toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 30.04.2021
Ҳужжат 10.07.2007 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
2007 ЙИЛНИНГ 1 АВГУСТИДАН БОШЛАБ ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР ВА ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика аҳолисининг турмуш даражасини янада ошириш ва фуқароларига ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида:
1. 2007 йилнинг 1 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар, стипендиялар ўрта ҳисобда 1,25 баравар оширилсин.
2. 2007 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:
иш ҳақи — ойига 15525 сўм;
ёшга доир пенсиялар — ойига 30750 сўм;
ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич (нулинчи) разряд — ойига 15525 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 30750 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 18625 сўм миқдорида белгилансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, иш ҳақига қўшиладиган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, шунингдек пенсиялар, икки ёшгача бўлган болаларни тарбиялаётган оналарга, болали оилаларга бериладиган нафақалар ҳамда энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2007 йилнинг 1 августидан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бюджетдан молияланадиган ташкилот ҳамда муассасалар билан биргаликда пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг мансаб маошлари миқдорини мазкур Фармондан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласин.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 июлдаги ПФ-3889-сонли «2007 йилнинг 1 августидан бошлаб иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони асосида пенсияларни қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 1699, 23.07.2007 й.).
5. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар республика Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилсин.
6. Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар 2007 йилнинг 1 августидан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш, шунингдек жорий йил бошидан хўжалик юритувчи субъектлар зиммасига тушадиган солиқ юки даражасини пасайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини оширсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 12 октябрдаги ПФ-3808-сон Фармони (7-банди истисно қилинган ҳолда) 2007 йил 1 августдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 10 июль,
ПФ-3889-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 27-28-сон, 280-модда; 43-сон, 428-модда; 2015 й., 16-сон, 195-модда)