Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2007—2010 йилларда хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 20 июлдаги ПҚ-672-сон
қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан Очиқ акциядорлик-тижорат «Алоқабанк»нинг «Ўзкоммунхизмат» агентлиги балансида бўлган Тошкент шаҳри, Сергели туманида жойлашган қурилиши тугалланмаган троллейбуслар таъмирлаш заводини (кейинги ўринларда – завод деб юритилади) бир йил мобайнида қўшимча 4 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан «нол» харид қийматида Очиқ акциядорлик-тижорат «Алоқабанк»ка сотиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:
заводни Очиқ акциядорлик-тижорат «Алоқабанк»ка «нол» харид қийматида, 4 млрд. сўм миқдоридаги инвестицияни бир йил мобайнида киритиш, завод негизида замонавий технологиялар асосида фаолият кўрсатувчи мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш объектини қуриш ва ишга тушириш мажбуриятлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали сотсин;
Очиқ акциядорлик-тижорат «Алоқабанк» томонидан олинган инвестиция мажбурияти тўлиқ бажарилганидан сўнг, мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордерини белгиланган тартибда расмийлаштирсин.
3. Очиқ акциядорлик-тижорат «Алоқабанк»:
4 млрд. сўм миқдоридаги инвестицияни бир йил мобайнида киритиш, завод негизида замонавий технологиялар асосида фаолият кўрсатувчи мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш объектини қуриш ва ишга туширишни таъминласин;
ишга туширилган замонавий технологиялар асосида фаолият кўрсатувчи мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш объектини лизинг асосида ихтисослашган мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш ва қадоқлаш корхонасига берилишини таъминласин.
4. Очиқ акциядорлик-тижорат «Алоқабанк»ка истисно тариқасида:
қабул қилинган инвестиция мажбуриятларини бажаришда товарлар, ишлар ва хизматлар хариди тендер савдоларисиз энг яхши танлов таклифларини танлаб олиш асосида амалга оширишга;
қурилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш корхонасини қисқа муддатларда битказиб, ишга тушириш зарурлигини инобатга олган ҳолда 2011 йил 1 апрелгача лойиҳалаш ва қуриш ишларини бир вақтнинг ўзида олиб боришга рухсат этилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.