toggle_night_mode
Ҳужжат 23.11.1990 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МУЛКЧИЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасида мулк дахлсиздир.
Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг самарали амал қилишига ва халқ фаровонлигининг ўсишига имконият яратувчи ҳар қандай шаклдаги мулкчилик бўлишига рухсат берилади. Мулкчиликнинг ҳамма шакллари дахлсиз бўлишига ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратилишига қонун кафолат беради.
Ўзбекистон Республикаси мулкдорга қарашли бўлган мол-мулкни сақлаш ва кўпайтириб бориш учун барча зарур шароитларни яратиб беради. Мулкчилик муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун билан ҳамда уларни ривожлантириш юзасидан жумҳурият номидан чиқарилган қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Мулкий ҳуқуқ
1. Ўзбекистон Республикасида мулкий ҳуқуқ тан олинади ва қонун билан муҳофаза этилади.
2. Мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қилишга ҳақлидир. У мулкдан қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай хўжалик ёки бошқа фаолиятни амалга оширишда фойдаланиши мумкин.
3. Мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф қилиш ҳуқуқини бошқа шахсларга беришга фақат ўзи ҳақлидир. Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳолларда, мулкдорнинг зиммасига бошқа шахсларнинг унинг мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйиш вазифаси юкланиши мумкин.
4. Мулкдор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган шартлар ва доира чегарасида ўзига тегишли мулкий ҳуқуқни амалга ошириш пайтида фуқароларнинг меҳнатидан фойдаланиш тўғрисида улар билан шартнома тузишга ҳақлидир.
Фуқаронинг меҳнатидан фойдаланишга асос бўлган мулкнинг қай шаклда эканидан қатьи назар, фуқарога амалдаги қонунлар кўзда тутган меҳнат ҳақи бериш ва меҳнат шароитлар яратиш, шунингдек бошқа ижтимоий-иқтисодий кафолатлар таъминланади.
5. Мулкий ҳуқуқнинг амалга оширилиши атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва давлатнинг ҳуқуқларини бузмаслиги ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларига путур етказмаслиги керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Мулкий ҳуқуқ объектлари
1. Қуйидагилар мулк объектларидир:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, иморатлар ва иншоотлар, асбоб-ускуналар, моддий ва маънавий маданият буюмлари, пуллар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулклар; инсоннинг унумли ва ижодий меҳнат қилиш қобилияти;
2. Ихтиролар, кашфиётлар, фан, адабиёт, санъат асарлари, ахборот, илмий ғоялар, техник ишланмалар ва ақлий ижоднинг бошқа объектларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш хусусидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг махсус қонунлари билан тартибга солинади.
3. Тарих ва маданият ёдгорликларига мулкий ҳуқуқни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг махсус қонунлари билан белгилаб берилади.
4. Мол-мулкдан хўжаликда фойдаланиш натижалари (маҳсулот ва даромадлар), қонунлар ёки шартномада бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, шу мол-мулк эгасига тегишлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Мулкий ҳуқуқ субъектлари
Ўзбекистон Республикасида давлат жумҳурият фуқаролари, коллективлар, уларнинг уюшмалари, Коллектив ва диний ташкилотлар, фуқароларнинг оилавий ва бошқа бирлашмалари, халқ депутатларининг барча Советлари уларнинг ўзи вакил қилган органлар сиймосида, ажнабий давлатлар, халқаро ташкилотлар, бошқа хорижий юридик шахслар ва фуқаролар мулкий ҳуқуқ субъектларидир. Турли юридик шахслар ва фуқаролар битта мулкнинг субъектлари бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Мулк шакллари
1. Ўзбекистон Республикасида мулк қуйидаги шаклларда бўлади:
фуқароларнинг шахсий ва хусусий мулки;
коллектив (ширкат) мулки, шу жумладан оилавий, маҳалла, кооператив мулк, ижарага олинган корхона мулки, акциядорлар жамияти, давлат корхонаси коллективининг, концерн (консорциум) ларнинг, жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар мулки, турли хўжалик бирлашмалари ва уюшмалар мулки, юридик шахс ҳисобланган бошқа жамоалар мулки;
жумҳурият, жумҳуриятлараро, Қорақалпоғистон Республикаси, маъмурий-территориал тузилмалар (коммунал) мулкидан иборат давлат мулки;
аралаш мулк;
қўшма корхоналар, ажнабий фуқаролар, ташкилотлар ва давлат, шунингдек ажнабий юридик шахслар мулки шаклида юзага чиқади.
2. Ўзбекистон Республикасида мулкнинг ҳамма шакллари тенг ҳуқуқлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Ҳақ ундириб олишни мулкдорнинг мол-мулкига қаратиш
1. Юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириб олиш мулк ҳуқуқи, тўла хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида унга тегишли бўлган мол-мулкка қаратилиши мумкин.
