Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
ОСИЁ РИВОЖЛАНИШ БАНКИ ИШТИРОКИДА «ИНФРАТУЗИЛМАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ, ШУНИНГДЕК СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ ОҚ ОЛТИН ТУМАНИДАГИ ТАРКИБИ ЎЗГАРТИРИЛГАН ХЎЖАЛИКЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ» ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР БИРИНЧИ НАВБАТДАГИ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Осиё ривожланиш банки билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ва Вазирлар Маҳкамасининг «Осиё ривожланиш банки билан ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 30 апрелдаги 186-сон
қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Осиё ривожланиш банки ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида «Инфратузилмаларни ривожлантиришни, шунингдек Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидаги таркиби ўзгартирилган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини (кейинги ўринларда «Лойиҳа» деб аталади) амалга ошириш учун 40 млн АҚШ долларига яқин миқдорда кредит берилиши тўғрисида келишувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Осиё ривожланиш банки (ОРБ) иштирокида кўрсатиб ўтилган лойиҳанинг самарали амалга оширилишини таъминлаш учун иловага
* мувофиқ таркибда Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилсин.
3. Мувофиқлаштирувчи кенгашга:
Оқ олтин туманидаги хўжаликларга кредит-молия хизматлари кўрсатиш, ирригация ва дренаж тизимлари ҳамда сув таъминоти тизимларини тиклаш бўйича тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ўз ичига олувчи, Лойиҳани амалга ошириш доирасида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши;
Осиё ривожланиш банки экспертлари билан биргаликда Лойиҳани маблағ билан таъминлашнинг мукаммал режаси ишлаб чиқилиши;
Лойиҳа маблағларининг мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назоратнинг амалга оширилиши учун масъулият юклансин.
4. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 19 августдаги 356-сон
қарори билан ташкил этилган Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича агентлик кўрсатиб ўтилган Лойиҳани амалга ошириш ишчи органи ҳисобланади.
Агентликка Лойиҳа компонентларини бошқариш ва жорий этиш режаларини ишлаб чиқиш, Лойиҳа қатнашчиларига маслаҳат ёрдамини таъминлаш, зарур бўлган молиявий ва бошқа ҳужжатларни юритиш масъулияти юклансин.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича агентликка юридик шахс мақоми берилсин ва у белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилсин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Агентлик тўғрисидаги Низомга тегишли ўзгартиришлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.М.Олимжонов зиммасига юклансин.