Руҳий касалликка чалинган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижаларини муҳокама этиб, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунга кўра, жиноий жавобгарликка фақат ақли расо, яъни жиноят содир этиш вақтида ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган ва ўз ҳаракатларини бошқара олган шахс тортилади. Ақли норасо ҳолатда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахс жавобгарликка тортилмайди (ЖК 18-моддаси).
2. Шахс ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида қуйидаги ҳолатлардан бирортаси:
сурункали руҳий касаллиги;
руҳий ҳолати вақтинчалик бузилганлиги;
ақли заифлиги;
бошқа тарздаги руҳий касаллиги сабабли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларини бошқара олмаган бўлса, у ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилади.
3. Ақли расо ҳолатда жиноят содир этган, бироқ кейинчалик ўз ҳаракатлари аҳамиятини англаш ёки уларни бошқара олиш имкониятидан маҳрум қиладиган руҳий касалликка чалинган шахс жазодан ёки уни ўташдан озод этилади.
4. Ақли норасо ҳолатда жиноят содир этган ёки кейинчалик ўз ҳаракатлари аҳамиятини англаш ёки уларни бошқара олиш имкониятидан маҳрум қиладиган руҳий касалликка чалинган (бундан буён матнда — руҳий касаллик) шахсга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари (ЖК 18-моддаси учинчи қисми, 67-моддаси иккинчи қисми, 75-моддаси иккинчи қисми) қўлланилиши мумкин.
Қонунга кўра (ЖК 2-моддаси иккинчи қисми), тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари бошқа тарздаги жиноят-ҳуқуқий таъсир чораси сифатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ва руҳий касалликка чалинган шахсларга нисбатан давлат мажбурлови кўриниши ҳисобланади. Бундай чоралар фақат шахс у томонидан содир этилган қилмишнинг хусусияти ва ўзининг касаллик ҳолатига кўра жамият учун хавфли бўлган ҳоллардагина қўлланилади.
Шахс жамият учун хавфлими ва у тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишига муҳтожми, деган масала суд-психиатрия экспертизаси хулосаси инобатга олинган ҳолда ҳал қилинади. Бунда суд ЖПК 187-моддасига асосланиб, тарафлар илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан иш бўйича қўшимча (қайта) суд-психиатрия экспертизаси ёки комплекс (психология-психиатрия, сексологоия-психиатрия ва ҳ.к.) экспертизаси ўтказилишини тайинлаши мумкин.
умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаш — ижтимоий хавфлилиги даволаш талаб этиладиган руҳий ҳолат билан боғлиқ руҳий касалларга нисбатан, агар даволаш умумий асосларда ўтказилиши мумкин бўлса;
умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг махсус реабилитация бўлимида мажбурий даволаш — ижтимоий хавфлилиги кўпроқ реабилитация чоралари ўтказилишини талаб этадиган ҳолат билан боғлиқ руҳий касалларга нисбатан, агар уларни ихтиёрий тартибда ўтказиш имконияти бўлмаса;
кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси (бўлими)да мажбурий даволаш — ўта ижтимоий хавфли бўлган ёки хулқида бузилиш аниқланган руҳий касалларга нисбатан, агар зарурий даволаш ва реабилитация чораларини умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида ўтказиш имконияти бўлмаса;
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари турини белгилашда ҳар доим шахснинг руҳий ҳолати (руҳий бузилиш хусусияти) ва у томонидан кейинчалик ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши эҳтимоли мезон ҳисобланади.
Шахс тузалгандан сўнг жиноят ишини юритиш қайта тикланади ва шахс умумий асосларда жиноий жавобгарликка ёки жазога тортилиши мумкин, башарти жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари (ЖК 64-моддаси) ўтиб кетмаган ёки шахсни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш учун бошқа асослар юзага келмаган бўлса.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини бекор қилиш ва жиноят ишини юритишни қайта тиклаш учун шахс даволанган психиатрия муассасаси шифокорлар комиссиясининг хулосаси асос бўлади. Агар шахснинг ақли расолиги ёки руҳий ҳолати юзасидан асосли гумон келиб чиқса, суд ЖПК 568-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этган ҳолда суд-психитрия экспертизаси тайинлаши мумкин.
8. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ масалалар ЖПК 61-бобида белгиланган қоидаларга мувофиқ кўриб чиқилади.
Алоҳида иш юритувга ўтиш тўғрисидаги қарор (ажрим) жиноят процесси босқичидан келиб чиқиб, дастлабки тергов органи, прокурор ёки суд томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчида руҳий бузилиш борлиги тўғрисида суд-психитрия экспертизаси хулосаси олингандан сўнг қабул қилинади.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича иш юритув бошланганлиги ва суд-психитрия экспертизаси тайинланганлиги тўғрисидаги қарор (ажрим), ЖПК 570-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, ўзига нисбатан бундай иш юритув олиб борилаётган шахсга ва унинг ҳимоячисига эълон қилинади.
10. Шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласи қўйилган ишлар бўйича суд мажлиси ЖПК 575-моддасида белгиланган тартибда олиб борилади. Суд мажлисида прокурор ва ҳимоячининг иштироки шарт. Суд мажлисига жабрланувчилар, гувоҳлар, қонуний вакиллар, шунингдек экспертлар чақирилиши керак.
Суд эксперт-психиатрнинг фикрини инобатга олган ҳолда суд мажлисига унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласи қўйилган шахсни (у жабрланувчи ёки гувоҳлар томонидан таниб олиниши учун, суд-психиатрия экспертизаси хулосаси тўғрилиги юзасидан шубҳа туғилган ҳолда ва ҳ.к.) чақириши мумкин. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, ЖПК 95-моддасига кўра, бундай шахснинг кўрсатувлари иш бўйича далил манбаи сифатида тан олиниши мумкин эмас.
11. Жиноят-процессуал кодекси 51 ва 571-моддаларига кўра, ақли норасо ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган, шунингдек жиноят содир этилганидан сўнг руҳий касалликка чалинган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизаси тайинлаш тўғрисида қарор чиқарилган пайтдан бошлаб ҳимоячининг иштироки мажбурий ҳисобланади.
Бундай тоифадаги ишлар бўйича ҳимоячи иштирокининг мажбурийлиги тўғрисидаги процессуал қонун талабларига риоя этмаслик, ЖПК 487-моддасига мувофиқ, жиноят-процессуал қонуннинг жиддий тарзда бузилиши сифатида баҳоланади.
12. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича ҳимоячининг иштирокидан қатъи назар, бу тоифа ишлар бўйича унга нисбатан бундай масала кўрилаётган шахснинг қонуний вакили иштирок этиши мумкин. Қонуний вакил сифатида, жумладан, болаликка олувчилар, ҳомийлар, васийлар, яқин қариндошлар, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари тан олиниши мумкин.
Суд қонуний вакилга ишдаги материаллар билан танишиш, далилларни текширишда иштирок этиш, далиллар тақдим этиш, илтимоснома ва раддиялар бериш, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, суд ажрими устидан шикоят бериш (ЖПК 581-моддаси) учун имконият яратиб бериши шарт. Зарурат бўлганда, суд қонуний вакилни гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.
13. Жиноят-процессуал кодекси 566-моддасига кўра, бундай тоифа ишлар бўйича судлар шахс томонидан жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш содир этилганлигини тасдиқловчи ёки инкор этувчи далилларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун муҳим бўлган бошқа ҳолатларни синчиклаб текширишлари шарт.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари, фақат, иши кўрилаётган шахс томонидан муайян жиноят белгилари мавжуд ижтимоий хавфли қилмиш содир этилганлиги исботланган, шунингдек суд-психиатрия экспертизасининг шахс ўзининг касаллик ҳолати ва у томонидан содир этилган қилмишнинг хусусиятига кўра жамият учун хавфли эканлиги ҳамда унга нисбатан у ёки бу турдаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилишига муҳтожлиги тўғрисида ЖПК 568-моддаси талабларига жавоб берадиган хулосаси мавжуд бўлган ҳолларда қўлланилиши мумкин.
14. Ақли норасолик, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш, шифохона турини белгилаш, шунингдек шахсни соғлиқни сақлаш органларига умумий асосларда даволаш ёки ижтимоий таъминот психиатрия муассасасига юбориш масаласини ҳал қилиш учун бериш тўғрисидаги масалалар бўйича узил-кесил қарор қабул қилиш ваколати судга тегишлидир. Шунинг учун эксперт-психиатрлар хулосаси суд томонидан ишда мавжуд барча материаллар мажмуидан келиб чиққан ҳолда, синчиклаб баҳоланиши лозим.
15. Агар айблов хулосаси билан келиб тушган иш бўйича суд муҳокамаси вақтида иши кўрилаётган шахсни ақли норасо ёки жиноят содир этилганидан сўнг руҳий касалликка чалинган деб топиш мумкинлиги хусусида асослар келиб чиқса, суд, агар бунга бошқа асослар бўлмаса, ишни қўшимча тергов юритиш учун қайтармасдан, ЖПК 61-бобида белгиланган тартибда кўриб чиқиши мумкин.
16. Жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш бир неча шахс томонидан содир этилган ҳолларда, суд улардан айримларининг айбдорлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир пайтда бошқаларига — ушбу қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган ёки жиноят содир этилганидан сўнг руҳий касалликка чалинган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.
Агар қайд этилган шахсларга нисбатан ишни бирга кўриб чиқиш имконияти бўлмаса, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги материаллар алоҳида иш юритувга ажратилиши лозим.
