1.19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.06.00.00 Халқаро шартномалар ҳуқуқи / 19.06.01.00 Умумий масалалар;
2.19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.11.00.00 Жиноятчиликка ва терроризмга қарши халқаро кураш / 19.11.01.00 Умумий масалалар]
[ТСЗ:
1.Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар / Халқаро шартномалар (битмлар)]
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ ТРАНСМИЛЛИЙ УЮШГАН ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КОНВЕНЦИЯСИНИ РАТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси қуйидаги ахборот, билдириш ва баёнотлар эътиборга олинган ҳолда ратификация қилинсин:
Конвенция 2-моддасининг а) банди бўйича ахборот
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 29-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади.
Конвенция 2-моддасининг b) банди бўйича ахборот
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 15-моддасига мувофиқ жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: ижтимоий хавфи катта бўлмаган; унча оғир бўлмаган; оғир; ўта оғир жиноятларга бўлинади.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Конвенция 2-моддасининг g) банди бўйича ахборот
Жазо тури сифатида мол-мулкни мусодара қилиш Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган Қонунига мувофиқ Жиноят кодексидан чиқариб ташланган.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 284-моддасига кўра жиноят нарсаси бўлган мол-мулк, башарти аввалги эгасига қайтариб берилиши лозим бўлмаса, суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилади.
Конвенция 5-моддасининг 3-банди бўйича ахборот
Ўзбекистон Республикаси ушбу билан маълум қиладики, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ тавсифлаш белгилари ва айрим турдаги жиноятлар бўйича жавобгарлик даражасига кўра уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган жиноятлар оғир ёки ўта оғир жиноят тоифаларига киритилади.
Конвенциянинг 7-моддаси бўйича ахборот
Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 38-моддасига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг операциялари ҳамда ҳисобварақларига доир маълумотномалар мижозларга, ташкилотларнинг ўзига, прокурор, судларга, суриштирув ва тергов органларига қуйидаги ҳолларда берилади:
а) юридик шахслар ва бошқа ташкилотларнинг операциялари ҳамда ҳисобварақларига доир маълумотномалар ана шу ташкилотларнинг ўзига, прокурор, судларга, жиноий иш қўзғатилган бўлса, суриштирув ва тергов органларига берилади;
б) жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ва жамғармаларига доир маълумотномалар мижозларнинг ўзига ва уларнинг қонуний вакилларига; мижозларнинг ҳисобварақлари ва омонатларида турган пул маблағлари ҳамда бошқа қимматбаҳо нарсалар хатланиши, уларга ундирув қаратилиши ёки мол-мулк мусодара этилиши мумкин бўлган ҳолларда юритилаётган ишлар бўйича судларга, суриштирув ва тергов органларига берилади.
Конвенциянинг 10-моддаси бўйича ахборот
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида юридик шахсларнинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлиги назарда тутилмаган.
Конвенция 16-моддасининг 5-банди бўйича ахборот
Ўзбекистон Республикаси тутиб топшириш масалаларида мазкур Конвенция қатнашчилари бўлган бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишда ушбу Конвенцияни ҳуқуқий асос деб ҳисоблайди. Бироқ бу қоида Ўзбекистон Республикасининг ушбу Конвенция қатнашчиси бўлган алоҳида давлатлар билан тутиб топшириш тўғрисида икки томонлама шартномалар тузиш имкониятини истисно этмаслиги лозим.
Конвенция 18-моддасининг 13 ва 14-бандлари бўйича билдириш
13-банд бўйича
Ўзбекистон Республикаси томонидан ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосларни қабул қилиш ва ё уларни бажариш, ёки бажарилиши учун уларни ваколатли органларга юборишга масъул марказий орган сифатида Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси белгиланган.
14-банд бўйича
Ўзбекистон Республикаси мақбул тил сифатида рус тилини белгилайди.
Конвенция 35-моддасининг 3-банди бўйича баёнот
Ўзбекистон Республикаси ўзини ушбу Конвенция 35-моддасининг 2-банди қоидалари билан боғлиқ деб ҳисобламайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 30 август,
536-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 150-модда)