Мулкдор ўзи вужудга келтирган юридик шахсларнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, бу юридик шахслар эса мулкдорнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
2. Фуқаролар ўз мажбуриятлари бўйича мулкий ҳуқуқ асосида ўзларига тегишли бўлган мол-мулк билан жавоб берадилар.
Фуқароларнинг қарз берувчилар даъволарига биноан ҳақ ундириш тарзида олиб қўйилиши мумкин бўлмаган мол-мулклари рўйхати Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II БЎЛИМ. ФУҚАРОЛАРНИНГ МУЛКИЙ ҲУҚУҚИ
6-модда. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг мулки якка тартибдаги мулк: шахсий хусусий мулкдан иборат бўлади. Мулкнинг бу шакллари фуқароларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришдаги иштирокидан, ўз хўжалигини юритишдан ҳамда кредит муассасаларига қўйилган маблағдан олган даромадлари, акциялардан ва бошқа қимматли қоғозлардан, мерос бўйича ёки қонун йўл қўядиган бошқа асосларга мувофиқ вужудга келади ва кўпайиб боради.
2. Фуқаро меҳнат шартномасига биноан ўзи ишлаб турган корхона, бошқа хўжалик ташкилоти мол-мулкига мулкдорнинг розилигига асосан ўз пулини ёки бошқача ҳиссасини қўшишга ва бундай корхонанинг олган фойдасини (даромадини) тақсимлашда шу ҳисса миқдорини ҳисобга олган ҳолда қатнашишга ҳақлидир.
3. Шахсий ёрдамчи хўжалик, боғдорчилик-полизчилик хўжалиги юритиш, уй-жой бинолари қуриш ва уларга қараб туриш, қонунда кўзда тутилган бошқа эҳтиёжларни қондириш учун фуқароларга умрбод эгалик қилиш мерос қилиб қолдириладиган ер берилади.
4.Фуқароларнинг мол-мулкни умрбод мерос қилиб олиш ҳуқуқи эътироф этилади ва қонун билан муҳофаза қилинади.
7-модда. Фуқароларнинг шахсий мулки
1. Уй-жойлар, дала ҳовлилар, боғ уйлари, ер участкасидаги дов-дарахтлар, уй ҳайвонлари, транспорт воситалари, пул маблағлари, уй-рўзғор ва шахсий истеъмол буюмлари, шахсий ёрдамчи хўжаликни юритиш, боғдорчилик, полизчилик учун керакли мол-мулклар, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, шунингдек истеъмол ва ишлаб чиқариш характерига эга бўлган бошқа мол-мулк фуқаролар мулки бўлиши мумкин.
Фуқаро ўзининг меҳнат қилиш қобилияти — иш кучига фақат ўзи эгалик қилади. У бу ҳуқуқни мустақил равишда ёки меҳнат шартномаси асосида амалга оширади.
2. Уй-жой кооперативининг, уй-жой қурилиш, дала ҳовли, гараж кооперативи ёки бошқа кооперативнинг аъзоси фойдаланиш учун ўзига бериб қўйилган хонадон, дала ҳовли, гараж, бошқа иморат ёки бино учун пай бадалини батамом тўлагач, шу мол-мулкнинг эгаси ҳуқуқини олади.
Давлат ва жамоат уй-жой фондининг уйидан турар жойни ижарага олган киши ва унинг оила аъзолари мулкдордан тегишли хонадон ёки уйни сотиб олиш ҳуқуқига эгадир.
Мазкур мол-мулкни мулк қилиб сотиб олганидан кейин фуқаро уни ўз хоҳишига кўра тасарруф этишга — сотишга, васият қилиб қолдиришга, ижарага беришга, унинг юзасидан қонунга зид бўлмаган бошқа битимлар тузишга ҳақлидир.
8-модда. Хусусий мулк
Хусусий мулк даромад олиш мақсадида мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини ифодалайди.
Ҳар қандай шаклдаги хусусий мулк мулкдорнинг бевосита ишлаб чиқариш жараёнида ўз меҳнатидан фойдаланиш ёки ёлланма меҳнатни қўллашликка асосланади. Хусусий мулк давлат, кооператив ёки бошқа корхоналарни мулкини тўлиқ ёки қисман сотиб олишликка, ижара мулкини сотиб олиш, ёки қонун йўл қўйган асосда эгалик қилишликдан иборат.
