toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 23.07.2008
Ҳужжат 01.01.1994 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР ВА ФОНД БИРЖАСИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 22 июлдаги ЎРҚ-163-сонли «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни билан ўз кучини йўқотган.
Ушбу Қонун қимматли қоғозлар чиқариш ва уларни муомалада юритиш, қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятини бошқариб бориш шартлари ҳамда тартибини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида фонд биржалари ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш принципларини белгилаб беради.
I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Қимматли қоғозлар тушунчаси
Қимматли қоғозлар — бу уларни чиқарган шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки заём муносабатларини тасдиқловчи, дивиденд ёки фоизлар кўринишида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш имкониятини назарда тутувчи пул ҳужжатларидир.
Қимматли қоғозлар — бланкалар, сертификатлар шаклида ёки счётлардаги ёзув шаклида бўлиши ва ҳисоб-китоб қилишда, шунингдек кредитлар бўйича гаров сифатида фойдаланилиши мумкин. Қимматли қоғозлар юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тарқатилади.
Киритилган улуш шаклидан қатъи назар, қимматли қоғозларнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида, уларни чиқариш шартларида назарда тутилган ҳолларда эса — чет эл валютасида (акциялар бўйича — мулкни ўтказиб бериш йўли билан ҳам) ифодаланади ва тўланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисидаги қонунлар
Қимматли қоғозлар чиқариш ва уларни муомалада юритиш билан, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.
3-модда. Қимматли қоғозларнинг турлари
Ушбу Қонун қимматли қоғозларнинг қуйидаги турларига амал қилади:
акциялар;
облигациялар;
хазина мажбуриятлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
депозит сертификатлари;
векселлар.
Акциялар, облигациялар ва хазина мажбуриятларида акс эттириладиган реквизитларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, депозит сертификатлари ва векселларда акс эттириладиган реквизитларни эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қимматли қоғозлар эгаси ёзилган ва тақдим этувчига тегишли бўлиши мумкин.
Қимматли қоғозлар, башарти мулкий ҳуқуқларни уларга эгалик қилиш билан боғлиқ ҳолда рўёбга чиқариш учун эмитент (қимматли қоғозни чиқарувчи) томонидан ёки унинг топшириғига биноан қимматли қоғозлар борасида касб фаолиятини амалга ошираётган ташкилот томонидан эгасининг номини қайд этиш зарур бўлсагина, эгаси ёзилган бўлади. Эгаси ёзилган қимматли қоғозни бир мулкдордан иккинчисига бериш ҳисоб-китобдаги тегишли ёзувларни ўзгартиришда акс этади.
Қимматли қоғозлар, башарти мулкий ҳуқуқларни уларга эгалик қилиш билан боғлиқ ҳолда рўёбга чиқариш учун қимматли қоғозни тақдим этишнинг ўзи етарли бўлса, тақдим этувчига тегишли ҳужжатлар деб ҳисобланади. Тақдим этувчига тегишли қимматли қоғозлар эркин муомалада бўлади.
4-модда. Акциялар
Акциялар — акциядорлик жамиятининг устав фондига юридик ёки жисмоний шахс муайян ҳисса қўшганидан гувоҳлик берувчи, акция эгасининг мазкур жамият мулкидаги иштирокини тасдиқловчи ҳамда унга дивиденд олиш ва, қоида тариқасида, ушбу жамиятни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқини берувчи, амал қилиш муддати белгиланмаган қимматли қоғозлардир.
Акциялар чиқариш тўғрисидаги қарор акциядорлик жамияти муассислари томонидан ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Сотиб олинган акция уни чиқарган акциядорлик жамиятига, башарти бу нарса жамият уставида назарда тутилмаган бўлса, сотилиши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Облигациялар
Облигациялар уларнинг эгаси пул маблағлари берганлигини тасдиқ этувчи ва қимматли қоғозларнинг белгиланган қийматини уларда кўрсатилган муддатда, қайд этилган фоиз тўланган ҳолда, башарти облигацияларни чиқариш шартларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, қоплаш мажбуриятини тасдиқловчи қимматли қоғозлардир.
