1994 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан ТАСДИҚЛАНГАН
«Дўстлик» ордени тўғрисидаги
НИЗОМ
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.20.00.00 Давлат мукофотлари. Юқори даражалар ва фарқловчи белгилар]
1. «Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантирганликлари учун мукофотланадилар.
«Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.10.00.00 Ўзбекистон Республикаси Президенти / 01.10.02.00 Ваколат]
2. «Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси Президенти мукофотлайди. Орден билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармон матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентини «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан амалга оширилади.
3. «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг ҳамда жамоат бирлашмалари республика органларининг тақдимномасига биноан амалга оширилади.
(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
4. «Дўстлик» орденини ва бу мукофотга оид тегишли ҳужжатни тантанали ва кенг ошкоралик вазиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири топширади.
(4-модда Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
5. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
6. «Дўстлик» ордени кўкракнинг чап томонига тақилади.
7. «Дўстлик» ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда орден, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.
1994 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан ТАСДИҚЛАНГАН
«Дўстлик» ордени 1 микрон қалинликда тилла қопланган томпакдан тайёрланади ва у бир-бирига жойлаштирилган турли катталикдаги, маркази битта бўлган иккита саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлади. Катта ва кичик юлдузлар оралиғи мовий эмаль билан тўлдирилган. Юлдузнинг бурчаклари орасида таралувчи зарҳал, учлари юмалоқланган нур тутамлари жойлашган. Катта юлдузнинг қарама-қарши қирралари оралиғи 47 миллиметр, кичик юлдузнинг қарама-қарши қирралари оралиғи эса 41 миллиметр.
Орденнинг марказида, диаметри 12 миллиметрли доира ичида оқ кумушранг фонда қўлни қўлга бериб кўришиш рамзий тасвирланган бўлиб, қўллар тасвирининг айрим ерлари зарҳалланган. Тасвир атрофида, мовий эмаль берилган фонда ўн икки инсоний фазилат рамзи сифатида ўн иккита кумушранг юлдуз жойлашган. Сатҳида юлдузлар жойлашган доира диаметри 24 миллиметр. Бутун тасвир атрофида айлана жойлашган бўлиб, унинг юқори қисмига қизил эмаль билан нақш этилган «DO'STLIK» деган ёзув, пастки қисмига эса зарҳал дафна барглари жо бўлган. Айлана диаметри 33 миллиметр.
Орден мовий, яшил, сариқ, қизил рангли, бир-биридан оқ йўл билан ажратилган, эни бир хил рангдор йўлли шойи лента сирилган қадағичга ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади.
(«Дўстлик» орденининг тавсифи Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 май, 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 5-сон, 117-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; 2017 й., 37-сон, 978-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)