек (рус) тилидаги таржимаси билан бирга тақдим этилиши керак. Қўлда босма ҳарфлар билан тўлдирилган, экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли органи томонидан гувоҳлантирилган сертификатни қабул қилишга рухсат этилади. Ваколатли орган томонидан гувоҳлантирилмаган, ўзгартириш ёки тузатишларга эга бўлган сертификатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
18. Сертификат божхона декларацияси ва божхонада расмийлаштириш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади. Сертификат йўқотилган тақдирда, уни берган ваколатли орган томонидан расмий равишда тасдиқланган дубликати қабул қилинади.
а) Ўзбекистон Республикаси томонидан тариф преференциялари берилган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга;
б) мазкур мамлакатдан импорт қилиниши миқдорий чекловлар (квоталар) орқали ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа усуллари орқали тартибга солинадиган товарларга;
в) башарти бу Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро битимлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бўлса;
г) божхонада расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларда товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотлар бўлмаган ёки божхона органида товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида нотўғри маълумотлар декларацияланмоқда деб ҳисоблашга асос бўлган ҳолларда.
20. Катта туркумларда бўлмаган (фактура қиймати 5000 АҚШ долларигача бўлган) товарларнинг келиб чиқишини гувоҳлантиришда, экспортёр товарнинг келиб чиқиш мамлакатини ҳисобварақ-фактурада ёки товарнинг кузатув ҳужжатларида қуйидаги шартларда декларациялаши мумкин:
мазкур товарлар туркуми битта шартнома доирасида етказиб берилаётган товарлар туркумининг бир қисми бўлмаса;
ҳисобварақ-фактурада ва/ёки бошқа товарнинг кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар уларни бериш ваколатига эга бўлган ташкилотлар томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланган бўлса.
21. Лозим даражада расмийлаштирилган сертификат ёки сўралган маълумотлар тақдим этилмагунига қадар, товар мазкур мамлакатдан келиб чиққан деб ҳисобланмайди.
Мазкур банднинг биринчи хатбошиси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, келиб чиқиши ишончли белгиланмаган товарлар Ўзбекистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси бож тарифининг максимал ставкалари бўйича божхона божлари тўланган ҳолда киритилади.
22. Лозим даражада расмийлаштирилган келиб чиқиш тўғрисидаги сертификат ёки маълумотларнинг тақдим этилмаслиги, товарни Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказишни рад этиш учун асос бўлмайди.
Божхона органи, Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро битимларга ва (ёки) Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ товарлари Ўзбекистон Республикасига киритилмайдиган мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисоблашга асослар бўлсагина, товарларни киритишни рад этиши мумкин.
23. 19-банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган товарларга нисбатан, божхонада расмийлаштириш амалга оширилган санадан узоғи билан бир йил ичида уларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги тегишли гувоҳнома олинса, энг кўп қулайлик бериш режими ёки преференциал режим қўлланилиши (қайта тикланиши) мумкин.
IV. 1994 йил 15 апрелдаги Эркин иқтисодий зонани яратиш тўғрисидаги Битим иштирокчи-давлатларининг товарлари учун келиб чиқиш мамлакатини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари
24. Мазкур Низомнинг алоҳида қоидаларини талқин этишда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукуматлари раҳбарлари Кенгашининг 1993 йил 24 сентябрдаги қарори билан, кейинчалик киритилган ўзгартиришлар билан бирга тасдиқланган Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш қоидаларининг асл нусхасидан фойдаланилади.
25. Товарнинг Эркин иқтисодий зонани яратиш тўғрисидаги Битим иштирокчи-давлатининг божхона ҳудудидан келиб чиққанлигини гувоҳлантириш учун Ўзбекистон Республикаси божхона органига Битим иштирокчиси бўлган келиб чиқиш мамлакатининг ваколатли органи томонидан берилган сертификат (СТ-1 шакл) тақдим этилиши лозим.