Қуйидаги турлардаги облигациялар чиқарилади:
республика ички заёмларининг ва маҳаллий заёмларнинг облигациялари;
корхоналарнинг облигациялари.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Облигациялар оддий ва ютуқли, фоизли ва фоизсиз (мақсадли), эркин муомалада юритиладиган ёки муомала доираси чекланган қилиб чиқарилиши мумкин. Мақсадли облигацияларнинг реквизити облигациялар қайси моллар (хизматлар) учун чиқарилган бўлса, шу молларни (хизматларни) акс эттириши шарт.
Республика ички заёмларининг ва маҳаллий заёмларнинг облигациялари тақдим этувчига тегишли қилиб чиқарилади. Республика ички заёмларининг ва маҳаллий заёмларнинг облигацияларини чиқариш тўғрисидаги қарор тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан қабул қилинади. Қарорда эмитент, облигацияларни чиқариш шартлари ва уларни тарқатиш тартиби белгилаб қўйилиши лозим.
Корхоналарнинг облигациялари мулкчиликнинг барча шаклларига мансуб корхоналар томонидан чиқарилиши мумкин. Облигациялар ўз эгаларига корхона бошқарувида қатнашиш ҳуқуқини бермайди.
Корхоналар ва акциядорлик жамиятларининг облигацияларини чиқариш тўғрисидаги қарор тегишинча маъмурият ва ижроия органи (бошқаруви) томонидан қабул қилинади ҳамда баённома билан расмийлаштирилади.
Корхоналарнинг облигацияларини эмитентларнинг устав фондини шакллантириш ва тўлдириш учун, шунингдек уларнинг хўжалик фаолияти билан боғлиқ зарарларни қоплаш учун чиқаришга йўл қўйилмайди.
Акциядорлик жамиятлари чиқарилган барча акциялар ҳақи тўлиқ тўланганидан кейингина устав фонди миқдорининг 20 фоиздан кўп бўлмаган суммада облигациялар чиқаришлари мумкин.
Мулкчиликнинг бошқа шаклларига мансуб корхоналарда облигациялар чиқариш суммасининг миқдорларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгилаб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-модда. Хазина мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикасининг хазина мажбуриятлари — уларнинг эгалари бюджетга пул маблағлари берганликларини тасдиқловчи ҳамда бу қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати давомида қайд этилган даромадни олиш ҳуқуқини берувчи, тақдим этувчига тегишли қимматли қоғозлар туридир.
Хазина мажбуриятларининг қуйидаги турлари чиқарилади:
узоқ муддатли — беш йил ва ундан кўпроқ муддатга мўлжалланган хазина мажбуриятлари;
ўртача муддатли — бир йилдан беш йилгача муддатга мўлжалланган хазина мажбуриятлари;
қисқа муддатли — бир йилгача бўлган муддатга мўлжалланган хазина мажбуриятлари.
Узоқ муддатли ва ўртача муддатли хазина мажбуриятларини чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади. Қисқа муддатли хазина мажбуриятларини чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қабул қилинади. Хазина мажбуриятларини чиқариш тўғрисидаги қарорларда даромадларни ҳамда мажбурият қарзларини тўлаш шартлари белгилаб қўйилади.
7-модда. Депозит сертификатлари
Депозит сертификатлари — бу пул маблағлари — омонат қўйилгани тўғрисидаги, омонатчи ёки унинг ҳуқуқий ворисининг белгиланган муддат тугаганидан кейин омонат суммасини ва унга тегишли фоизларини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи банк — эмитент гувоҳномасидир.
Депозит сертификатларини чиқариш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Банкларнинг депозит сертификатларини чиқариш, рўйхатга олиш ва муомалага киритиш қоидалари (рўйхат рақами 522, 09.11.1998 й.)га қаранг.
8-модда. Векселлар
Векселлар уларда кўрсатилган муддат келганда вексель берувчи муайян пул суммасини вексель эгасига (вексель олувчига) сўзсиз тўлаши лозим бўлган мажбуриятдан гувоҳлик берувчи қимматли қоғоздир.