Хусусий мулк бўлиши мумкин бўлмаган объектлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III БЎЛИМ. КОЛЛЕКТИВ (ШИРКАТ) МУЛКИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Умумий қоидалар
1. Коллектив (ширкат) мулки оила, маҳалла мулки, шунингдек кооперативлар мулкини, ижарага олинган акцияли ҳамда коллектив корхоналарининг мулкини, ижтимоий ва диний ташкилотларнинг, турли хўжалик жамиятлари ва уюшмаларнинг ҳамда юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган бошқа бирлашмаларнинг мулкини ўз ичига олади.
2. Коллектив мулкнинг ҳосил бўлиши ва кўпайиб бориши давлат корхоналарини ижарага бериш, меҳнаткашлар коллективларига олинган даромадлардан давлат мол-мулкини сотиб олиш учун фойдаланиш имконини бериш билан, давлат корхоналарини акциядорлар жамиятларига айлантириш билан, фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг мол-мулкини кооперативлар, акциядорлар жамияти ва бошқа хўжалик жамиятлари ҳамда ширкатларини тузиш учун ихтиёрий бирлаштириш билан таъминланади.
3. Коллектив мулкининг турли шаклларига берилмайдиган корхоналар ва ишлаб чиқаришларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан аниқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Оилавий мулк
Оила аъзоларининг мулки оилавий мулкдир. Бу мулк оиланинг яшаши учун оила аъзоларининг биргаликдаги эҳтиёжларини қондириш, уй-рўзғор ва ёрдамчи хўжаликни юритиш учун ҳамда даромад олиш мақсадида қонунда рухсат берилган, фаолият учун зарур бўлган ишлаб чиқариш воситаларини ва истеъмол буюмларини, яратилган маҳсулотни ўз ичига олади.
Оилавий мулк ҳуқуқи ўз субъектларининг ҳар бирига айнан тегишли бўлган шахсий ва хусусий мулкдан иборат бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11-модда. Маҳалла мулки
1. Ижтимоий ўз-ўзини бошқаришнинг бошланғич бўғинлари — маҳаллалар эгалик қиладиган, фойдаланиладиган ва тасарруф этадиган мол-мулк, маҳалла аҳолисининг биргаликдаги меҳнат фаолияти ёки уларнинг муштарак даромадлари, шунингдек мазкур мол-мулкдан хўжалик мақсадларида фойдаланишдан келган тушумлар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ихтиёрий тўловлари ва моддий ёрдамлари, халқ депутатлари маҳаллий Советлари берадиган молиявий маблағлар асосида вужудга келтирилган мол-мулкдан иборат.
2. Маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли маҳалла мулкининг субъектидир. Ўзи сайлаб қўйган органлар — маҳалла мулкини тўла хўжалик юритиш асосида эгаллайди, ундан фойдаланади ва тасарруф этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12-модда. Кооператив мулк
1. Хўжаликни биргаликда юритиш ёки бошқа фаолият билан шуғулланиш учун аъзолик асосида ихтиёрий бирлашган фуқароларнинг биргаликдаги мулки — кооператив мулкдир.
2. Кооператив мулк унинг аъзолари берган пул ёхуд бошқа мол-мулк шаклидаги бадаллар, улар ишлаб чиқарилган маҳсулот ва уни сотишдан ҳамда кооператив уставида назарда тутилган бошқа фаолиятдан келадиган даромад ҳисобига ташкил топади ва кўпайиб боради.
3. Кооператив тугатилган тақдирда бюджет, банклар ва бошқа қарз берувчилар билан ҳисоб-китоб қилингандан кейин қолган мол-мулк кооператив аъзолари ўртасида тақсимланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Ижарага олинган корхона мулки
Ишлаб чиқарилган маҳсулот, олинган даромадлар ва ижарага олинган корхона маблағи ҳисобидан қўлга киритилган бошқа мол-мулк шу корхона коллективининг мулкидир.
Ижарага олинган корхона меҳнат коллективи аъзоларининг коллектив ишларини идора қилишда иштирок этиш ҳамда фойда (даромад)ни тақсимлаш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикасининг ижара тўғрисидаги Қонуни асосида белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Коллектив корхонасининг мулки
1. Коллектив корхонасининг мулки давлат корхонасининг бутун мол-мулки меҳнат коллективининг мулкига ўтган, ижарага олинган мол-мулк сотиб олинган ёки қонунда кўзда тутилган бошқа усуллар билан мол-мулк қўлга киритилган тақдирда вужудга келади.
Коллектив корхонасининг мол-мулки, шу жумладан ишлаб чиқарилган маҳсулот ва олинган даромадлар коллективнинг умумий мулкидир.
2. Коллектив корхонасининг мол-мулки таркибида унинг ходимлари қўшган ҳиссалар белгилаб қўйилади. Бундай ҳисса таркибига ходимларнинг коллектив корхонаси вужудга келишига асос бўлган давлат корхонаси ёки ижарага олинган корхона мулкига қўшган умумий суммаси, шунингдек мазкур корхона вужудга келтирилганидан кейин ходим корхона мол-мулкини кўпайтиришга қўшган улушлари киради.