26. Товар, агар у мазкур Низомнинг II бўлимида белгиланган келиб чиқиш мезонларига мувофиқ бўлса, Эркин иқтисодий зонани яратиш тўғрисидаги Битим иштирокчи-давлатларидан бирортасининг резиденти томонидан экспорт қилинаётган ва Битимнинг бошқа иштирокчи давлати божхона ҳудудидан ушбу Битимнинг иштирокчи-давлати резиденти томонидан олиб кирилаётган бўлса, 1994 йил 15 апрелдаги Эркин иқтисодий зонани яратиш тўғрисидаги Битим иштирокчи-давлатининг божхона ҳудудидан келиб чиққан деб ҳисобланади. Бунда резидент деганда, ушбу давлат ҳудудида тузилган ташкилот ёки ушбу давлат ҳудудида доимий яшовчи жисмоний шахс тушунилади.
V. Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш тартиби
27. Сертификат олиш учун ариза берувчи товарни юклаш амалга оширилаётган жойдаги ваколатли органга мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда ёзма ариза тақдим этади.
Аризага раҳбар ёки ваколатли масъул шахснинг имзоси ва корхона муҳри билан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:
ишлаб чиқарувчи (тайёрловчи), экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё ва қисмларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар (хом ашёни етказиб бериш бўйича шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ёки Ўзбекистон Республикасига хом ашё ёки қисмларни олиб киришдаги юк божхона декларациялари);
товарни тайёрлаш технологик жараёнининг бажарилишига асос бўладиган ҳужжатлар.
Ишлаб чиқарилишида импорт қилинган қисмлар, хом ашё материаллари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлатилган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича мурожаат қилинган ҳолда, юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
товарнинг фойдаланилган материалларнинг қийматини ҳисобга олган ҳолда таннархининг ҳисоби (товарларнинг келиб чиқишини адвалор улуш қоидаси бўйича аниқлаш зарурати бўлган ҳолларда);
товар позициясининг (товарнинг тасниф кодининг) товарни қайта ишлаш натижасида содир бўлган ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта код белгисининг исталган бири даражасида ўзгаришининг асоси (келиб чиқиш мезони алоҳида айтиб ўтилмаган ҳолларда).
Тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
28. Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш ва сертификатни расмийлаштириш ариза белгиланган тартибда топширилган санадан бошлаб 3 иш куни мобайнида амалга оширилади. Товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида қўшимча маълумотларни олиш зарурати туғилган ҳолда аризани кўриб чиқиш муддати 6 иш кунигача узайтирилиши мумкин.
29. Товарнинг келиб чиқишини сертификатлаш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун ариза берувчи жавобгардир.
30. Ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқариш (тайёрлаш) жараёнини ўрганишдан ва товарнинг Ўзбекистон Республикасидан келиб чиқишини тасдиқлаш учун экспертиза буюртмачиси томонидан тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилишдан бошланади. Эксперт қуйидагилар билан танишиб чиқиши ва ўрганиши керак:
Мазкур Низомнинг 27-бандида кўрсатилган ҳужжатларни;
экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқарувчиси бўлиб ҳисобланмайдиган ариза берувчи мурожаат этган ҳолларда, экспорт қилинаётган товар туркумининг мавжудлигини текширади;
экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқарувчиси бўлган ариза берувчи мурожаат этган ҳолларда, экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқариш учун объектив шароитларни текширади.
Иш жараёнида эксперт экспорт қилинаётган товар келиб чиқиш мезонларидан қайси бирига: маҳсулотнинг батамом ишлаб чиқарилганлиги ёки маҳсулотнинг етарлича қайта ишланганлигига мос келишини аниқлаши керак.
Башарти экспертиза натижасида товарнинг Ўзбекистон Республикасидан келиб чиқиши тасдиқланса ва келиб чиқиш мезони аниқланса, мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда экспертиза далолатномаси тузилади.
31. Экспертиза далолатномаси товарнинг жўнатишга тайёр бўлган туркумига расмийлаштирилади.
32. Далолатнома эксперт томонидан аниқ, қисқартиришларсиз (умумий қабул қилинганлардан ташқари) ва бўялишларсиз расмийлаштирилган бўлиши керак. Тузатишларга эксперт томонидан изоҳ берилиши ва унинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.