17. Судларга тушунтирилсинки, ақли норасо шахс ҳаракатига фақат содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини тасдиқловчи маълумотлар асосида ҳуқуқий баҳо берилиши мумкин. Бунда кўриб чиқилаётган воқеага бевосита алоқадор бўлмаган ҳолатлар (шахснинг судланганлик ҳолати, унга нисбатан муқаддам тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўлланганлиги ва ҳ.к.) инобатга олинмаслиги керак.
18. Агар қонунда муайян қилмиш учун жиноий жавобгарлик маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг келиб чиқиши белгиланган бўлиб, бироқ уни содир этишда ақли норасо деб топилган шахс муқаддам айнан шундай қилмиши учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган бўлса, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилмайди. Бундай иш жиноят ҳодисаси бўлмаганлиги сабабли тугатилиши лозим. Қабул қилинган қарор тўғрисида суд соғлиқни сақлаш органларига Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 31 августдаги «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ шахсга умумий асосларда психиатрия ёрдами кўрсатилиши учун хабар беради.
19. Шахс ақли норасо ҳолатида ижтимоий хавфли ҳаракат содир этганлиги ёки жиноят содир этилганидан сўнг руҳий касалликка чалинганлиги исботланган деб топилган ҳолда, ажримнинг тавсиф қисмида қилмишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари текширилган далиллар асосида баён этилиши, бундай шахснинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва қабул қилинган қарор мотивлари кўрсатилиши лозим. Ажримнинг қарор қисмида шахс жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинганлиги ва муайян турдаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганлиги ёхуд иш тугатилганлиги ва бундай чоралар қўлланилмаганлиги тўғрисида кўрсатмалар ёритилиши лозим.
20. Қонунга мувофиқ, кузатув кучайтирилган психиатрия касалликлари шифохонаси ёки бўлинмасида фақат ўзининг руҳий ҳолати ва содир этган қилмишига кўра жамият учун ўта хавфли бўлган руҳий касаллар сақланишини инобатга олиб, бундай чоралар қўллаётганда судлар экспертлар касалнинг руҳий ҳолати тўғрисида берган хулосага ҳамда у томонидан содир этилган қилмишнинг хусусияти (ижтимоий хавфлилиги, содир этилиш усули, келиб чиққан оқибатлар оғирлиги) тўғрисида судда аниқланган маълумотларга асосланишлари шарт.
21. Ақли норасо ҳолатида ижтимоий хавфли ҳаракат содир этган ёки жиноят содир этилганидан сўнг руҳий касалликка чалинган шахс томонидан моддий зарар етказилган ҳолда, зарарни ундириш масаласи фуқаролик судлов ишларини юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим бўлиб, бу ҳақда ажримда кўрсатилган бўлиши керак.
22. Ақли норасо ёки жиноят содир этилганидан сўнг руҳий касалликка чалинган деб топилган шахсларга доир ишлар бўйича ашёвий далиллар масаласи судлар томонидан ЖПК 211-моддаси талабларига монанд ҳал этилиши лозим.
Суд харажатлари, жумладан, ҳуқуқий ёрдам кўрсатганлик учун ҳақ бундай шахслардан ЖПК 320-моддасига кўра ундирилмайди ва давлат ҳисобидан тўланади.
24. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи ҳал қилинаётганда, судлар тиббиёт муассасаси маъмурияти тақдимномаси ёки қўзғатилган илтимоснома асослантирилганлигини синчковлик билан текширишлари шарт. Бунинг учун судлар амалга оширилган даволаш натижаларини ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари бекор қилингандан сўнг бу шахс учун яратиладиган шарт-шароитни, шунингдек келгусида тиббий кузатув ва даволашга зарурат бор-йўқлигини аниқлашлари керак. Бундай мақсадларда суд мажлисига тиббиёт муассасалари вакилларини, шахснинг қонуний вакиллари ёки яқин қариндошларини чақириш зарур.
25. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллаш масаласи ҳал қилинаётган шахсларга доир ишларни кўриш вақтида ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланиши ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилиши шарт.
26. Апелляция, кассация, назорат инстанция суди тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши тўғрилигини текшира туриб, бунга асос бўлган тақдирда, биринчи инстанция суди ажримини бекор қилиши ёки ўзгартириши, шу жумладан, қўлланилган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси турини алмаштириши мумкин.
Агар ишни апелляция, кассация, назорат инстанция судида кўриш пайтида айблов ҳукми чиқарилган шахснинг ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этганлиги ёки жиноят содир этилганидан сўнг руҳий касалликка чалинганлиги аниқланса, бундай шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш масаласи тегишли инстанция суди томонидан ҳал этилади.
27. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини чуқур текширишлари, йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.