Ходимнинг мол-мулкни кўпайтиришга қўшган улуши миқдори корхона фаолиятида ўз меҳнати билан иштирок этганига қараб аниқланади ҳамда хўжалик фаолияти натижаларига асосланиб шу улушга меҳнат коллективи белгилайдиган миқдорда процентлар ажратилади ва тўланади.
Корхона билан меҳнат муносабатларини тўхтатган ходимга, шунингдек вафот этган ходимнинг ворисларига қўшилган ҳиссасининг қиймати берилади.
Коллектив корхонаси тугатилган тақдирда ҳиссанинг қиймати ходимларга (уларнинг ворисларига) бюджет, банклар билан ва бошқа қарз берувчилар билан ҳисоб-китоб қилингандан кейин қолган мол-мулкдан тўланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Акцияли жамиятнинг мулки
1. Акцияли жамият акциялари сотиш ҳисобига ҳосил бўлган, шунингдек ўз хўжалик фаолияти натижасида олинган ва қонунда йўл қўйиладиган бошқа асосларга биноан қўлга киритилган мол-мулкнинг эгасидир.
2. Корхона, муассасалар, ташкилотлар, давлат идоралари, Ўзбекистон Республикаси, бошқа жумҳурият ва ажнабий давлатларнинг фуқаролари, шунингдек юридик шахслари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ёки жамиятнинг уставида бошқа тартиб кўзда тутилган бўлмаса, акция эгалари бўлиши мумкин.
3. Меҳнат коллективи ҳамда ваколат берилган давлат органининг биргаликдаги қарорига асосан, давлат корхонаси корхонанинг бутун мол-мулки қиймати миқдорида акциялар чиқариш йўли билан акцияли жамиятга айлантирилиши мумкин. Акцияларни сотишдан олинган маблағ давлат корхонасининг қарзлари қопланганидан кейин тегишли бюджетга тушади.
16-модда. Хўжалик жамияти ва ширкатининг мулки
1. Юридик шахслар ҳисобланган хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг мулки улар иштирокчиларининг қўшган ҳиссаси ҳисобидан, хўжалик фаолияти натижасида олинган ҳамда улар томонидан қонунда йўл қўйиладиган бошқа асосларда қўлга киритилган мол-мулкдан ҳосил бўлади.
2. Хўжалик жамияти ва ширкати қатнашчиси қўшган ҳисса таркибига асосий ва оборот фондлар, пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, шунингдек мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи кириши мумкин.
3. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, давлат идоралари, шунингдек фуқаролар (агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса) хўжалик жамиятининг ва ширкатининг иштирокчилари бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Хўжалик уюшмалари (бирлашмалари)нинг мулки
1. Корхона ва ташкилотларнинг хўжалик уюшмаси (шу жумладан концерн, тармоқ, тармоқлараро ва территориал бирлашма) унга корхона ва ташкилотлар ихтиёрий равишда берган, шунингдек унинг ўз хўжалик фаолияти натижасида олинган мол-мулкнинг эгасидир.
2. Хўжалик уюшмаси унга кирувчи корхона ва ташкилотларнинг мол-мулкига эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмас.
3. Хўжалик уюшмасининг фаолияти тўхтатилгандан кейин қолган мол-мулк унга кирган корхона ва ташкилотлар ўртасида келишув асосида ҳамда уларнинг қўшган ҳиссаларини (улушларини) эътиборга олган ҳолда тақсимланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18-модда. Жамоат бирлашмаларининг мулки
1. Жамоат бирлашмалари (сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, шу жумладан халқ фронтлари, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ветеранлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, кўнгилли жамиятлар, ижодий иттифоқлар, фондлар, уюшмалар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари)нинг мулкида улар уставларида кўзда тутилган фаолиятни моддий жиҳатдан таъминлаш учун зарур бўлган бинолар, иншоотлар, уй-жой фонди, асбоб-ускуналар, маданий маърифий ва соғломлаштириш мақсадларига хизмат қиладиган мол-мулк, пул маблағлари, акциялар, бошқа қимматли қоғозлар ва мол-мулк бўлиши мумкин.
Жамоат бирлашмалари мулкида, шу бирлашмалар маблағлари ҳисобидан уларнинг уставларида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ вужудга келтириладиган корхоналар ҳам бўлиши мумкин.
Жамоат бирлашмаларининг пул маблағлари аъзо бўлиш ва аъзолик бадалларидан, агар уларни тўлаш уставларда кўзда тутилган бўлса, ихтиёрий бадаллар, хайр-эҳсонлар; уставга мувофиқ ўтказилган лекциялар, кўргазмалар, спорт ва бошқа тадбирлардан, лотереялардан тушган маблағлар; ишлаб чиқариш-хўжалик ва ноширлик фаолиятидан олинган даромадлар; қонунда тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.
