toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 01.08.2002
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
2002 ЙИЛНИНГ 1 АПРЕЛИДАН БОШЛАБ ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР ВА ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 1 июлдаги ПФ-3045-сонли «2002 йилнинг 1 августидан бошлаб иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони билан ўз кучини йўқотди.
Республика аҳолисининг даромадларини янада ошириш ва фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида:
1. 2002 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, барча турдаги пенсиялар ва ижтимоий нафақалар, олий ўқув юртлари талабаларининг, ўрта махсус ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари ўрта ҳисобда 1,15 баравар оширилсин.
2. 2002 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
энг кам иш ҳақи — ойига 3945 сўм;
ёшга доир пенсия — ойига 7800 сўм;
ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич (нулинчи) разряд ойига 3945 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа ойига 7800 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ҳамда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 4725 сўм миқдорида белгилансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, иш ҳақига қўшиладиган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, шунингдек пенсиялар, икки ёшгача бўлган болаларни тарбиялаётган оналарга, болалик оилаларга бериладиган нафақалар ҳамда энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган бошқа тўловлар 2002 йил 1 апрелдан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бюджетдан молияланадиган ташкилот ва муассасалар билан биргаликда мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг мансаб маошлари миқдорини ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласинлар.
5. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар республика Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда 2002 йилги Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатларига тегишли тузатишлар киритсин.
6. Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлаш базавий фондининг белгиланган миқдорларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда меҳнат сарфини камайтириш ҳисобидан 2002 йил 1 апрелдан бошлаб иш ҳақи миқдорини мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига мувофиқ оширсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 29 июндаги ПФ-2893-сон Фармони (8-банди истисно қилинган ҳолда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 26 март,
ПФ-3045-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 3-cон, 49-модда, 6-7-сон, 117-модда)