Векселлар хазина ва тижорат векселларига, оддий ва юбориладиган векселларга бўлинади.
Векселларни чиқариш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИГА ОЛИШ, МУОМАЛАГА ЧИҚАРИШ
9-модда. Қимматли қоғозлар муомаласи
Қимматли қоғозлар муомаласи деганда уларни сотиб олиш ва сотиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган, қимматли қоғозлар эгаси алмашинувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозларни (депозит сертификатлари ва векселлардан ташқари) муомалага чиқариш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тасдиқлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат рўйхатидан ўтказилган ҳамда белгиланган тартибда рўйхат рақамини олган қимматли қоғозларнигина Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилишига ва муомалада бўлишига йўл қўйилади. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган қимматли қоғозларни чиқариш ғайриқонуний ҳисобланади ва бу ҳол эгасидан уларнинг ҳамда мазкур қимматли қоғозларни сотишдан тушган пулнинг олиб қўйилишига ва бой берилган наф қопланишини ҳисобга олган ҳолда инвесторларга қайтариб берилишига сабаб бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бирон-бир эмитент чиқарган акциялар 35 ёки ундан ортиқ фоизининг, ёхуд 50 фоиздан ортиқ акциядорлар овозини таъминловчи акцияларнинг бир шахс томонидан, ёки бир-бирининг мол-мулкини назорат қилувчи шахслар гуруҳи томонидан сотиб олиниши Ўзбекистон Республикасининг монополияга қарши сиёсатни амалга оширувчи ваколатли органининг олдиндан розилигини олишни талаб этади. Мазкур талабнинг бузилиши битимнинг ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши учун асос ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг монополияга қарши сиёсатни амалга оширувчи ваколатли органи субъектларнинг бир-бирлари мол-мулкини назорат қилувчилар деб эътироф этилиши тартиби ва қоидаларини белгилаб қўяди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қимматли қоғозларнинг эгалари сақлаб туриш мақсадида уларни пул ўтказиш йўли билан ҳисобга олиш ва сотиш учун компьютерли телекоммуникацион тизими бор ихтисослашган муассасаларга (депозитарийларга) ишониб қўйишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси республика сарҳадларидан ташқаридаги эмитентлар чиқарган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киришнинг умумий қоидалари, ҳар йилги меъёрлари ва тартибини белгилаб қўяди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномалар бўйича мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфидаги эмитентлар томонидан чиқарилган ёки чиқарилиши мўлжалланган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага чиқаришнинг ҳар йилги меъёрлари ва рухсат тартибини белгилаб қўйишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги республикада рўйхатга олинган қимматли қоғозлар Ягона давлат реестрини юритади ҳамда уларнинг рўйхатини мунтазам эълон қилиб боради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Қимматли қоғозлар эмиссияси
Қимматли қоғозлар эмиссияси уларни дастлабки эгалар (инвесторлар) — юридик ва жисмоний шахсларга сотиш йўли билан қимматли қоғозларни муомалага чиқаришдир.
Эмиссия:
акциядорлик жамияти таъсис этилиб, акциялар унинг муассислари ўртасида тарқатилган тақдирда;
акциядорлик жамиятининг дастлабки устав сармояси (фонди) миқдори акциялар чиқариш йўли билан кўпайтирилган тақдирда;
юридик шахслар, давлат томонидан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан заём сармояси облигациялар ва бошқа қарз мажбуриятлари чиқариш йўли билан жалб этилган тақдирда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11-модда. Эмиссия тўғрисидаги ахборот
Қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент, шунингдек у билан келишиб туриб қимматли қоғозларни дастлабки эгаларига сотувчи инвестиция муассасалари ҳар бир харидорга мазкур қоғозларни харид этиш пайтига қадар сотиш шартлари ва эмиссия рисоласи билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлашлари шарт. Эмиссия рисоласи эмитент тўғрисидаги, сотишга ҳавола этилаётган қимматли қоғозлар ҳақидаги, қимматли қоғозларни чиқариш таомили ва тартиби тўғрисидаги маълумотларни ҳамда харидорнинг мазкур қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки бундай хариддан воз кечишга қарор қилишига таъсир этиши мумкин бўлган бошқа хил ахборотларни акс эттиради.