Уюшмалар ва уларга кирувчи бирлашмаларнинг шу уюшмаларга қарашли мол-мулкдан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш соҳасидаги ваколатлари уюшмалар ва бирлашмаларнинг уставлари билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида давлат ва жамоат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ жамоат уюшмаларининг мулки бўла олмайдиган мол-мулк турлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Жамоат уюшмалари ўз уставларида ёзиб қўйилган мақсадлар ва вазифаларга мувофиқ ҳамда қонунларда белгиланадиган тартибда чет элдан келадиган пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкни олишлари мумкин.
Сиёсий мақсадларни кўзлайдиган партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар хорижий ташкилотлар ва фуқаролардан молиявий ва ўзга моддий ёрдам олишга ҳақли эмаслар.
2. Жамоат уюшмалари тугатилганидан кейин қолган мол-мулк унинг уставидан кўзда тутилган мақсадларда ишлатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19-модда. Диний ташкилотларнинг мулки
1. Диний ташкилотларнинг мулкида бинолар, диний фаолиятга доир буюмлар, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайрия аҳамиятига эга бўлган объектлар, диний ташкилотларнинг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.
Диний ташкилотлар ўз маблағига сотиб олган ва барпо этган, фуқаролар, ташкилотлар эҳсон қилган ёки давлат томонидан берилган ва қонунда кўзда тутилган бошқа асосларга биноан қўлга киритилган мол-мулкка эгалик қилишга ҳақлидирлар.
Диний ташкилотлар чет элдан келадиган ва чет элда бўлган мол-мулкка эгалик қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасида хайрия мақсадларида мол-мулк беришга йўл қўйилади.
Диний ташкилотлар ихтиёрий суратда молиявий ва бошқа ҳайр-эҳсон қилишни сўраб мурожаат этишга ва уларни олишга ҳақлидирлар.
2. Диний ташкилотларга тушадиган молиявий ва мол-мулк тарзидаги хайр-эҳсонлар, шунингдек фуқаролардан келадиган пул тушумларининг ҳамма турларига солиқ солинмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV БЎЛИМ. ДАВЛАТ МУЛКИ
20-модда. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасининг давлат мулкига жумҳурият мулки, Қорақалпоғистон Республикаси мулки, маъмурий-территориал тузилмаларнинг мулки (коммунал мулк) киради. Давлат мулкини халқ номидан (маъмурий-территориал тузилма аҳолиси) номидан тегишли халқ депутатлари Советлари ва улар ваколат берган давлат органлари тасарруф этадилар ва бошқарадилар.
Давлат мулкининг эгалари ўртасидаги келишувга биноан бу мулк уларнинг умумий мулки бўлиши мумкин.
2. Ўзбекистон Республикасининг, Қорақалпоғистон Республикасининг, маъмурий-территориал тузилманинг бюджет ёки бошқа маблағлари ёхуд улар ихтиёридаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг маблағи ҳисобига ҳосил қилинадиган ёки сотиб олинадиган мулк тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг, Қорақалпоғистон Республикасининг мулки ёки маъмурий-территориал тузилманинг мулки бўлади.
3. Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва маъмурий территориал тузилмаларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Қорақалпоғистон Республикаси, маъмурий-территориал тузилма эса Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21-модда. Жумҳурият мулкининг объектлари
1. Ўзбекистон Республикасининг мутлақо мулкига:
ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, республика ҳудуди доирасидаги ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;
Ўзбекистон Республикаси ҳокимият ва бошқарув органларининг мол-мулки;
жумҳурият халқларининг маданият ва тарихий бойликлари;
жумҳурият бюджетининг маблағлари, жумҳурият ва давлат аҳамиятидаги банклар, суғурта, резерв фондлари ва бошқа давлат фондлари;
Давлат мулки асосида вужудга келган корхоналар ва халқ хўжалиги комплекслари (ёқилғи-энергетика, кон-металлургия, машинасозлик, нефть-газ, химия-ўрмон, агросаноат, транспорт комплекси), давлат олий ўқув юртлари, ижтимоий-маданий соҳа объектлари ҳамда жумҳуриятнинг суверенитетини ва иқтисодий мустақиллигини таъминлайдиган бошқа мол-мулклар киради.