33. Экспертиза далолатномасида тақдим этилган ҳужжатлар тўғрисидаги барча маълумотлар, текшириш натижалари кўрсатилган бўлиши ва товарнинг келиб чиқишини аниқлашнинг аниқ асоси келтирилиши керак.
34. Экспертиза далолатномаси бир нусхада расмийлаштирилиб, ваколатли органда сақланади.
35. Товарнинг Ўзбекистон Республикасидан келиб чиқиши тўғрисидаги эксперт хулосасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари экспертиза далолатномаси билан бирга архивда уч йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақланади.
36. Агар экспертиза натижасида товарнинг Ўзбекистон Республикасида «етарли даражада қайта ишланганлик» мезонига риоя қилинмаганлиги аниқланса ёки товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш имкони бўлмаса, экспортёрга тақдим этилган товар Ўзбекистон Республикасидан келиб чиққан товар сифатида таснифлана олмаслиги тўғрисида, сабаблари кўрсатилган ҳолда, мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда эксперт хулосаси берилади.
37. Эксперт ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш жараёнида мазкур ташкилотда амал қилувчи техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши шарт.
38. Қонунчиликка мувофиқ эксперт, экспертизанинг объективлиги, сифати ва ўз вақтида ўтказилишига ҳамда экспертиза далолатномасининг лозим даражада расмийлаштирилишига жавобгардир.
VI. Сертификатни расмийлаштириш
39. Сертификат товарнинг жўнатишга тайёр бўлган туркумига, Бош Преференциялар Тизимига мувофиқ преференциялар тақдим этувчи хорижий давлатларга экспорт қилинаётган товарларга А шаклда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларига — СТ-1 шаклда, бошқа давлатларга — мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ умумий шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси билан тузилган Битимларда белгиланган шаклларда расмийлаштирилади.
Сертификатни бир вақтнинг ўзида битта юк олувчининг манзилига бир йўналишда жўнатилаётган товар туркумига расмийлаштиришга рухсат этилади.
Экспортёрнинг ихтиёрига кўра, сертификат алоҳида транспортда ташилаётган товар бирликларига берилиши мумкин.
40. Қоида бўйича, товарга берилган сертификат, шу товар тўғрисида қуйидаги зарурий маълумотларни ўз ичига олиши керак:
а) экспортёрнинг номи ва манзили;
б) импортёрнинг номи ва манзили;
в) транспортда ташиш воситалари ва ҳаракатланиш маршрути (қанчалик аниқлигига қараб);
г) ўринлар сони ва ўраб-жойлаш тури, товарни идентификациялаш учун зарур бўлган барча маълумотларни ўз ичига олувчи товарнинг баёни;
д) брутто ва соф оғирлиги (ушбу кўрсаткичлар бошқалар билан, масалан, товар бирликлари сони ёки ҳажми кабилар билан алмаштирилиши мумкин, башарти товарни транспортда ташишда унинг вазни сезиларли даражада ўзгарса ёки бу бирликлар товарнинг ушбу турига стандарт қўлланилса);
е) ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси.
41. Сертификат ваколатли шахс томонидан имзоланади ва ваколатли органнинг муҳри билан тасдиқланади. Сертификатнинг гувоҳлантириш жойи (шаҳри) ва санаси, шунингдек, ваколатли органнинг номи ва тўлиқ манзили кўрсатилади.
42. Сертификатларни тасдиқлаш мажбурияти юклатиладиган шахслар имзоларининг намуналари ва ваколатли орган муҳрларининг босма нусхалари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига, шунингдек, бошқа давлатларнинг ваколатли органларига юборилади.
43. Сертификат бир нечта нусхада, битта асл нусха ва қолган нусхалари «копия»(«нусха») белгиси билан тузилади.
Ариза берувчининг асосланган мурожаатига кўра сертификатнинг «банкка тақдим этиш учун» белгиси қўйилган иккинчи асл нусхаси берилиши мумкин.