Эмиссия рисоласини чиқариш, уни рўйхатга олиш тартибини, шунингдек эмиссия рисоласида эълон қилиниши шарт бўлган маълумотлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгилайди. Банклар учун уларнинг эмиссия рисолаларида қамраб олиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишиб туриб белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Очиқ ёзилиш учун ҳавола этилаётган қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласини эмитент қимматли қоғозларни рўйхатга олувчи органга тақдим этади ва у рўйхатга олинганидан сўнг, мазкур қимматли қоғозларга ёзилиш бошланишидан камида ўн кун олдин матбуотда, шунингдек фонд биржасининг махсус нашрида албатта эълон қилиниши керак. Очиқ сотувга ҳавола этилаётган акцияларни, корхоналарнинг облигацияларини чиқаришга оид ахборотларда бирон бир ўзгаришлар юзага келган ҳолларда қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент содир бўлган ўзгаришлар тўғрисидаги хабарни мазкур қимматли қоғозларга ёзилиш бошлангунга қадар эълон қилмоғи керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Акциялар, корхоналарнинг облигацияларини чиқаришга оид эълон қилинган ахборотдаги маълумотлар нотўғрилиги аниқланган тақдирда рўйхатга олувчи молия органи бу қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент мазкур ахборотга тегишли ўзгартишлар киритмагунига қадар уларнинг тарқатилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга. Эмиссияни рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган эмиссия рисоласидаги маълумотларнинг тўғрилиги юзасидан жавобгарлик эмитентнинг зиммасида бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги эмиссия рисолалари рўйхатга олинмагунга қадар қимматли қоғозларни оммавий ахборот воситаларида реклама қилиш тақиқланади.
12-модда. Эмитент фаолияти тўғрисидаги ахборот
Эмитент ўзининг молия-хўжалик аҳволи ва фаолиятининг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳар йили камида бир марта ахборот бериши (матнда бундан кейин йиллик ҳисобот деб юритилади) шарт. Йиллик ҳисобот ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечикмай эълон қилинади ҳамда эгаси ёзилган акциядорларга ва рўйхатга олувчи молия органига юборилади. Йиллик ҳисоботда эмитент тўғрисида қуйидаги маълумотлар келтирилиши лозим:
Кейинги таҳрирга қаранг.
унинг олдинги йилги хўжалик фаолияти натижалари тўғрисидаги ахборот;
молиявий аҳвол тўғрисидаги аудитор тасдиқлаган маълумотлар, шунингдек олдинги йилги баланслар ва аудиторлар ҳисоботи;
қўшимча чиқарилган қимматли қоғозлар тўғрисидаги асосий маълумотлар;
мансабдор шахслар шахсий таркибидаги ўзгартишларга доир асослар.
Эмитент ўз хўжалик фаолиятида содир бўлган ҳамда қимматли қоғозларнинг қийматига ёки улар юзасидан олинадиган даромадлар миқдорига таъсир этувчи ўзгаришлар, хусусан:
қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар ўзгарганлиги;
мансабдор шахслар шахсий таркибида ўзгаришлар рўй берганлиги;
эмитент банкдаги счётлар хатланганлиги;
соғломлаштириш (эмитентнинг молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган тадбирлар мажмуини амалга ошириш) ҳаракатлари бошланганлиги;
эмитент фаолияти қайта ташкил этилганлиги, тўхтатиб қўйилганлиги ёки тугатилганлиги;
фавқулодда ҳолатлар оқибатида эмитент мол-мулкининг камида 10 фоизи нобуд бўлганлиги;
эмитент мол-мулкининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда эмитентга нисбатан даъво қўзғатилганлиги;
устав фонди ёки эмитент асосий ва муомаладаги маблағлари қийматининг 50 фоизидан ортиқ миқдорида қарз олинганлиги ёки қимматли қоғозлар эмиссия қилинганлиги тўғрисидаги ахборотларни икки кун ичида рўйхатга олувчи молия органига юбориши, шунингдек мазкур ўзгаришларга оид ахборотларни эълон қилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Башарти эмитент акциялари фонд биржасида муомалада юрса, у мазкур ахборотларни биржага кўрсатилган муддатда тақдим этиши шарт.