2. Умумиттифоқ мулкининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилиш шартлари ССЖ Иттифоқи билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги шартнома билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Жумҳурият мулкининг субъекти
Ўзбекистон Республикаси халқлари жумҳурият мулкининг субъектидир. Мулкчилик ҳуқуқини халқ номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ва Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари маҳаллий Советлари амалга оширадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23-модда. Ўзбекистон Республикасининг жумҳуриятидан ташқаридаги мулки
Бошқа жумҳуриятлар ва хорижий давлатларда бўлган давлат, кооператив мол-мулкдан, жамоат ташкилотларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мол-мулкига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш шартлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда мол-мулк жойлашган иттифоқдош жумҳурият ва давлатларнинг қонунлари билан, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормалари ва ССЖИ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида тузилган шартномалар билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24-модда. Ерга ва бошқа табиий бойликларга мулкчилик
1. Ер ва ер ости бойликлари, ички сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси жумҳурият ҳудуди доирасидаги ҳаво ҳавзаси Ўзбекистон Республикасининг мутлақ мулкидир.
2. Ўзбекистон Республикаси номидан ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиий бойликларга эгалик қилиш ҳуқуқини барча даражадаги, халқ депутатлари Советлари амалга оширадилар.
3. Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсидан, бошқа табиий бойликлардан умумиттифоқ эҳтиёжларида фойдаланишга шартнома асосида ва Ўзбекистон Республикасининг розилигини олгандагина йўл қўйилади.
4. Қорақалпоғистон автоном жумҳурияти томонидан умумжумҳурият эҳтиёжларини таъминлаш учун ер участкалари ва бошқа табиий объектларни бериб қўйиш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги битим билан белгиланади.
5. Ер, сув ва бошқа табиий бойликларни бериб қўйиш ва фойдаланиш юзасидан ССЖ Иттифоқи, иттифоқдош жумҳуриятлар ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида чиқадиган баҳслар бетараф ҳакамлар иштирокида ёки қонунда белгиланган тартибда ҳал қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг мулки
Қорақалпоғистон Республикасининг мулкий ҳуқуқлари «Қорақалпоғистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Жумҳуриятлараро мулк
Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида бошқа иттифоқдош жумҳуриятлар билан биргаликда жумҳуриятлараро мулкни вужудга келтириши мумкин. Бундан ҳар бир иттифоқдош жумҳуриятнинг мол-мулк ва хўжалик фаолияти натижалари улушига эгалик қилиш ҳуқуқи белгилаб берилади.
Сув ресурсларидан, ҳаво ҳавзасидан ва жумҳуриятлараро манфаатларга дахлдор бўлган бошқа мулк турларидан фойдаланиш қатъиян шу жумҳуриятлар ўртасидаги битим асосида, зарур ҳолларда эса ССЖ Иттифоқи иштирокида олиб борилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27-модда. Маъмурий-территориал тузилма мулкининг объектлари (коммунал мулк)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қуйидагилар область, район, шаҳар ёки бошқа маъмурий-территориал тузилма мулкининг объектларидир: ҳокимият ва бошқарув идораларининг, маъмурий-территориал тузилмаларнинг мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, халқ депутатлари маҳаллий Советининг уй-жой фонди ва турар-жой коммунал хўжалиги, шунингдек саноат, қурилиш. қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, маиший хизмат, транспорт корхоналари, бошқа корхона ва комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан вужудга келтирилган ҳамда территорияни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун ва тегишли маъмурий-территориал тузилмалар олдида турган бошқа вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ўзга мол-мулклар. Жумҳурият мулкини коммунал мулкка ўтказиш тартиби ҳар икки томоннинг келишувига биноан белгиланади.
28-модда. Маъмурий-территориал тузилма мулкининг субъектлари (коммунал мулк)
Тегишли маъмурий-территориал тузилманинг аҳолиси коммунал мулкнинг субъектидир. Аҳоли ўзининг мулкий ҳуқуқини амалга оширишни маҳаллий Советларга беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29-модда. Давлат корхонасининг мол-мулки
1. Давлат мулки бўлган ва давлат корхонасига бириктириб қўйилган мол-мулк тўла хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унга тегишлидир.
Корхона ўз мол-мулки билан тўла хўжалик юритиш ҳуқуқини амалга оширар экан, мазкур мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади, унга нисбатан ўз хоҳиши билан қонунга зид келмайдиган ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширади. Тўла хўжалик юритиш ҳуқуқига нисбатан, башарти Ўзбекистон Республикаси қонунларида бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, мулкчилик ҳуқуқи тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.
2. Давлат мол-мулкини бошқариш ваколати берилган давлат идоралари корхоналарни вужудга келтириш унинг фаолият мақсадларини аниқлаш, уни қайта тузиш ва тугатиш масалаларини ҳал этадилар, унга ишониб топширилган давлат мол-мулкидан самарали фойдаланишини назорат қиладилар ҳамда ССЖ Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширадилар.