44. Ҳар бир сертификат уни идентификациялаш мумкин бўлган одатий тартиб рақамига эга бўлиши керак. Бу рақам қуйидаги элементлардан иборат бўлиши керак:
Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи UZ — иккита ҳарфдан;
дунё мамлакатлари Классификаторига мувофиқ, товар экспорт қилинаётган давлатни ифодаловчи, иккита ҳарфдан (агар Ўзбекистон Республикаси билан имзоланган битимларда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса);
йилни ифодаловчи ва жорий йилнинг сўнгги рақамига мос келувчи битта рақамдан, масалан, 0 рақами 2010 йилни англатади;
Ўзбекистон Республикасида ҳужжатни берган ваколатли органнинг бўлинмасини ифодаловчи икки хонали рақамдан;
берилган сертификатнинг беш хонали тартиб рақамидан.
45. Ариза берувчининг асосланган илтимосига кўра сертификатни товар жўнатилганидан сўнг гувоҳлантиришга рухсат этилади. Бу ҳолда, мазкур Низомнинг 27-бандида санаб ўтилган ҳужжатларга ариза берувчи томонидан қўшимча равишда, товарнинг кузатув ҳужжатлари ва божхона органларининг товарнинг жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган юк божхона декларацияси тақдим этилади. Бундай ҳолларда сертификатнинг «Хизмат белгилари учун» устунларида «Кейинчалик берилган» ёзуви бўлиши керак.
46. Сертификат йўқолган ёки бузилган ҳолларда манфаатдор ташкилот ариза берувчи томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатлар асосида гувоҳлантириладиган дубликат олиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай сертификатнинг дубликати, сертификат асл нусхасининг расмийлаштирилган санаси ва рақами кўрсатилган ҳолда, «дубликат» ёзувига эга бўлиши керак. Бунда дубликатга аввал берилган сертификат асл нусхасининг рўйхатга олиш рақами ва дубликат расмийлаштирилган куннинг санаси қўйилади.
47. Аввал берилган сертификатни қайта расмийлаштириш зарурати туғилганда, ариза берувчи асослантирилган ёзма мурожаат асосида, янги сертификат олиш ҳуқуқига эга. Бунда «Хизмат белгилари учун» устунларига бекор қилинган/қайта расмийлаштирилган сертификатнинг рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда, «Сертификат ўрнига берилган» ёзуви киритилади. Аввал берилган сертификатнинг ўрнига берилган сертификатга янги рўйхатга олиш рақами ва янги сертификат расмийлаштирилган куннинг санаси қўйилади.
48. Агар сертификатнинг ҳақиқийлигига ёки ундаги экспорт қилинаётган маҳсулотга тегишли бўлган маълумотларнинг аниқлигига шубҳа туғилиши муносабати билан, Европа Иттифоқининг, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва бошқа мамлакатларнинг органлари Ўзбекистон Республикасида расмийлаштирилган сертификатни текшириш учун қайтарса ёки расмий талаб йўлласа, ваколатли орган сертификатлаш ва сертификатларни тасдиқлашнинг белгиланган тартибига риоя қилинганлигини текшириш бўйича чоралар кўради, зарур бўлганда мазкур товарнинг экспорт қилувчилари — ташкилотлар жалб этилади.
Бундай текширув натижалари бўйича импортёр-мамлакатнинг сўровнома юборган органига ахборот юборилади.
VII. Товарнинг келиб чиқишини тасдиқлаш
49. Товарларнинг алоҳида турларини импорт, экспорт ёки реэкспорт қилишда уларнинг мазкур мамлакатдан келиб чиққанлигини гувоҳлантириш учун божхона органларига, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан СТ-1 шаклидаги сертификат бланкасида ёки мос равишда умумий шаклдаги сертификат бланкасида берилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги тасдиқнома тақдим этилиши мумкин.
50. Сертификатни тасдиқлаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
агар товарларнинг асосий туркуми товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат билан бирга келиб тушган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг божхона омборларидан/омборларида реализация қилинадиган товарларнинг алоҳида туркумларига;
товарга нисбатан ваколатлар бошқа шахсга берилганида;
Ўзбекистон Республикасига бошқа мамлакатлардан товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат билан бирга реэкспорт режимида келиб тушган товарларга.