Эмитент ўзи ҳақида қимматли қоғозлар қийматига ёки улар юзасидан олинадиган даромад миқдорига таъсир этиши мумкин бўлган нотўғри маълумотлар эълон қилинган тақдирда беш иш куни мобайнида бу маълумотларни тузатиш чораларини кўриши шарт.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун «Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборотларни очиш тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами 1127, 18.04.2002 й.)га қаранг.
13-модда. Эмиссия турлари
Қимматли қоғозларни муомалага чиқариш (эмиссия) қуйидаги кўринишларда амалга оширилиши мумкин:
оммавий эълон бермай, реклама кампанияси ўтказмай, эмиссия рисоласини эълон қилмай ва рўйхатдан ўтказмай олдиндан маълум чекланган миқдордаги инвесторлар орасида хусусий йўсинда тарқатиш;
эмиссия рисоласини эълон қилиб ва рўйхатдан ўтказиб, чекланмаган миқдордаги инвесторлар орасида очиқ савдо ўтказиш.
Юқорида айтиб ўтилган ҳолларнинг ҳар бирида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги эмиссияларнинг энг кам ва энг кўп миқдорларини белгилаб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Герб йиғими ва давлат божи
Қимматли қоғозларни муомалага чиқаришни ва эмиссия рисолаларини рўйхатдан ўтказиш пайтида герб йиғими ундириб олинади, кейинги ҳар бир олди-сотди битими вақтида томонларнинг ҳар биридан давлат божи олинади. Йиғим ва бож миқдорлари ҳамда уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилади. Бошқа бирон бир йиғим ва бож (биржа йиғимлари ва божларидан ташқари) ундириб олишга йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Қимматли қоғозларни тарқатиш
Эмитентлар ўзи чиқарган қимматли қоғозларни мустақил равишда, комиссион ҳақ эвазига банклар, инвестиция компаниялари, молия брокерлари орқали сотиш ҳуқуқига эга.
Инвестиция компаниялари эмитент билан келишиб туриб қимматли қоғозларни қуйидаги шартлар асосида чиқаришга кафил ва ташкилотчи бўлишлари мумкин:
кейинчалик бошқа инвесторларга сотиб юбориш мақсадида барча чиқарилган қимматли қоғозларни қайд этилган баҳосида ўз ҳисобларидан сотиб олишлари;
чиқарилган қимматли қоғозларнинг белгиланган муддат давомида чет инвесторлар ўртасида жойлаштиролмай қолган қисмларини ўз ҳисобларидан сотиб олишлари.
 LexUZ шарҳи
«Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами 860, 28.12.1999 й.)га қаранг.
Инвестиция компаниялари ва молия брокерлари тарқатолмай қолган қисмларини сотиб олиш мажбуриятини зиммаларига олмай туриб қимматли қоғозларни эмитент номидан чет инвесторларга сотиш тўғрисида эмитент дистрибьютер шартномалари тузишлари мумкин.
16-модда. Қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари
Қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитентлар, инвесторлар ва инвестиция муассасалари қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари ҳисобланадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қимматли қоғозлар эмитенти — қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида ўз номидан мажбуриятли бўлган юридик шахс ёки давлат органидир.
Инвестор — қимматли қоғозларни ўз номидан ва ўз ҳисобидан сотиб олувчи жисмоний ёки юридик шахсдир. Ажнабий фуқаролар ва юридик шахслар чет эл инвестициялари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар сифатида иштирок этишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Инвестиция муассасаси Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ юзага келтирилган юридик шахс бўлиб, у қимматли қоғозлар билан боғлиқ фаолиятини асосий фаолияти тариқасида амалга оширади.
