toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 05.11.2023
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«СТАНДАРТЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 18 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2009 йил 27 мартда маъқулланган
 LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 3 ноябрдаги ЎРҚ-800-сонли «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонунига асосан 2023 йил 5 ноябрдан ўз кучини йўқотади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Стандартлаштириш тўғрисида»ги 1002-ХII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 2, 46-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 5-6, 153-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1) 2-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Стандартлаштириш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва таъминлашни:
халқ хўжалиги тармоқларида — Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт» агентлиги);
қурилиш, қурилиш индустрияси соҳасида, шу жумладан лойиҳалаш ва конструкциялашда — Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси;
табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда атроф муҳитни ифлосланишдан ва бошқа зарарли таъсирлардан муҳофаза қилиш соҳасида — Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
тиббиёт учун мўлжалланган маҳсулотлар, тиббий техника буюмлари, дори воситалари соҳасида, шунингдек мамлакат саноати ишлаб чиқараётган, шу жумладан импорт бўйича етказиб берилаётган маҳсулотлардаги инсон учун зарарли моддалар миқдорини аниқлаш масалаларида — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
мудофаа қобилиятини ва сафарбарлик тайёргарлигини таъминлаш, мудофаа аҳамиятига молик маҳсулотлар соҳасида — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги амалга оширади»;
2) 3-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзстандарт» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги стандартлаштириш ишларини бажаришни ўз ваколатлари доирасида бошқа ташкилотларга топширишга ҳақлидир»;
3) 8-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Хўжалик фаолияти субъектлари томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига, стандартлаштиришга тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини «Ўзстандарт» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва уларнинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек бошқа махсус ваколатли давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади».
2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2009 йил 7 апрелдаги 70 (4733)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 3 апрель,
ЎРҚ-202-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 15-сон, 172-модда)