51. Сертификатни тасдиқлаш учун ариза берувчи товарни божхонада расмийлаштириш амалга оширилаётган жойдаги ваколатли органга мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклда ёзма ариза тақдим этади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклда ваколатли орган томонидан берилган сертификатнинг асл нусхаси ёки дубликати, шу жумладан, электрон шаклдаги сертификат.
товарнинг кузатув ҳужжатларининг (кирувчи инвойслар, ўраш варақалари, божхона белгиси қўйилган транспорт накладнойлари, юк божхона декларациялари (агар мавжуд бўлса)), ваколатли органда рўйхатга ва ҳисобга олинган шартноманинг, товарга нисбатан ваколатларнинг бошқа шахсга ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари.
52. Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқлашда қуйидагиларнинг мавжуд бўлиши мажбурий шарт бўлиб ҳисобланади:
экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклда ваколатли орган томонидан берилган, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органида олиб қолинадиган ва сақланадиган, сертификатнинг асл нусхаси ёки дубликати, шу жумладан, электрон шаклдаги сертификат.
Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органида товарни экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда сертификатларни гувоҳлантиришга масъул бўлган ваколатли органларнинг муҳрлари ва шахслари имзоларининг намуналари.
Тасдиқлашга қабул қилинган сертификатлар, агар уларни расмийлаштириш санасидан бошлаб 36 ойдан ошмаган бўлса, кўриб чиқилади.
53. Юқорида кўрсатилган намуналар бўлмаганда, сертификатнинг ҳақиқийлиги ёки ундаги ахборотнинг аниқлигига шубҳа туғилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи сертификатни расмийлаштирган ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда сертификатни текширади ёки товарнинг келиб чиқиш мамлакати ёхуд сертификатни расмийлаштирган мамлакатнинг ваколатли органларига сўровнома юборади.
54. Сертификат Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан товарнинг келиб чиқишини тасдиқлаш мақсадлари учун қуйидаги ҳолларда қабул қилинмаслиги мумкин:
сертификатда хато маълумот аниқланса;
Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан товар олиб чиқилаётган мамлакат ёки ишлаб чиқарилган мамлакатнинг ваколатли органларидан сўралаётган сертификат тўғрисида 3 ой муддат ичида (биринчи сўровнома юборилган санадан бошлаб 1 ой муддат ичида ва иккинчи бор сўровнома юборилган санадан бошлаб 2 ой муддат ичида) ахборот олинмаса;
Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органида, товарни олиб чиқувчи мамлакатнинг ваколатли органларидан сертификатнинг берилмаганлиги (қалбакилаштирилганлиги), ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар ва/ёки нотўғри маълумотлар асосида берилганлиги ёки экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатнинг белгиланган талаблари бузилган ҳолда берилганлиги тўғрисида тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлса.
55. Сертификат Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан товарнинг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқлаш мақсадлари учун тан олинмаган ҳолларда, рад этишнинг асосланган сабаблари кўрсатилган эксперт хулосаси тузилади.
VIII. Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш учун тўлов тўлаш
56. Экспертизани ўтказиш ва сертификатни расмийлаштириш харажатларини ариза берувчи тўлайди.
57. Экспертиза ўтказиш ва сертификатни расмийлаштириш, шунингдек, эксперт хулосаси расмийлаштирилган ҳолларда, ариза берувчи томонидан ваколатли органга қонунчиликда ўрнатилган тартибда ваколатли орган томонидан белгиланадиган миқдорда тўлов тўланади.
Ўзбекистон Республикасида товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
АРИЗА
(товарларнинг келиб чиққанлиги тўғрисидаги сертификатни олиш учун)
Экспортёр_________________________________________ «Ўзбекэкспертиза» ОАЖ билан _____________________ санада тузилган _____-сонли шартнома асосида товар(лар)нинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш ва товар(лар)нинг келиб чиққанлиги тўғрисидаги сертификатни расмийлаштириш учун, эксперт ажратишингизни сўрайди.