III. БОБ. ФОНД БИРЖАСИ
17-модда. Фонд биржаси тушунчаси
Фонд биржаси — қимматли қоғозлар бир маромда муомалада бўлишининг зарур шарт-шароитини таъминлаш, уларнинг бозор баҳосини (қимматли қоғозлар талаб ва таклифи ўртасидаги мувозанатни акс эттирувчи нархларни) белгилаш ва уларга доир маълумотларни керагича тарқатиш, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг касб маҳоратини юқори даражада сақлаб бориш фаолиятининг алоҳида соҳаси бўлган ташкилотдир.
Фонд биржаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, биржа уставига ҳамда қимматли қоғозлар билан боғлиқ юмушларни амалга оширишнинг ички қоидаларига амал қилади.
18-модда. Фонд биржаларини рўйхатга олиш
Фонд биржаси (мол-фонд биржасининг ёки валюта биржасининг фонд бўлими) Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади ва у қимматли қоғозларга доир биржа фаолияти юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан лицензия олади. Қимматли қоғозларга доир биржа фаолияти юритиш учун лицензия олмаган ташкилот бундай фаолият юритишга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мол-фонд биржалари ва валюта биржаларида мустақил таркибий бўлинма ва мустақил бўлмаган таркибий бўлинма сифатида фонд бўлимлари ташкил этилиши мумкин. Фонд бўлимлари ўз фаолиятларида фонд биржаларига қўйиладиган барча талабларга амал қилишлари лозим.
19-модда. Фонд биржасининг муассислари ва аъзолари
Қимматли қоғозлар муомаласини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик ва жисмоний шахслар фонд биржаси муассислари бўлишлари мумкин.
Биржада брокерлик ўрнини сотиб олган юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, ажнабий юридик ва жисмоний шахслар фонд биржасининг (мол-фонд биржаси ёки валюта биржаси фонд бўлимининг) аъзолари бўлишлари мумкин. Фонд биржаси аъзоларининг миқдорини биржанинг бошқарув органлари тартибга солиб туради. Давлат ҳокимияти ва бошқарув, прокуратура ва суд органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва мутахассислари фонд биржаси аъзолари бўлишга ҳақли эмаслар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Фонд биржаси аъзолари қимматли қоғозлар муомаласини амалга ошириш учун рухсатномаларга эга бўлган ҳамда инвестиция муассасаси мақомини олган тақдирдагина олди-сотдига қўйилади. Брокерлик ўрнини сотиб олган жисмоний шахс уни давлат ҳокимияти маҳаллий органларида рўйхатдан ўтказганидан ва банкда ҳисоб-китоб счёти очганидан кейингина олди-сотдига қўйилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20-модда. Биржа амаллари қоидалари
Қимматли қоғозларга доир биржа амаллари қоидаларини биржанинг юқори бошқарув органи тасдиқлайди.
Қоидаларда қуйидагилар назарда тутилмоғи лозим:
мазкур биржада қимматли қоғозлар олди-сотдиси принциплари;
биржа олди-сотдиси қатнашчиларининг таркиби ҳамда уларга қўйиладиган талаблар мажмуи;
биржа йиғилишлари ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисидаги ахборот;
қимматли қоғозларни биржа олди-сотдисига чиқариш тартиби;
биржа битимларининг тавсифи;
мижозлар брокерларга берадиган топшириқ (буйруқ) турлари;
олди-сотдини ташкил этиш;
битимларни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби;
қимматли қоғозлар муомаласини амалга оширишда фойдаланиладиган шартнома, ҳисобот, буюртма ва хабарномалар ҳамда биржага оид бошқа ҳужжатлар намуналари.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддасига қаранг.