3. Давлат мол-мулкини бошқариш ваколати берилган давлат идораси давлат корхонасини қайта тузиш, хусусийлаштириш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, мазкур корхона ночор (банкрот) деб топилган ҳоллардан ташқари, меҳнат коллективи корхонани ижарага топширишни ёки уни коллектив мулкка асосланган бошқа корхонага айлантиришда имтиёзли ҳуқуқга эгадир. Бундай ҳолларда давлат идораси билан меҳнат коллективи ўртасида чиққан баҳслар давлат ҳакамлиги томонидан ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
30-модда. Давлат корхонаси меҳнат коллективи аъзоларининг мулки
1. Давлат корхонасининг солиқлари ва бюджетга бошқа тўловларни тўлаб бўлганидан кейин қоладиган фойдаси (соф фойда) корхона меҳнат коллективининг мулкига ўтади ва ўз уставига ҳамда амалдаги Қонунлар асосида рўёбга чиқарилади.
2. Меҳнат коллективининг аъзосига тегишли фойда миқдори унинг улуши бўлади.
Корхона тугатилган тақдирда улуш суммаси (акциялар қиймати) меҳнат коллективи аъзоларига (ворисларга) бюджет, банклар билан ва корхонанинг бошқа қарз берувчилари билан ҳисоб-китоб қилингандан кейин қолган мулкдан тўланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31-модда. Давлат муассасасининг мол-мулки
1. Давлат мулки бўлган ва мулкдор томонидан давлат бюджетида турувчи давлат муассасасига (ташкилотига) бириктириб қўйилган мол-мулк шу муассаса (ташкилот)нинг оператив бошқарувида бўлади.
2. Давлат бюджетида турувчи ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган ҳолларда хўжалик фаолиятни амалга оширишлари мумкин бўлган давлат муассасалари (ташкилотлари) ана шундай фаолиятдан келган даромадларни ва шу даромадлар ҳисобидан орттирилган мол-мулкларни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
3. Давлат муассасаси (ташкилоти) ўз мажбуриятлари юзасидан ўз эгалигидаги пул маблағлари билан жавоб беради. Давлат муассасасининг (ташкилотининг) маблағи етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича тегишли мулкнинг эгаси жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
V БЎЛИМ. АРАЛАШ МУЛК
32-модда. Аралаш мулк ҳуқуқи
Мулкнинг аралаш шакллари мулкдорларнинг моддий ва пул маблағларини бирлаштириш йўли билан ҳосил қилинади. Аралаш мол-мулкка эгалик қилиш ҳиссавий иштирок этиш принципи асосида ҳам, шунингдек ўз маблағларини бирлаштирган мулкдорлар ўртасида даромадларни қўшган улушига қараб тақсимлаш асосида ва томонларнинг келишуви билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Аралаш мулкнинг ўз маблағларини бирлаштираётган мулкдорларнинг мақоми билан белгиланадиган ҳар хил турлари бўлади. Ўзбекистон Республикаси ва бошқа иттифоқдош жумҳуриятларнинг, ажнабий давлатларнинг, турли юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси территориясидаги мол-мулкини, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа иттифоқдош жумҳуриятлар, ССЖИ ва ажнабий давлатларнинг мол-мулкини бирлаштиришга йўл қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI БЎЛИМ. ҚЎШМА КОРХОНАЛАР, АЖНАБИЙ ФУҚАРОЛАР, ТАШКИЛОТЛАР ВА ДАВЛАТЛАРНИНГ МУЛКИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
33-модда. Қўшма корхоналарнинг мулки
Совет юридик шахслари ва ажнабий юридик шахслар ҳамда фуқаролар иштирокидаги қўшма корхоналар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акцияли жамиятлар, хўжалик жамиятлари ва ширкатлари шаклида тузилади ҳамда таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган фаолиятини амалга ошириш учун зарур мол-мулкка эгалик қилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
34-модда. Ажнабий фуқароларнинг мулки
Ушбу Қонуннинг совет фуқаролари мулкига тааллуқли қоидалари ажнабий фуқароларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида доимо яшовчи ажнабий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги мулкига ҳам тегишлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
35-модда. Ажнабий юридик шахсларнинг мулки
Ажнабий юридик шахслар хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида саноат корхоналари ҳамда бошқа корхоналарга, бинолар, иншоотлар, тоат-ибодат, зиёратга хизмат қилувчи объектлар ва бошқа мол-мулкларга эгалик қилишга ҳақлидирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
36-модда. Ажнабий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг мулки
Ажнабий давлатлар ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро шартномаларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда дипломатик, консуллик, ижтимоий-маданий ва бошқа халқаро муносабатларни амалга ошириш учун зарур мол-мулкка эгалик қилишга ҳақлидирлар
Кейинги таҳрирга қаранг.
