toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 27.08.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги ПФ-5787-сонли «Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатда амалга оширилаётган кадрлар тайёрлаш давлат дастурига мувофиқ ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий саломатлигини шакллантиришнинг, соғлом турмуш тарзига интилиш ва спортга меҳр-муҳаббатни сингдиришнинг ғоят муҳим шарти сифатида болалар оммавий спортини ривожлантиришни таъминлаш мақсадида:
1. Ёшларнинг «Камолот» ижтимоий ҳаракати, «Соғлом авлод учун» халқаро жамғармаси, ноҳукумат жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси барча, шу жумладан хорижий ташкилотлар, уюшмалар, компания ва фирмаларнинг, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг иштирок этишлари учун очиқ бўлган халқаро ноҳукумат жамоат ташкилоти ҳисобланади.
2. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
болалар жисмоний тарбия ва спортини ривожлантириш борасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга, болалар спортини аниқ мақсад йўлида ва барқарор авж олдиришга кўмаклашиш;
болаларда спортга меҳр уйғотиш, ўсиб келаётган ёш авлод онгида спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмоний камолга интилиш, уларни салбий таъсирдан ҳимоя қилиш ҳамда зарарли одатлардан халос этиш, болаларни барқарор феъл-атворли, Ватанига меҳр-муҳаббат ва ўз мамлакати учун ғурур-ифтихор руҳида тарбиялаш борасидаги чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;
биринчи навбатда қишлоқ жойларда болалар жисмоний тарбия ва спортининг моддий базасини шакллантириш, аҳоли манзилгоҳларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни замонавий спорт ускуналари ҳамда анжомлари билан жиҳозлаш, улардан самарали фойдаланишни таъминлашга кўмаклашиш бўйича зарур молиявий ва моддий маблағларни жамлаш;
болаларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан уйғун камол топишини таъминлашни назарда тутган ҳолда тиббиёт муассасалари ва ташкилотлари билан ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш;
ҳудуд аҳолисининг зичлигини, спорт машғулотига жалб этиладиган болалар сони, жинси ва ёшини эътиборга оладиган болалар спорт майдончалари ва комплексларининг илмий асосланган намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
болаларни жисмоний ва маънавий тарбиялашнинг замонавий шакл ва услубларини, жинси ва ёшига қараб болаларга спорт кўникмаларини сингдиришнинг, спорт соҳасида иқтидорли болаларни ихтисослаштирилган спорт мактаблари ва марказларидаги машғулотларга танлаб олишнинг илмий асосланган тизимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш ҳамда уларни тадбиқ қилишга кўмаклашиш;
болаларни жисмоний тарбиялашнинг илмий асосланган замонавий тизимлари, шакл ва услубларини жорий этиш, болалар спорти бўйича устозлар ва педагог кадрларни мамлакатнинг етакчи илмий ҳамда таълим марказларида ва чет элларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш борасида республика Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари, клуб ва ташкилотлари билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
болалар оммавий спортини ривожлантириш, истиқомат жойларида техникавий жиҳозланган, замонавий болалар спорт комплексларини барпо этиш аҳамиятини кенг тарғиб қилишни ташкил этиш ва амалга ошириш, ушбу вазифаларни рўёбга чиқаришга жамоатчиликни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик вакилларини, корхона ва ташкилотларни, шу жумладан халқаро ташкилотларни фаол жалб этиш;
(2-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 8 январдаги ПФ-3376-сон Фармони таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й.,1-2-сон, 9-модда)
мамлакатимиз ҳамда чет эл инвестицияларини, ҳомийлик маблағлари ва грантларни болалар-ўсмирлар жисмоний тарбия ва спорти соҳасига кенг кўламда жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 29 августдаги ПФ-3481-сон Фармони билан ўз кучини йўқотди — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й.,34-35-сон, 390-модда)
4. Қуйидагилар Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағларининг асосий манбалари этиб белгилансин:
давлат бюджети маблағлари;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 8 июлдаги ПФ-4631-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 29-сон, 356-модда)
Жамғарма муассисларининг пул бадаллари;
Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари, ташкилот ва клубларининг пул маблағлари;
хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтларнинг грантлари ва улар томонидан бериладиган беғараз ёрдам;
Олдинги таҳрирга қаранг.
хўжалик юритувчи субъектлар, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлар, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ҳам, норезидентлари ҳам бўлмиш юридик ва жисмоний шахсларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларга ажратмалари ва ҳомийлик маблағлари;
(4-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 8 январдаги ПФ-3376-сон Фармони таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон, 9-модда)
Жамғарма фаолиятидан, шунингдек Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш мақсадида у таъсис қилган корхона ва ташкилотларнинг фаолиятидан олинадиган даромадлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.
5. Белгилансинки, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси:
ташқи иқтисодий ва халқаро спорт фаолиятини амалга ошириш, банкларда миллий ва хорижий валюталарда ҳисобварағлар очиш ҳуқуқига эга;
унинг низомидаги мақсад ва вазифаларга қатъиян мувофиқ бўлган асосий фаолият турлари бўйича барча турдаги солиқларни, божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун тўланадиган йиғимлар бундан мустасно) ҳамда давлат бюджетига ўтказиладиган бошқа мажбурий тўлов ва йиғимларни тўлашдан озод қилинади.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахсларнинг, шунингдек жисмоний шахсларнинг таъсис бадаллари ёки ҳомийлик ёрдами тарзида Жамғармага ўтказиладиган маблағлари солиққа тортиш базасидан чиқарилади.
Жамғарманинг тижорат ва савдо-воситачилик фаолияти билан шуғулланиши истисно этилади.
6. Вазирликлар, идоралар, корпорациялар, компаниялар, уюшмалар ҳамда бошқа хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятига кенг миқёсда кўмаклашиб, ҳар томонлама ёрдам берсинлар.
7. «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирлашга ҳамда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвонлари беришга номзодларни тақдим этиш чоғида Жамғарма Васийлик кенгашининг фикри ҳал қилувчи деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, бошқа оммавий ахборот воситалари Жамғарма фаолиятини кенг кўламда ёритиб, мамлакатда болалар-ўсмирлар оммавий спортини ривожлантириш ишидаги ижобий тажрибани тарғиб қилсинлар, шунингдек Жамғарманинг фаол ҳомийлари ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватланишини, шу жумладан реклама қилинишини таъминласинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 24 октябрь,
ПФ-3154-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 10-11-сон, 197-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон (85-86), 9-модда, 34-35-сон, 390-модда; 2014 й., 29-сон, 356-модда)