1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.01.00 Умумий масалалар]
[ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Юридик шахслар. Тижорат ташкилотлари. Нотижорат ташкилотлари]
ўзбекистон сср олий кенгашининг
Қарори
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ КОРХОНАЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрдаги 175-II-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон «Ўзбекистон ССР Конституцияси (асосий қонуни)га ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ «Ўзбекистон ССР» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилиниши биланоқ кучга киритилсин; 21-модданинг давлат корхоналарига тааллуқли бўлган 2-банди 1992 йил 1 январдан кучга киритилсин.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Қонуни «Халқ сўзи» газетасининг 1991 йил 2 мартдаги 44-сонида эълон қилинган.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинети уч ойлик муддат ичида:
— Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Қонунига мослаш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси олий Кенгашига тақдим этсин;
— Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳолга келтирилсин;
— Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари қабул қилган ва «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига зид бўлган норматив ҳужжатлар вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қайта кўриб чиқилишини ва бекор қилинишини таъминласин;
— эркин сотилиши (кўрсатилиши) ман этилган ёки чекланган маҳсулотлар, ишлар, хизматлар, ишлаб чиқариш чиқиндилари турларининг рўйхатини, шуғулланиш учун махсус рухсатнома (лицензия) талаб этиладиган хўжалик фаолияти турларининг рўйхатларини, шунингдек лицензия фаолият билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш ва уларни бекор қилиш тартибини белгиласин;
— корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун бўладиган ҳужжатларнинг рўйхатини белгиласин.
Тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилингунга қадар бир ой муддат ичида:
— 1991 йил учун жумҳурият ҳудудидаги барча турдаги корхоналар ходимларининг меҳнатига тўланадиган энг кам ҳақни;
— бозорда яккаҳокимлик қилаётган корхоналарнинг маҳсулотига бўлган нархни бошқариш тартибини;
— корхоналарнинг ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш тартиби ва шартларини, шунингдек жумҳурият ва маҳаллий бюджетга валюта ажратмалари ставкаларини;
— иттифоқ, жумҳурият, мухтор жумҳурият, чет эл ҳуқуқий шахслари ва фуқароларнинг мулки тўла ёки улушбай асосида қатнашадиган корхоналарни яратиш ва уларнинг фаолият тартибини белгиласин.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирилгунга қадар Ўзбекистон Республикасининг ушбу Қонунга мувофиқ бўлмаган амалдаги қонун ҳужжатлари қўлланаверади. Айни пайтда ушбу Қонун кучга киритилгунга қадар қабул қилинган, фақат Қонун билан бошқариладиган масалалар хусусидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тегишли ҳужжатлар қабул қилингунга қадар амал қилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Саноат, халқ истеъмоли моллари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва савдо қўмитаси «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини назорат қилсин ҳамда жумҳуриятда унинг қандай бажарилаётганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига 1992 йилнинг январь ойида маълум қилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
230-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 79-модда, 11-сон, 273-модда)