21-модда. Битимлар тузиш тартиби
Фонд биржаси биржа олди-сотдиси вақтида битимлар тузиш, битимларни текшириб кўриш ва улар юзасидан ҳисоб-китоб қилиш тартибини мустақил равишда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Фонд биржалари ва фонд бўлимлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишиб олинган қимматли қоғозлар муомаласи битимларини амалга ошириш низомлари ва ички қоидалари, фонд биржаси устави (фонд бўлими тўғрисидаги Низом) асосида иш тутадилар. Фонд биржасида амалларни унинг аъзоларигина амалга ошира оладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Фонд биржасининг ҳуқуқлари
Фонд биржаси:
инвестиция муассасаларининг биржа аъзолигига киришида уларга қўйиладиган энг кам мажбурий талабларни белгилаш;
биржа олди-сотдиларида биржа аъзолари вакилларининг малакасига қўйиладиган талабларни белгилаш;
биржа йиғилишларини чақириш ва ўтказиш;
эксперт, малака ва баҳолаш комиссиялари, маслаҳат ва маълумотнома берувчи шуъбалар ҳамда уларнинг ишлаши учун керакли бошқа муассасалар, шунингдек қимматли қоғозлар муомаласини амалга оширишдаги низоларни ҳал қиладиган комиссиялар таъсис этиш;
ўз уставига мувофиқ биржа аъзолари тўлайдиган кириш ва жорий бадалларни белгилаб, ундириб олиш, битимларни рўйхатга олганлик, техник хизмат кўрсатганлик учун, доимий ва бир галги мижозлардан биржада бўлганлик учун ҳақ белгилаб, ундириб олиш, шунингдек биржа уставини, биржа йиғилишлари қоидаларини бузганлик, рўйхатдан ўтказиш йиғимини вақтида тўламаганлик учун жарима ва пенялар ундириб олиш;
биржа буклетлари, маълумотномалари, тўпламларини чоп этиш;
назорат қилувчи органларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақлидир.
23-модда. Фонд биржаси фаолиятини пул билан таъминлаш
Фонд биржаси фаолиятининг пул таъминоти:
фонд биржаси акциялари ва пайларини сотиш;
фонд биржасидаги брокерлик ўринларини сотиш;
фонд биржаси аъзолари мунтазам тўлаб борадиган аъзолик бадаллари;
биржа битимларини рўйхатдан ўтказишда олинадиган йиғимлар;
қимматли қоғозлар муомаласида воситачилик қилишда олинадиган комиссион ҳақ;
биржа уставида назарда тутилган ахборот хизмати ва бошқа хил хизматлар кўрсатишдан келадиган даромадлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
24-модда. Фонд биржаси фаолиятини тўхтатиш
Фонд биржаси фаолияти:
муассислар умумий йиғилишининг қарорига биноан;
суд органларининг қарорлари асосида тўхтатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
25-модда. Қимматли қоғозлар муомаласи устидан назоратни йўлга қўйиш
Қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитентларнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгарлик уларнинг ўз зиммасида бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги фонд биржасига биржа фаолияти давомида қонунлар ва биржа устави талабларига риоя этилишини назорат қилиб боришга ваколатли бўлган ҳамда биржанинг бошқарув органлари мажлисларида (йиғилишларида) ва олди-сотдиларда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга бўлган ўз вакилини тайинлайди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қонун ҳужжатларида, ўзи берган рухсатномаларда (лицензияларда) белгилаб қўйилган шартлар бузилган тақдирда қуйидаги чораларни кўриши:
қимматли қоғозлар эмиссияси ва муомаласини тўхтатиб ёки чеклаб қўйиши;
қимматли қоғозлар эмиссияси учун, қимматли қоғозларга доир воситачилик фаолияти юритиш учун берилган рухсатномани (лицензияни) тўхтатиб қўйиши ёки бекор қилиши;
қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитентлар, инвестиция муассасалари ва биржалар фаолиятини тўхтатиб қўйиш тўғрисида суд органларига илтимоснома киритиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Давлат бошқарув органи ва ўзга органнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракат ва қарорлари устидан шикоят қилиш
Давлат бошқарув органи ва ўзга органнинг қимматли қоғозларни чиқариш ва муомалада юритишга тааллуқли ғайриқонуний хатти-ҳаракат ва қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
27-модда. Халқаро шартномалар
Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 2 сентябрь,
918-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 325-модда; 1994 й., 11-12-сон, 285-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 269-модда; 1996 й., 5-6-сон, 69-модда; 9-сон, 144-модда; 1997 й., 2-сон, 56-модда; 1999 й., 9-сон, 229-модда; 2003 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 37-сон, 408-модда; 2005 й., 37-38-сон, 279-модда; 51-сон, 374-модда; 2007 й., 29-30-сон, 297-модда)