VII БЎЛИМ. МУЛКИЙ ҲУҚУҚНИНГ КАФОЛАТИ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИ
37-модда. Мулкий ҳуқуқнинг кафолати
1. Ўзбекистон Республикаси ушбу Қонун билан белгиланган мулкчилик муносабатларининг барқарорлигига кафолат беради. Шунга мувофиқ равишда мулкдорнинг мол-мулкини мажбуран тортиб олишга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳолларда бундан мустаснодир.
2. Ўзбекистон Республикаси мулкий ҳуқуқни бекор қиладиган қонун ҳужжатларини қабул қилган тақдирда ана шу ҳужжатлар қабул қилиниши натижасида мулкдорга етказилган зарар ихтиёрий равишда ёки суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси томонидан мулкдорга тўла ҳажмда тўланади.
3. Ўзбекистон Республикаси фуқароларга, ташкилотларга ва бошқа мулкдорларга мулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун тенг шароитларни яратиб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
38-модда. Мулкий ҳуқуқнинг ҳимоя қилиниши
1. Мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонунларига мувофиқ талаб қилиб қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир.
2. Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса-да, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.
3. Мулкий ҳуқуқни ҳимоя қилиш суд, давлат ҳакамлиги ёки бошқа бетараф суд томонидан амалга оширилади.
4. Ушбу моддада кўзда тутилган ҳуқуқлар гарчи мулкдор бўлмаса ҳам, мулкдан тўла хўжалик юритиш, уни оператив бошқариш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки қонунда ёхуд шартномада кўзда тутилган бошқа ҳолларда, мол-мулкка эгалик қилувчи шахсга ҳам тааллуқлидир. Бу шахс ўз эгалигини мулкдордан ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Кейинги таҳрирга қаранг.
39-модда. Мулкдорнинг ҳуқуқи қонуний равишда тўхтатилган тақдирда унинг манфаатларини ҳимоя қилиш
1. Мулкдорга қарашли уй, бошқа бинолар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиниши муносабати билан ёки давлат идорасининг мулкдор мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган бошқа қарори муносабати билан мулкдорнинг ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга фақат Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибдагина йўл қўйилади. Бунда мулк ҳуқуқи тўхтатилиши оқибатида етказилган зарар мулкдорга батамом тўланади.
Мулкдор норози бўлган тақдирда низо суд, давлат ҳакамлиги ёки бошқа бетараф суд томонидан ҳал этилмагунича, мулк ҳуқуқининг тўхтатилишига олиб борадиган қарор амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ барча масалалар ҳам низони кўриб чиқиш жараёнида ҳал этилади.
2. Мулкдор мол-мулкининг давлат томонидан олиб қўйилишига мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш шу мулкка қаратилган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда, шунингдек реквизиция ва мусодара тартибида йўл қўйилади.
Табиий офатлар, фалокатлар, юқумли касалликларнинг тарқалиши, ҳайвонларда касалликнинг кенг ёйилиши ва фавқулодда рўй берадиган бошқа ҳолатларда мол-мулк давлат ҳокимияти идораларининг қарорига биноан жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда мулкдордан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар билан мажбурий тарзда олиб қўйилиши (реквизиция қилиниши) мумкин ва унга мулкнинг қиймати тўланади.
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда суднинг, давлат ҳакамлигининг қарорига биноан мол-мулк мусодара қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
40-модда. Мулкдорларнинг ҳуқуқини бузувчи ҳужжатларнинг ҳақиқий эмаслиги
Давлат бошқаруви идораси ёки давлат ҳокимияти маҳаллий идораси томонидан қонунга хилоф бўлган ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида мулкдорнинг ва бошқа шахсларнинг ўзларига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш борасидаги ҳуқуқлари бузилган тақдирда бундай ҳужжат мулкдорнинг ёки ҳуқуқи бузилган шахснинг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилади.
Мазкур ҳужжатларни чиқариш оқибатида фуқароларга, ташкилотлар ва бошқа шахсларга етказилган зарарлар тегишли ҳокимият ёки бошқарув органи ихтиёридаги маблағ ҳисобидан тўла-тўкис қопланиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов
Тошкент ш.,
1990 йил 31 октябрь,
152-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1990 й., 31-33-сон, 371-модда; 1991 й., 11-сон, 273-модда; 1993 й., 5-сон, 235-модда; 1994 й., 11-12-сон, 285-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 118-модда; 1997 й., 2-сон, 56-модда; 2003 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 978-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 25.10.2023 й., 03/23/871/0797-сон; 09.09.2024 й., 03/24/957/0689-сон; 07.02.2025 й., 03/25/1025/0116-сон; 17.03.2026 й., 03/26/1122/0250-сон)